“O’zLiDeP PRESS KLUBI”да Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокама қилинди

24.09.2020, 10:51

“O’zLiDeP PRESS KLUBI”да Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокама қилинди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тадбиркорлар ва ишбилармонлар, аҳоли муаммоларини ечимини излашга қаратилган бир қатор вазирликлар, мутасадди ташкилотлар, депутатлар иштирокида “O’zLiDeP PRESS KLUBI” лоҳаси ўтказиб келинмоқда.

Пресс клубнинг навбатдаги сони “Тадбиркорлик кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш масалаларига бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, партия сайловолди дастурида бизнес юритишнинг олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари мавжудлигини инобатга олиб ҳамда давр талабларидан келиб чиқиб тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида ягона Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда мазкур кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш мақсадида қонунчиликдаги мавжуд тартибларни соддалаштириш, муаммоларни соҳа вакиллари, жамоатчилик ва ижро органлари ўртасида муҳокама қилишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳага оид қатор вазирлик ва ташкилотлар, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятида учраётган мавжуд муаммолар ҳамда тадбиркор ва давлат органлари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш масалаларига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўтган тўрт йил давомида салмоқли ишлар амалга ошрилди. Ушбу амалий ишларнинг бир қисми соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўлса, яна бир қисми эркинлаштириш билан боғлиқ. Бугунги кунда соҳадаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган амалий ишлар натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнлари кескин соддалаштирилди. Бироқ, корхоналар томонидан фаолиятни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларнинг ҳалигача сақланиб қолаётганлиги тадбиркорлик субъектларининг узоқ муддат давом эттиришида салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бунинг сабаблари таҳлил қилинганда тадбиркорликни амалга оширишда ҳуқуқни қўллаш жараёнларининг мураккаблиги, бюрократик тўсиқларнинг ҳали ҳам мавжудлиги, айрим фаолият турларига рухсат бериш тартиб таомилларининг қийинлиги билан изоҳланмоқда.

Пресс клуб иштирокчилари тадбиркорлик соҳасига оид бўлган қонунчилик хатловдан ўтказилганда бугунги кунда 14 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар мавжудлиги ва уларнинг кўплигидан тадбиркорлар фаолиятига қийинчилик туғдираётганлигини эътироф этишди.

Партия шу каби муаммоларни олдини олиш, соҳани ривожлантириш учун энг аввало унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва ягона тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳаракатларини бошлаб юборди.

Тадбиркорлик кодекси барча давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, тадбиркорлар билан биргаликда ва ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқиляпти ва унда қатор устувор вазифалар белгилаб олинмоқда.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолият турларини амалга ошириш учун рухсат бериш меъзонлари, мазкур соҳани давлат томонидан тартибга солиниши, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳуқуқий ва иқтисодий муносабатлар тизими, имтиёзлар ва бошқа қатор вазифалар кўзда тутилган.

Тадбир давомида қатор вазирлик ва ташкилотлар, депутатлар, тадбиркорлар ва ишбилармонлар томонидан соҳага оид кўплаб таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди ҳамда мазкур кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда билдирилган таклифлар ҳужжатда ўз аксини топиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+