Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш иқтисодиётнинг қон томири

25.09.2020, 17:40

Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш иқтисодиётнинг қон томири

Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида унинг қон томири бўлган транспорт-логистика тизими жуда муҳим ўрин тутади. Самарадор логистика тизими ички бозорда тайёр маҳсулот ва хом-ашё ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун қулай шароит ва арзон нархларда етказиб берилишини таъминлайди, бозордаги рақобатни рағбатлантиради. Ташқи бозорда эса мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини оширади ва жаҳон иқтисодиётига интеграция жараёнини тезлаштиради.

Шу маънода Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 75-сессиясидаги Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш борасидаги таклифи ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз.

Айтиш керакки, транспорт-логистика самарадорлигини ошириш транспорт-жўғрофий ноқулай жойлашган ва энг арзон транспорт тури бўлган денгиз портларига тўғридан-тўғри, ҳатто чегарадош давлатлар орқали ҳам чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакатлар учун айниқса муҳимдир.

Маълумки, Марказий Осиё минтақасининг транспорт-транзит салоҳияти унинг тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи кўприк вазифасини ўтаган Буюк ипак йўлининг марказидаги геостратегик жойлашуви билан белгиланади. Йирик халқаро бозорларни ўзаро бирлаштирувчи энг қисқа йўналишлар айнан мана шу минтақа орқали ўтган.

Марказий Осиёда қўшимча юк ташиш оқимларини жалб этиш имконини берувчи янги транспорт ва транзит йўлакларини шакллантириш, транспорт ва логистика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб, халқаро логистика марказлари тармоғини яратиш, минтақа транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш учун хорижий мамлакатлар портларидан самарали фойдаланиш услубларини шакллантириш, Марказий Осиёда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини бирлаштирувчи муҳим транзит йўл бўлиб хизмат қиладиган ягона интеграциялашган хабни яратиш масалалари минтақамиз учун долзарб аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси бу борадаги ишларни жадаллаштиришга хмзмат қилади, десак муболаға бўлмайди. 

Қолаверса, ушбу ташаббус Ўзбекистонга Осиё-Тинч океани минтақаси ва Хитойдан Ҳинд океани портлари (Покистон, Ҳиндистон)га, Европа Иттифоқи, Россия, Кавказдан Ҳинд океани портлари (Покистон, Ҳиндистон)га чиқиш йўналишлари бўйича халқаро транзит юк ташишда иштирок этиш, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон янги транспорт йўлагини яратиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг янги истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш, Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудлари бўйлаб транзит юк ташишга бўлган ягона тарифларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имконини беради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббус бугун Марказий Осиё давлатлари олдида турган стратегик вазифа – минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашга хизмат қилади.

Қаҳрамон Эргашев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1036
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Насирова Шаира Нармурадовна Кармана туман Кенгаши депутати2020-09-25 20:17:38

Ҳақиқатдан давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббус бугун Марказий Осиё давлатлари олдида турган стратегик вазифа – минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашга хизмат қилади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+