Ўзбекистон – Озарбайжон: дўстлик ва қардошлик алоқалари янада кенгаяди

25.08.2023, 17:16

Ўзбекистон – Озарбайжон: дўстлик ва қардошлик алоқалари янада кенгаяди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжонга давлат ташрифининг иккинчи куни рафиқаси билан бирга Фузулий шаҳрига келди.

Олий мартабали меҳмонларни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси кутиб олди.

Шаҳар буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Муҳаммад Фузулий шарафига номланган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларигача Фузулий туманида саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган. Бу ерда кутубхоналар, маданият уйлари, музейлар, театрлар, боғлар ва бошқа маданий объектлар фаолият юритган.

Ўтган қарийб 30 йилда Фузулий буткул вайрон бўлиб, “арвоҳ шаҳар”га айланган эди. Ҳарбий ҳаракатларга қадар бу ерда 18 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган.

2020 йилда қайта тиклаш ишлари бошлангач, шаҳарга аста-секин ҳаёт қайтмоқда. Уй-жойлар қурилиб, ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси бунёд этилмоқда.

Ушбу муҳим ва оғир паллада Ўзбекистон Озарбайжон билан бирга. Зеро, халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг илдизлари узоқ ўтмишга эга. Бизларни бир дин, тил ва анъаналар, маънавий қадриятлар ва маданият муштараклиги бирлаштириб туради.

Мустаҳкам дўстлик ва биродарлик ифодаси сифатида мамлакатимиз етакчиси 2021 йил 31 март куни бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.

Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Президентимиз ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.

Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар ташкил қилинган.

Янги мактаб халқларимизни янада яқинлаштириш, ўсиб келаётган озарбайжонлик ўғил-қизларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига, буюк аждодларимизнинг меросига ошно қилишга хизмат қилади.

Икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга рамзий тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очдилар. 

Президентлар ўқув бинолари ва мактаб ҳудуди билан танишиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашдилар, уларга ўқишда муваффақият тиладилар.

Сўнг давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрида барпо этилаётган уй-жой мажмуасига ташриф буюрдилар. Президентлар мажмуадаги хонадон эгалари билан учрашдилар. Давлатимиз раҳбари уларни янги уйли бўлгани билан табриклади.

Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг мустаҳкам дўстлиги ва қардошлик алоқалари ҳақида сўз борди.

Мамлакатимиз етакчиси Фузулийда ҳаёт барқарор ҳолатга қайтаётганидан мамнунлигини билдирди. Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғни қайта тиклаш ва ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмуши учун қулай шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади. Озарбайжон халқига тинчлик, осойишталик ва равнақ тилади.

Давлат раҳбарлари янги хонадонларни кириб кўрдилар. Сўнг етакчилар баландликдан туриб вайронагарчилик оқибатларини ва қурилиш жараёнини кузатдилар. Президентимизга Фузулий шаҳрини қайта тиклаш режалари ҳақида маълумот берилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси ҳамроҳлигида Шуша шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

Шуша “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “Озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватанидир.

2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган.

Жорий йилда Хива шаҳри ва Шуша шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.

Олий мартабали меҳмонлар шаҳар билан танишувни 1883 йилда барпо этилган Соатли масжидидан бошладилар.

Сўнг Озарбайжон умуммиллий етакчисининг юз йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган “Ҳайдар Алиев ва Қорабоғ” фотокўргазмаси билан танишилди.

Шушанинг бош майдонига ташриф буюрилди. Бу ерда Озарбайжон маданиятининг атоқли арбоблари – Хуршидабону Нотавон, Булбул, Узейир Хожибейли бюстлари ўрнатилган.

Ўзбекистон томони катта қизиқиш билан шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган “Хон қизи” булоғи, Озарбайжоннинг таниқли санъат арбоби Булбулнинг уй-музейи, “Меҳмондоровлар уйи” меъморий ёдгорлиги ҳамда ўтмишда отчопарлар ўртасида мусобақалар ўтказилган машҳур Жидир текислиги билан танишдилар.  

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи  якунланди. 

  • Кўрилди
    575
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+