Наманган олмасию узуми шуҳрати яна тикланади

21.01.2021, 17:00

Наманган олмасию узуми шуҳрати яна тикланади

Наманган олмаси билан шуҳрат қозонган. Бу сўлим гўшада узумнинг сархил навлари етиштирилади. Кекса деҳқонлар билади, Наманган тупроғида ўсган, қуёшидан баҳра олган меваларни таъми ўзгача бўлиб, бозорларда жуда харидоргир.

Тан олиш керак, пахта яккаҳокимлиги ҳукм сурган даврларда кўплаб боғ-роғлар қисқартирилиб, ўрнига пахта ва ғалла экилди, олмаю узумчилик эътибордан четда қолди. Ачинарлиси шундаки, мевали дарахт ва узумнинг бир қатор серҳосил навлари йўқолиб кетди. Яқинда Президентимизнинг “Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилингани нафақат наманганликларни балки бутун водий аҳлини қувонтирди.

Бу қарорнинг қабул қилиниши айни муддао бўлди. Нисбатана ер танқис бўлган Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, ерлардан олинаётган ҳосилдорлик миқдорини муттасил оширишда мазкур қарорнинг аҳамияти жуда катта. Бундан ташқари бу қарор орқали деҳқону соҳибкорларга катта имтиёзлар ҳам берилди. Хусусан, Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида сертификатланган сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчи фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан тўланадиган ер солиғи уч йил муддатга 50 фоизга камайтирилгани шулар жумласидандир.

Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар энг серҳосил ва яхши мева ва узум берадиган кўчатларни етиштирмасдан туриб, боғдорчилик ва узумчиликни ривиожлантириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мазкур туманларда кўчат етиштирувчиларга солиқ имтиёзлари берилгани жуда қўл келиши табиий.

Яна бир имтиёз шундан иборатки, 2021 йил 1 февралдан сертификатланган сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчи фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, шунингдек, кластерлар ва кооперацияларнинг уруғлик ва кўчат харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми, шунингдек, хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланадиган бўлди. Бу имтиёз ҳам деҳқону соҳибкорларимиз фаолиятини кенгайтириш, сифатли уруғлик етиштиришларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари ҳокимликлари тасарруфида захирадаги яхлит 300-500 гектар майдонларда плантация усулида замонавий технологиялар асосида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиб, лизинг асосида етти йил муддатга аҳолига беришни йўлга қўйиш эса мазкур ҳудудларда ишсизликнинг олдини олиш ва аҳоли даромадларини ошишига олиб келади. Бир сўз билан айтганда бу қарор том маънода наманганлик уста деҳқону соҳибкорлар моддий манфаатдорлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    530
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+