Маҳалла фуқаролар йиғинларининг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиляпмиз

13.10.2020, 14:50

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиляпмиз

Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 26-27 июнь кунлари вилоятимизга ташрифлари чоғида маҳаллалар фаолияти бўйича ҳам қатор ташаббуслар илгари сурилган эди. Фаоллар билан учрашувда Наманган вилоятида маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида эксперимент ўтказиш, ёш, салоҳиятли, халқнинг дардини тинглайдиган ва маҳалладаги муаммоларни кўтариб чиқиш, ечимини топишни биладиган ёшларни маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлатиб кўриш юзасидан билдирилган таклифлар асосида вазифалар белгиланганди. Албатта, мазкур ишларни амалга оширишда биз депутатлар ҳам сайловчиларга елкадош бўлишимиз зарур. Шунинг учун ҳам Уйчи туманида имкон қадар ўрганиш ишларини олиб боришга ҳаракат қилдим.

Туманда 56 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларда аҳоли бандлигини таъминлашга ва расмийлаштиришга кўмаклашиш, эҳтиёжманд ва камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, нотинч оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари, содир этилган жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларни камайтириш, томорқа ер участкаларидан унумли фойдаланиш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкиллашга кўмаклашиш, аҳоли муаммоларини мутасаддиларга етказиш бўйича олиб борилган чора-тадбирларни ўргандик.

Албатта, етарлича камчиликларга дуч келдик. Хусусан, 20 нафар МФЙ раисининг фаолияти талаб даражасида эмас! 

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ ҳамда баҳолаш натижаларига кўра “қониқарсиз” деб топилган, салбий ҳолатларга исталганча дуч келиш мумкин бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг фаолияти маҳаллаларда аҳоли вакилларининг йиғилишларида босқичма-босқич танқидий муҳокама этилди ва қонун талаблари асосида сайловлар ўтказилди. 20 та МФЙда ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган ёшлар орасидан раислар сайлангани ютуғимиз бўлди. Тўғри-да, ишлайдиган, юраги ёниқ кадрлар керак жамиятга! 

Қиёсий натижага юзлансак. “Соку” маҳалласида 815 та хонадон, 890 та оила бўлиб, уларда 2905 нафар киши истиқомат қилади. Маҳалла раиси жонкуяр ва ташаббускор, соҳада ўн йилдан ортиқ тажрибага эга Ибодилла Атабоев жорий йилнинг ўтган даврида 6 та ёзма, 20 дан ортиқ оғзаки мурожаат қабул қилинганлигини таъкидлади. Бу рақамлар аслида камдек назаримда. Аммо раиснинг ташкилотчилик қобилияти аъло даражада. Масалан, МФЙ яқинда маҳаллий бюджет маблағи ҳамда ҳомийлар кўмаги билан бунёд этилган замонавий бинода фаолият бошлади. Ҳудуддан сайланган депутатлар учун алоҳида хона ташкил қилинган. 

Фаолияти “қониқарсиз” деб топилган “Навоий” МФЙга янги, таълим соҳасида фаолият олиб борган Ҳасанбой Тўрабоевга раислик учун ишонч билдирилди. Ҳудуддаги 10 та кўчада 881 та хўжалик, 2306 та оила истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида 230 та мурожаат келиб тушган. Бироқ фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, қонуний ечимини топишда маҳаллий Кенгашлардан сайланган депутатлар, жамоатчилик ролини ошириш бўйича ҳамкорлик йўқ. Муаммолар ҳам тўпланиб қолганидан қай бирини биринчи бартараф этишга ўйланади одам. Янги раис аввалги хатоларни такрорламаслик учун таҳлил ва янги режалар билан иш бошлаши керак. Бу борада депутатлар ҳам кўмакка тайёр эканлигимизни билдирдик.

Маҳаллаларда “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларининг юритилиши юзасидан ҳам тарғибот ишларини олиб бордик. Мазкур дафтарларга киритилаётган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Имкон қадар уларга муаммолари бўйича кўмаклашяпмиз.

Тажриба муайян тизим учун пиллапоядир. Интилиш, ташаббус унинг қанотларига айланади. МФЙларнинг янги раислари айни ҳақиқатга таянишлари муҳим. Бундан ташқари, муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишда ўзаро ҳамкорлик, мурожаатларни эътиборсиз қолдирмаслик ва зарур вақтда депутатлик сўрови орқали муаммоларга ечим топиш халқимиз розилиги йўлида алоҳида аҳамиятга эга.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати, 

O'zLIDeP фракцияси аъзоси.

 

  • Кўрилди
    208
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+