Меҳнатлари қадр чўққисига кўтарилаётган устозларга таъзимдамиз!

30.09.2020, 15:39

Меҳнатлари қадр чўққисига кўтарилаётган устозларга таъзимдамиз!

Улуғ мутафаккир, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг шундай ибратли сўзлари бор: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ”. Айни фикр машаққатли, олижаноб касб эгалари фаолиятига берилган юксак баҳодир. Аслида ҳам барчамиз ўзимиздаги жамики яхши фазилатлар, ҳаётда эришаётган барча ютуқларимиз учун устозлардан умрбод қарздормиз. 

Маълумки, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу масалага давлат миқёси даражасида улкан эътибор қаратилмоқда. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган бир неча муҳим қарорлар қабул қилингани йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга, ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантиришга  хизмат қилди.

Жумладан, айтиш жоизки, 2017 йил 30 сентябрда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ юртимизда биринчи марта Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Шу асосда ўтган қисқа даврда ушбу тизим тубдан янгича негизда иш бошлади. Янги боғчалар қурилиб, ишга туширилгани, бу масканларда таълим-тарбия ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан энг илғор усул ва воситалар ёрдамида олиб борилаётгани катта ютуқ бўлди йўналишда.

Шу ўринда яна бир муҳим ҳужжат тўғрсида айтишни лозим топдик. 2018 йил 14 августда қабул қилинган Президент қарорига биноан бошланғич ва юқори синф ўқитувчиларининг маошлари тенглаштирилди. 2019 йилдан бошлаб мутахассис ўқитувчиларнинг оширилган ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифали педагогларники эса 64 фоизга етказилди. Мана, қаранг, давлатимиз, муҳтарам Президентимиз устозларга қай даражада юксак баҳо бермоқдалар. Меҳнатларини қадр чўққисига кўтармоқдалар.

Педагог ходим учун алоҳида намунавий арзон уй-жойлар, автотранспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида узоқ муддатли имтиёзли кредитлар бериш ишлар бошланди. Уларнинг оила аъзоларига эса тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси фидойи хизматларга берилган юқори баҳодир.

2019 йил
 5 сентябрда қабул қилинган “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони юқорида айтганимиз ишларнинг мантиқий давоми сифатида соҳа тараққиётида янги уфқлар очиб берди. Унга кўра, халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, нодавлат умумтаълим масканлари тармоғини янада ривожлантириш, “Замонавий мактаб” давлат дастурини тайёрлаш, ишлаб турган пенсионер ўқитувчиларга пенсияларини тўлиқ миқдорда тўлаш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим-тарбия соҳасидаги бу каби эзгу ва хайрли ишларнинг фидойи бажарувчилари бўлган устоз ва муаллимларни кириб келаётган 1-октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин дилдан муборакбод этмоқчиман. Машаққатли фаолиятлари ҳамиша эътирофга муносиб. Биз Сизларнинг меҳнатларингиз қошида ҳамиша таъзимдамиз, азиз устозлар!

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    599
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+