Ўзбекистон – БМТ: инсоният келажаги ва глобал ҳамкорлик истиқболларига қаратилган ҳаётий ташаббуслар

24.09.2020, 11:25

Ўзбекистон – БМТ: инсоният келажаги ва глобал ҳамкорлик истиқболларига қаратилган ҳаётий ташаббуслар

Куни кеча барчамиз давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги тарихий нутқини ҳаяжон билан тингладик.

Президентимизнинг юксак минбардан туриб, ўзбек тилида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан билдирган муҳим ташаббуслари ўз аҳамияти жиҳатидан жаҳон ҳамжамиятининг катта эътибори ва эътирофига сазовор бўлишига шубҳа йўқ. Зеро, бундан роппа-роса уч йил олдин давлатимиз раҳбарининг ушбу нуфузли минбардан туриб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид бешта таклифининг аксарияти ҳозирга қадар амалга ошганини таъкидлаш кифоя.

БМТнинг бугунги юбилей сессияси инсоният келажаги, дунёдаги мавжуд тенденциялар ва глобал ҳамкорлик истиқболларига қаратилгани билан тарихда қоладиган бўлди. Энг асосийси бунда Ўзбекистон томонининг аниқ позицияси ва эзгу қарашлари яна бир бор дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратди. Шундай бўлиши табиий. Чунки, таклифлар айни пайтда бутун инсониятни ҳамда ер юзидаги мамлакатларни ташвишга солиб келаётган муаммоларни ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал этишга қаратилган чақириқ, даъват десак муболаға бўлмайди.

Мисол учун давлатимиз раҳбарининг қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш борасидаги таклифи ниҳоятда ўринлидир. Қайси маънодаки, аҳоли камбағаллиги – дунёнинг деярли барча давлатларида мавжуд. Ҳар бир давлат камбағаллик билан ўз дастури асосида курашиб келмоқда. Бу масалага халқаро миқёсида аҳамият қаратиш, жаҳон мамлакатларининг бутун куч ва имкониятларини БМТ атрофида бирлаштириш ушбу муаммони ечишга хизмат қилади.

Эътиборга молик жиҳати камбағалликни олдини олишга дунё давлатлари турлича ёндашувлар мавжуд. Лекин уларнинг аксарияти ўзини оқламаяпти. Нега? Чунки айрим мамлакатлар ҳали-хануз камбағалликни камайтириш учун натижадорлиги паст бўлган субсидия ва турли ёрдамлар бериш услубидан воз кечмаяпти. Бу эса, бугунги кунда ўзини умуман оқламайди. Агар масалага Ўзбекистон мисолида ёндашадиган бўлсак, камбағал аҳолининг ишсиз қисмини тадбиркорлик ва бошқа иш ўринлари билан таъминлаш энг тўғри йўл эканлигини кўриш мумкин. Шу йўлни танлаган, уни янада қўллаб-қувватлаётган давлатлар аллақачон дунёнинг энг тараққий этган 20 та мамлакати сафидан муҳим жой олган. Бу давлатларни ҳаммамиз яхши биламиз. Кейинги уч йилда мамлакатимизда ҳам бунга жиддий эътибор қаратилаяпти. Кам таъминланган аҳолининг асосий қисми қишлоқларда яшагани сабабли уларга томорқалардан унумли фойдаланиш имконияти яратилаётгани яқин келажакда ўзининг самарасини яққол кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз илгари сурган барча фикр ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг БМТдек нуфузли ташкилот билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда янгича мазмун-моҳият касб этаётганини, қолаверса, янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган очиқ-ошкора, прагматик ички ва ташқи сиёсат нақадар тўғри эканлигини жаҳон ҳамжамиятига яна бир бор намоён этди.

Шаҳноза ХОЛМАХМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLIDeP фракицяи аъзоси

  • Кўрилди
    583
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+