Ёшлар – Ватан келажаги

07.01.2021, 14:27

Ёшлар –  Ватан келажаги

O'zLiDePнинг Сайловолди дастури муҳим йўналишларидан бири ана шу ҳаётбахш ғояга ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшлар ва таълим масаласига алоҳида урғу берилганлиги, ёш авлодни ижтимоий-иқтисодий муҳофазалаш, уларнинг таълим соҳасидаги ижодкорлигини рағбатлантириш, айниқса, тадбиркор йигит-қизларни доимий қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши қайта-қайта таъкидланган. Бу ҳуқуқий ҳужжат бугунги ва эртанги куни нурафшон, келажаги порлоқ ёшларни тинимсиз изланишларида янги марраларни забт этишга, Президентимиз ишончини оқлашга даъват этиб турибди.

Чиндан ҳам, Парламентга ва бутун халқимизга йўлланган Мурожаатномада ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутиши алоҳида таъкидланган. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.

Мурожаатномада ана шу оламшумул мақсад йўлида 2021 йилда ва ундан кейинги даврда бажарилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб берилганки, уларнинг амалдаги ижроси жойлардаги O'zLiDeP фаолларидан ҳам ўз партиявий ишларига жиддий ёндошишни, хусусан тадбиркорлик соҳасига ёш авлод вакилларини жалб қилишда улар учун яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан соҳанинг бўлажак вакилларини хабардор қилиш борасидаги фаолиятларини янада кучайтиришни тақозо этади. Қолаверса, Президентимиз Мурожаатномасидаги “...ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз” деган сўзлар ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларимиз Юртбошимиз эътиборидан четда эмаслигини, улар давлатимиз ва амалдаги қонунлар ҳимоясида эканлигини кўрсатиб турибди .

Президентимизнинг Мурожаатномасида илгари сурилган мақсад ва вазифалар O’zLiDePнинг сайловолди дастуридаги долзарб масалалар мазмун-моҳияти билан вобаста ва муштарак эканлиги эътиборга молик. Партия сайловолди дастурида жумладан “... бугунги кунда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари мавжудлигини инобатга олиб ҳамда давр талабларидан келиб чиқиб тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида ягона “Тадбиркорлик кодекси”ни ишлаб чиқиш хусусида сўз юритилган. Юртбошимиз Мурожаатномасида айнан шу борадаги ҳаётий фикрлар тўла қўллаб-қувватланган ҳолда 2021 йилда мамлакатимизда тадбиркорлик кодексини қабул қилиш зарурати хусусида батафсил сўз юритилган.
Ушбу муҳим ҳужжатда 40 дан зиёд соҳалардаги ютуқ ва муваффақиятлар, шу жумладан, бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида сўз борган.

Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти тубдан ўзгарди. Айниқса, 2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда муҳим инструмент сифатида қабул қилинди.
Бугун, Нодавлат-нотижорат, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари жойларда муаммоларни олиб чиқишаяпти ва улар жамиятнинг фаол иштирокчисига айланиб, давлатни бошқаришда ҳам кўмаклашаётганини кўраяпмиз.

Президентимиз томонидан Мурожаатномада эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришга нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва ОАВларини қўллаб-қувватлашни давом эттирилиши таъкидланди. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил қилишда жамоатчилик назорати ва иштироки кенг йўлга қўйилиши, жумладан, жамоатчилик эшитувлари ва жамоатчилик мониторинги тизими жорий қилиниши, бу жараёнларга фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва фуқаролар ҳам жалб этилиши таъкидланди.

Мурожаатномада нодавлат-нотижорат ва бошқа жамоат ташкилотларини рағбатлантириш механизми таклиф этилди. Бунда нодавлат ташкилотлари турли соҳалар бўйича жамоатчилик назорати тадбирларида иштирок этадилар. Бу ижтимоий буюртма асосида таълим, тиббиёт, маданият, экология, қурилиш, транспорт, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби бугунги кунда жамиятда энг кўп муаммолар учраётган соҳаларда жамоатчилик назоратини олиб боришда кўмакдош бўладилар ва бу мақсадлар учун 2021 йилда давлат бюджетидан 60 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Энди фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан ишлатилаётган маблағлар, давлат томонидан амалга оширилаётган ишларни бевосита кузатиб бораётганликлари ҳамда муаммоларни олиб чиқаётганликлари учун уларни рағбатлантириш механизмлари жорий этилади. Биргина Бухоро вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, Мурожаатномада келтирилган таклифлар 600 га яқин нодавлат-нотижорат ташкилотларига катта бир вазифа, масъулият, ишонч юкласа, молиявий жиҳатдан эса уларга рағбат ва мотивация беради.

Президентимиз томонидан яна бир муҳим ғоя илгари сурилди, бу ҳам бўлса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида нодавлат ташкилотларнинг доимий вакили бўлиши. Эндиликда Қонунчилик палатасида нодавлат ташкилотлари манфаатларини илгари сурувчи, ҳимоя қилувчи доимий вакил бўлиши ва у ялпи мажлисларда, қонунчилик палатасида бўлаётган мажлисларда фаол иштирок этиши, нодавлат ташкилотлар томонидан ўрганилган, олиб чиқилган муаммолар, таҳлиллар, таклифларни депутатларга доимий равишда тақдим этиб бориш механизми яратилади.

Умуман, Мурожаатномада айнан нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари йўналишидаги белгиланган вазифалар жамоатчиликка ҳам ишонч, ҳам бир муҳим вазифа ва масъулият юклайди.

Энди Ўзбекистонда демократик жараёнлар, демократик ислоҳотларни бу ҳукумат бўладими, нодавлат ташкилотлари бўладими, халқаро ташкилотлар, академик доира вакиллари бўладими ҳамма бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб мавжуд муаммоларни олиб чиқиши, нафақат муаммолар балки таклифларни, ташаббусларни ҳам доимий бериб бориши учун яхши замин яратилаяпти.

Ҳамза РЎЗИЕВ,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    844
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+