Янгиланаётган Қорақалпоғистон: ўзгаришлар одамлар қалбида келажакка катта умид уйғотяпти

12.11.2020, 17:30

Янгиланаётган Қорақалпоғистон: ўзгаришлар одамлар қалбида келажакка катта умид уйғотяпти

Бундан уч-тўрт йил аввал Мўйноқ деса, Орол тарк этган, туз конига айланган олис туман кўз олдимизда гавдаланар эди. Одамлар Мўйноқда денгиз эмас, балки чўл бор деб, айтишарди. Бугун бу ердаги ўзгаришлар одамлар қалбида ҳаётга, келажакка катта умид уйғотмоқда. Халқнинг кайфияти анча кўтаринки, кунда-кунора янгиликлар бўлиб турибди. 

Бинобарин, сўнгги йилларда Мўйноқни ривожлантириш, Орол фожиасидан жабр кўраётган аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича катта ишлар қилинди. Мўйноқ туманини 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 1 трлн. 485 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилди. 

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қисқа вақтда бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, туман марказида 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зали, ёпиқ бассейн қурилди, маданият маркази ва стадион, «Бозатау» овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди. 
Айтиш ўринлики, бугун бу борадаги ишлар тизимли равишда давом этмоқда. Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш, хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича муҳим ва амалий тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш ишлари билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистон дипломатиясининг муҳим ютуқларидан бири бўлди. 

Яна бир муҳим жиҳат. Президентимиз жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди. Шу мақсадда янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланди.

Ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда. Эътиборлиси, ривожланишдан ортда қолаётган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари ҳамда 45 та шароити оғир маҳалла, овулларда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги ташкил этилган корхоналар ҳам имтиёзларга эга бўлаётир. 
Куни кеча Президентимиз раислигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижросини тизимли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Видеоселектор йиғилишида 17 та туман ва шаҳарнинг ўзига хос «ўсиш нуқта»ларидан келиб чиқиб, 2020-2022 йилларда умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани, 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, қарийб 20 мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжаллангани таъкидландики, бу қисқа вақт ичида Қорақалпоғистонда ҳамма соҳада улкан ўзгаришлар бўлишидан далолат беради. 

Чунончи, дастурда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, «Қорақалпоқ-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш шулар жумласидандир. Қолаверса, кунжут етиштириш ва наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, Хўжайли туманини чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш кўзда тутилган.

Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳият бор. Ҳудудда ҳосилдор ерлар, деҳқончиликни яхши биладиган омилкорлар кўпчиликни ташкил этади. Лекин қатор ҳудудларда сув масаласи жиддий муаммо. Шу боисдан бу ҳудудларда йилига 2,5 миллиард куб метр сувни тежаш чоралари кўрилади. Бунинг учун 14 минг 200 километр каналларни таъмирлаш, 45 минг гектар экин майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этиш, сув ажратиш нуқталарида ҳисоблагичлар ўрнатиш, 38 минг гектар майдонни лазер ёрдамида текислаш ғоят муҳимдир. 

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Дастурда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари бўйича алоҳида чоралар назарда тутилган. Масалан, бу туманларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 2021-2023 йилларда 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу лойиҳаларнинг ишга тушиши ҳисобига албатта, янги-янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилади. Ахир одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак!

Бу борада шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда умумий қиймати 2 триллион 340 миллиард сўм бўлган 150 та лойиҳа амалга оширилиши, ушбу лойиҳаларга бериладиган кредитларнинг фоиз харажатлари Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан компенсация қилинишини албатта, Қорақалпоқ халқига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Шак-шубҳасиз бу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан Қорақалпоғистонда ҳам беқиёс янгиланишлар бўлади, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. 

Йиғилишда Қорақалпоғистон туман ва шаҳарлари қиёфасини янгилаш, йўллар ва уй-жойлар қуриш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Энди кейинги 3 йилда 856 километр автомобиль йўллари қурилиб, таъмирланади. 2 минг 500 километр ичимлик суви тармоқлари қурилиши ҳисобига таъминот даражаси 70 фоизга етказилади. Энг асосийси, 7 минг квартирали 235 та, ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун 2 минг 84 квартирали 36 та арзон кўп қаватли уй қурилади. 

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Қорақалпоғистонда барча соҳаларда катта ўзгаришларни кўриш мумкин. Аввал ривожланишдан орқада қолган овулларда шаҳарликлар ҳам ҳавас қиладиган даражада уйлар, таълим ва соғликни сақлаш муассасалари, болалар боғчалари қурилди. Ўтган йиллар давомида ҳудудда таъбир жоиз бўлса, одамларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмайдиган оламшумул ўзгариш ва янгиланишларга юз тутди. Ҳозир республика ўз марказида ғурур ва ифтихор ҳиссини туядиган мажмуаларга эга бўлиб бормоқда. 


Бахытбай АЛДАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    562
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+