Ўрмон хўжаликларида илк марта 64 та биолабораториянинг ташкил этилиши соҳада ўзига хос ислоҳот бўлди

10.09.2020, 17:33

Ўрмон хўжаликларида илк марта 64 та биолабораториянинг ташкил этилиши соҳада ўзига хос ислоҳот бўлди

Кейинги йилларда мамлакатимизда экологик муҳитни янада яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Айниқса, мавжуд ўрмонларни асраш, ўрмонларни кўпайтириш юзасидан тизимли тадбирлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган йиғилишда айни масала атрофлича муҳокама қилинди. Ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги бугунги куннинг долзарб масаласига айланди. Шунинг учун ҳам охирги уч йилда соҳада иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар қамрови кенгайтирилди, натижада мамлакатимиз ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди.

Хусусан, бу борада ишларни юқори босқичга кўтаришда фойдаланилмай турган ерларга асосий эътибор қаратилмоқда. Масалан, Орол денгизининг 1,2 миллион гектар қуриган тубида ихота дарахтзорлари барпо этилди, оборотдан чиқиб кетган 10 минг гектар ўрмон хўжалиги ерлари ўзлаштирилди, 5 ярим минг гектарда ёнғоқ, 4 минг гектарда озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Ўрмон хўжаликларида илк марта 64 та биолабораториянинг ташкил этилиши ҳам соҳадаги ўзига хос жадал қадам бўлди.

Тўғри, хали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги бор гап. Жумладан, соҳага хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон ерларини ўзлаштириш, йилқичилик, чорвачилик, уруғчилик, кўчатчилик, туризмни кенг йўлга қўйиш керак.

Мебелсозлик корхоналари тобора кўпайиб бормоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда хомашёнинг 90 фоизини импорт қилаётганидан келиб чиқиб, уларга кластер усулида павловния ва бошқа мебелбоп дарахтлар етиштириш учун ер ажратилиши мақсадга мувофиқ. Ўрмон фонди ерларини ўзлаштиришга ҳам субсидия ва имтиёзлар жорий этиш, хусусан, суғориш насослари харид қилиш, қудуқлар қазиш ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ортга бир назар ташласак. Ўтган йили доривор ўсимликлар плантацияси 2 минг гектарга етказилган эди. Келгусида бундай майдонларни 5 минг гектарга етказиб, ҳосилни 8 минг тоннагача ошириш зарурлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Шу ўринда Президентимиз таъкидлаганидек, бу соҳада туризм фаолиятини ҳам кенг йўлга қўйиш зарур. Чунки ўрмонлар сайёҳлар учун ҳам қизиқ. Албатта, маблағ ҳам аҳамият касб этади. Масалан, ўтган йили экотуризм ва ов туризмидан жами 1 миллиард сўм тушган. Лекин бу кам. Туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта захиралар мавжуд. Борики имкониятларни ишга солиб, экология ва ов туризмидан даромадларни 10-15 бараварга ошириш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳа тараққиёти учун жон куйдириб айтган мулоҳазаларини топшириқ деб билишимиз зарур. Вазифаларга қай даражада масъулият билан ёндашсак, уларнинг ижросида шу даражада самарадорликка эришамиз.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    927
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+