Фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилмоқда

17.09.2020, 17:32

Фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликлари  кенгайтирилмоқда

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Айниқса, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин бахс-мунозараларга сабаб бўлди.

Негаки, виждон ва дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси амалдаги сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади. Шу жиҳатдан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни яратиш ва доимий такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Бинобарин, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси 6 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, бир қатор ўзгартиришларни ўз ичига олади. Лойиҳада “диний таркибий материаллар”, “ноқонуний диний фаолият”, “диний ташкилот” ва бошқа шу каби тушунчаларга таъриф берилган. Қолаверса, виждон эркинлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва тамойиллари ҳамда ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатлари баён этилган.

Мазкур ҳужжат шуниси билан аҳамиятлики, у қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазиятни, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий-тарихий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Эътиборли жиҳати, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олган .

Ушбу омиллар мамлакатимизда яшовчи миллатлар ва элатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турли диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлайди.  Биргина “диний либос” тўғрисидаги нормани олиб ташланиши, сўнгги йиллардаги диний бағрикенглик бўйича қилинаётган ўзгаришларнинг мантиқий давоми сифатида мазкур ўзгариш Ҳукуматнинг ижобий имижига яхши таъсир қилиши, инсонларда ишончни янада мустаҳкамлаши, шубҳасиз.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши биринчидан, мамлакатимизда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашга, иккинчидан фуқароларнинг диний ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    559
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+