Тадбиркор Феруза Каримова “Ишбилармон аёл - 2020” кўрик-танловининг Қарши шаҳар босқичи ғолиби бўлди

13.10.2020, 17:42

Тадбиркор Феруза Каримова “Ишбилармон аёл - 2020” кўрик-танловининг Қарши шаҳар босқичи ғолиби бўлди

Аслида  ўз меҳнати билан жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган аёлларнинг ҳаммаси ҳам ишбилармон, ҳаммаси ҳам элнинг дуосини олишмоқда. Бу танлов эса улар орасидан энг муносибини, энг ишбилармонини аниқлайди. Бундай шарафга эга бўлиш эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

“Ишбилармон аёл-2020” кўрик-танловининг Қарши шаҳар босқичи иштирокчилари ҳам бу нуфузли мусобақага ана шу шарафли ўрин учун астойдил кураш олиб боришди. Тан олиш керак, Қарши шаҳрида тадбиркор аёллар, ўз бизнеси билан шаҳар иқтисодиёти ривожига улкан ҳисса қўшаётган хотин-қизлар жуда кўп. Шу боис, улар орасидан ғолибларни аниқлаш ҳакамлар ҳайъатига анчагина қийинчиликлар туғдирди. 

Ниҳоят “Фер Дел Омад Устоз” ўқув маркази ва “Алмаз ҳамкор транс сервис” хусусий корхонаси раҳбари Феруза Каримова “Ишбилармон аёл-2020” кўрик-танловининг Қарши шаҳар босқичи ғолиблигини қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. Бу тадбиркор аёл очган ўқув марказида хотин-қизлар 6 нафар тажрибали ўқитувчи қўл остида 12 та йўналишда ҳунар ўрганишмоқда. Тикувчилик, пазандалик, наққошлик, уй ҳамшираси, ёшлар модаси ва дизайни, элита парда дизайнири ва бошқа турмушимиз учун зарур бўлган ҳунарлар ўргатилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, бу ўқув марказида ҳар йили 500 нафарга яқин хотин-қиз таҳсил олиб, ўз бизнесини очмоқда.

-Бу танловнинг мен учун аҳамияти жуда катта,- дейди Феруза Каримова. – Сабаби қилаётган меҳнатим, фаолиятимнинг сарҳисоби ана шу танловдаги иштироким ва муваффаққиятим билан белгиланади. Том маънода танлов биз каби ишбилармон аёлларни эътироф этади. Эътирофга муяссар бўлиш эса ҳар бир тадбиркор учун катта шараф

Танловнинг Қарши шаҳар босқичида иккинчи ўринини “Ободфайз барака” МЧЖ раиси Гавҳар Маҳмудова, учинчи ўринини эса спортчи-тадбиркор Лола Ғузорова қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ҳамда дипломлари билан тақдирланишди.

O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    698
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+