Тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишнинг самарали меҳанизмлари киритилмоқда

04.10.2018, 13:44

Мамлакатимизда хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янги босқичга кўтариш, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада муҳим қонунлар, Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи, мантиқий давоми бўлди.

Тўғри, бугун энг кўп ҳуқуқий ҳужжат қайси соҳани равнақ топтиришга қаратилган, деб сўрашса, бемалол тадбиркорликни мисол келтириш мумкин. Бироқ ҳужжатлар, дастурлар, чора-тадбирлар режалари қанча кўп кўрилмасин, соҳадаги камчиликлар, сусткашликлар батамом барҳам топяпти, дейиш қийин. Бу Президентимизнинг мазкур қарорида ҳам рўй-рост қайд этилди. Хусусан, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун максимал даражада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, қатор тизимли муаммо ва камчиликларга дуч келинаётгани баён қилинди. Бундан ташқари, янгидан ташкил этилган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, инвестицияларни жалб этиш, иқтисодиёт ва тадбиркорликни, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ҳамда туризмни ривожлантириш учун масъул бўлган ҳоким ўринбосарлари томонидан тадбиркорларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишга, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга, шунингдек, мавжуд салоҳиятдан максимал даражада фойдаланишга кўп ҳолларда бепарво муносабатда бўлинаётгани таъкидланди.

Шунингдек, республика ва жойлардаги давлат бошқаруви органларида кенг тарқалган ва бартараф этилмаётган тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини кўриб чиқиш ва амалга ошириш, зарур ишлаб чиқариш объектлари, ер участкалари ва кредит маблағларини ажратиш, муҳандислик-коммуникация ва бошқа инфратузилма объектларини яратиш масалаларини ҳал этишдаги сансоларлик, бюрократизм ва тўсиқлар билан боғлиқ ҳолатлар тадбиркорлик субъектларини ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга фаол жалб этиш, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ошириш, саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва хизматлар соҳасини ривожлантиришни таъминламаётгани қайд этилган.

Шу мақсадда, мамлакатимиз Президентининг қарори билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмардан самарали ва оқилона фойдаланишини таъминлашга қаратилган Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар ташкил этилиб, уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Ҳудудий гуруҳлар таркибига кирган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари асосий иш жойи бўйича мажбуриятларини бажаришдан озод қилиниб, доимий равишда ўзларига бириктирилган ҳудудда бўлиши белгиланди.

Комиссия ва ҳудудий гуруҳларнинг сўровлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва мансабдор шахслари томонидан сўзсиз ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.

Қарорга мувофиқ, қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда аукцион савдоларига қўйиладиган бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкалари тадбиркорлик субъектларининг аниқ инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини белгилаган ҳолда савдога қўйилади. Тегишли ҳудудда, жумладан, бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш учун тавсия этилаётган салоҳиятли лойиҳалар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг
веб-сайтларида ва интернетдаги ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади, телевидениеда эълон қилинади.

Бўш турган давлат мулки объектлари ёки ер участкалари аукцион ғолибига бир йилгача муддатда олдиндан захирага олиш шартларида (лойиҳанинг мураккаблигидан келиб чиқиб, муддатини узайтириш имконияти билан) кейинчалик инвестиция шартномасида кўрсатилган шартлар бажарилганидан сўнг эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштирган ҳолда берилади. Сармоядор томонидан инвестиция шартномасида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, захирага олиш инвесторнинг харажатлари қопланмаган ҳолда бекор қилиш ва бошқа тартиблар белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги тизимли муаммолар, тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга ва иқтисодиётимизнинг турли соҳалари ривожига туртки бериб, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини тўлақонли таъминлаш имконини беради. Бу эса, пировардида аҳоли турмуш даражаси сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, энди тадбиркорлик ташаббуслари қоғозда қолиб кетмайди.


  • Кўрилди
    1481
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+