Форумда тадбиркорларни қийнаётган ўнлаб муаммолар муҳокама қилинди

26.11.2020, 14:30

Форумда тадбиркорларни қийнаётган ўнлаб муаммолар муҳокама қилинди

Жондор туман ҳокимлигида O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Сиёсий таълим ва депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими томонидан маҳаллий Кенгаш депутатлик гуруҳларининг жойларда пандемия даврида аҳолини бандлигини таъминлаш, бизнес субъектларининг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инвестицион лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишдаги муаммолар ва бошқа шу соҳага тегишли масалалар юзасидан “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми  бўлиб ўтди.

O‘zLiDeP вилоят ва туман Кенгашлари фаоллари, депутатлар, шунингдек,  прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорларни мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, адлия, кадастр сингари ташкилотларнинг тумандаги мутасаддилари, қолаверса, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ва  тижорат банкларининг вакиллари иштирокида кечган форумда асосий эътибор коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада  ривожлантириш бўйича карантин қоидаларига амал қилган ҳолда жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ўрганиб, уларни жойида ҳал этишга қаратилди.

Тадбирда тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, оилавий тадбиркорлар, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёллар муаммолари билан тўғридан тўғри мурожаат этишди.

Мурожаатларнинг асосий қисми банкдан кредит ажратиш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ер ажратиш масалаларида бўлди.

Қалмоқ МФЙ ҳудудида яшовчи Жамол Ахмедов келини ва қизига имтиёзли кредит асосида тикув машинаси олиб беришларини сўраб мурожаат қилди. Қароли маҳалласида истиқомат қилувчи Фозил Нодиров эса 5 ой муқаддам Агробанкнинг тумандаги филиалидан имтиёзли кредит олиш учун ҳужжат топширгани аммо ижобий натижадан ҳамон дарак йўқлигини айтди.

Охшихлик тадбиркор Бобомурод Қурбонов қолипли нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. У чорвачилик билан ҳам шуғулланмоқчи. Тадбиркорнинг айтишича, унда ўнга яқин қора молларидан ташқари, 70 туёқ ҳисори қўйлари ҳам бор. У фаолиятини кенгайтириши учун экин ери ажратилишида кўмаклашишларини сўради. Ана шундай мазмундаги муаммолар билан Ҳомид Толибов, Мухлиса Кенжаева, Нурбек Бешимов ва Бекзод Йўлдошев сингари бир қатор жондорликлар мурожаат қилишди. Ҳар бир берилган савол, айтилган муаммо ва таклифлар тегишли ташкилот вакиллари ва депутатларга бириктирилди.

— Вилоятда, айни пайтда 26 915 та кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Жондор туманида эса 1633 та кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда. Шундан 346 таси шу йил рўйхатдан ўтказилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акбар Мухаммедов.

Форумда O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Сиёсий таълим ва депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Руслан Загретдинов  қулай бизнес муҳити ва уни янада ривожлантириш ҳолати юзасидан тизимли мониторинг ва жамоатчилик назорати олиб бориш, жумладан, лойиҳа доирасида кўтарилган масалалар юзасидан депутатлик сўровлари ва назорат-таҳлил ишларини олиб бориш борасидаги ўз таклифларини айтиб ўтди. Шунингдек, партиянинг туман Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Жамол Ашуров юқоридаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матубот хизмати

  • Кўрилди
    495
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+