Таълим ислоҳотларини жадаллаштириш — уни юқори поғонага кўтаришга хизмат қилмоқда

04.11.2020, 12:20

Таълим ислоҳотларини жадаллаштириш — уни юқори поғонага кўтаришга хизмат қилмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз келажаги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлайдиган миллий элита ёшларни тарбиялаш бўйича давлат сиёсати юритилаётгани ва таълимга концептуал ёндашилаётгани яқин йилларда иқтисодиётимизнинг барча соҳаларини инновацион фикрлайдиган мутахассис-кадрлар билан таъминлаш имконини беради.
 
Бу мақсадга эришиш учун Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим омиллар белгиланмоқда. Бу омиллар ичида таълим соҳасида рақобат муҳитини яратишга олиб келувчи хусусий таълим муассасалари очилиши, ёшларнинг инновацион билим ва фанни эгаллаш учун хорижий университетларда таҳсил олиши, айниқса, Президент мактабларининг ташкил қилиниши таълим ислоҳотларини жадаллаштириш ва уни юқори поғонага кўтаришга хизмат қилмоқда.
 
Ватанимизнинг порлоқ келажаги, равнақи ва барқарорлиги, дунё мамлакатлари ичида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши сўзсиз инновацион билимларни эгаллаган, бошқача айтганда, инсон капитали соҳиби бўлган бугунги ёшлар қўлида.
 
Шу сабабли ёшлар тарбияси йўлида кечиктириб бўлмайдиган муҳим қадамлар ташланмоқда. Хусусан, жорий йил 30 октябрда Президентимиз раислигида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳага оид бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди. 
 
Бу эса ёшларимизнинг илм-фан бобида янада ғайрат-шижоат кўрсатишларига катта туртки беради. Президентимиз таъбири билан айтганда, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.
 
Ҳозирда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдевори яратилмоқда. Бу пойдеворнинг мустаҳкам бўлишида устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлиларнинг ўрни беқиёсдир.
 
Яқинда Президентимизнинг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. 
 
Фармон лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган.Ҳақиқатан ҳам, таълим сифати ҳар бир ўқитувчининг малакаси ва ўз касбига фидойилигидан ташқари, жамиятнинг таълимга муносабатига ҳам бевосита боғлиқдир.
 
Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида, хусусан, ёшлар масаласи бўйича олиб бораётган сиёсати туфайли Ўзбекистонда таълим, фан ва технологияларнинг янги поғонага чиқишига мустаҳкам замин яратилмоқда. 
 
Ана шу пойдевор асосида таълим сифати ва самарадорлиги ижобий томонга кескин ўзгаради, инновацион билим ва фанни шакллантирадиган илмий технологик инфратузилмалар шакллантирилади, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда минглаб интеллектуал даражаси юқори ёш кадрлар тайёрланади, улар юртимизнинг жаҳон интеллектуал мулк бозоридаги мавқеини юксалтиради. Таълим ислоҳотларидан кўзланаётган асосий мақсад ҳам шудир. Шунинг учун ҳам мактаб – билим, тарбия ва маънавият масканидир!
 
Нафисахон ЭЛЧИЕВА,
 
OʼzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши аппарат раҳбари,
 
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати
Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    456
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+