Бюджет маблағлари ҳар доим халқ назарида бўлиши лозим

02.12.2020, 16:17

Бюджет маблағлари ҳар доим халқ назарида бўлиши лозим

Мамлакатимиз тараққий этгани сайин янги-янги қонунларга эҳтиёж ҳам пайдо бўлаверади. Албатта, бу табиий ҳол. Чунки бугунги ҳаёт даражамиз билан бурунгисини солиштириб бўлмайди. Худди шундай халқимизнинг кечаги онгу тафаккури, қарашлари билан бугунгисини таққослаш жуда қийин.

Ҳар йили Давлат бюджети қонун билан қабул қилиниши ва унинг депутатлар назаридан ўтказиб олиниши, ўзгариш ҳамда қўшимчалар киритилиши ҳам мамлакатимизнинг том маънода демократик давлатга айланиб бораётганидан далолат бериб турибди.

Кейинги йилга мўлжалланган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам парламентимизда кенг муҳокамалар қилинди, кўплаб таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мазкур қонун лойиҳасида қатор муҳим ўзгариш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мана биргина мисол, мазкур қонунда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фақат 2021 молия йили давомида фойдаланилади деб қатъий белгилангани адолат тамойилларига жуда мос келади. Шунингдек, 2021 молия йили охиригача фойдаланилмаган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар келгуси молия йилига ўтказилмайди деб қайд этилганини жуда тўғри қарор деб ҳисоблайман.

Шуни алоҳида эътироф этишни истар эдимки, 2021 йилга мўлжалланган асосий молиявий ҳужжатимиз қўмиталар, айниқса, сиёсий партиялар фракцияларида илгаригиларига нисбатан жуда синчиклаб таҳлил қилинди, энг муҳими, бу жараён қизғин баҳс ва мунозараларга, тотишувларга ҳам сабаб бўлди.  Албатта, қонун лойиҳаси бу тарзда қизғин муҳокама қилиниши ва Қонунчилик палатасига бироз кечикиб киритилиши ҳам унинг мукаммал ишлаб чиқилганидан далолат беради.

Энг эътиборли томони шундаки, депутатларнинг таклифлари ва ҳукумат вакилларининг розилиги билан Қонун  лойиҳаси 1 та янги модда билан тўлдирилди, шунингдек,  депутатлар таклифи асосида, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 100 миллиард сўм, “Эл-юрт умиди” фондига қўшимча 32,5 миллиард сўм, Ахборот-кутубхона марказларида кутубхона фондини янгилаш ва тўлдириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Башарти бу Қонуннинг мақсади 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат экан, уни мукаммал ва тўлақонли қилиб қабул қилинишидан давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам манфаатдордир.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    474
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+