Дунёни маърифат қутқаради

28.10.2017, 17:06

Анвар қори Турсунов
Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мана, ҳафта ўтмоқдаки, муҳтарам юртбошимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиядаги маърузаси жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳамон муҳокама этилаётир. Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида дунё тан олган сиёсатчиларнинг мазкур нутқ юзасидан фикр-мулоҳазалари ёритилмоқда. Айниқса, мусулмон дунёси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртага ташлаган, айтиш лозимки, жаҳон аҳлини ташвишга солиб турган, энг долзарб муаммолар юзасидан билдирган асосли таклифларни фаол қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, ушбу маърузада дунёни ларзага солаётган оғриқли масалага энг осон, шунинг баробарида энг самарали ечим таклиф этилди. Хўш, бу ечим нима? Саволга битта сўз билан жавоб бериш мумкин: МАЪРИФАТ!

Бугун терроризм деган бало жаҳонни титратиб тургани маълум. Муаммонинг даҳшатли нуқтаси шундаки, бу жиноят кўп ҳолларда дин билан боғлиқ ҳолда тилга олинади. Шу ўринда алоҳида қайд этиш шарт: ҳеч қайси дин ёвузликни тарғиб қилмайди!

Тинчлик, осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик эса муқаддас динимиз – исломнинг ўзак томирлари ҳисобланади. “Ислом” сўзининг замирида “тинчлик”, “саломатлик”, “маърифат” маънолари мужассамки, шунинг ўзиёқ динимиз зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши эканини яққол англатмайдими?!

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз...” (Бақара сураси, 208-оят). Эътибор беринг, ояти карима “Эй, имон келтирганлар!” хитоби билан бошланмоқда. “Имон келтирганлар” – Аллоҳнинг бирлигини тан олганлар, мусулмонлардир. “Ёппасига тинчлик ишига киришингиз...” – “тинчлик иши”нинг пойдевори ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, меҳр-оқибат каби фазилатлар экани аён.

Давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли анжуманда буюк ватандошимиз Имом Бухорий  ҳазратларининг муборак номларини бежиз тилга олмадилар. Ҳазратнинг “Саҳиҳи Бухорий”си ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба сифатида тан олингани маълум ва машҳур. Неча асрларки, инсониятни ҳайратга солиб келаётган мазкур манбада келтирилган энг ишончли  ҳадисларда ҳам илму маърифат зиёси порлаб турибди.

Ҳар қандай иллат, у катта ёки кичик бўладими, маърифатсизликнинг аччиқ ҳосиласидир. Ислом, аввало, инсонларни илмга тарғиб этиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Токи, одамзот илму маърифат ила қуролланмас экан, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда мутлоқ ғолиб бўлиши гумондир.

Оддий мисол, неча йилки, терроризмга қарши совуқ қуроллар билан курашилмоқда. Хўш, натижа қандай? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бермоқ қийин. Шу маънода юртбошимизнинг БМТнинг юксак минбаридан туриб, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилишга чақириши дунё жамоатчилигининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Зотан, “бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат” бўлиши керак. Бугун муқаддас динимизни ниқоб қилган ҳолда инсониятга қарши жиноятлар авж олаётган бир шароитда бу чақириқ чуқур ўйланган, шунинг баробарида яқин тарихда йўл қўйилган хатолардан жиддий хулоса қилинган ҳолда айтилган таклиф бўлди.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш таклифи айнан бизнинг давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилиши мамлакатимиз буюк маърифатпарварлар юрти экани, халқимиз мудом маърифатга ошнолигининг яна бир исботи эмасми?

Келинг, яна бир ҳақиқатни тан олайлик. Шу чоққача нуфузли халқаро ташкилотнинг юксак минбаридан туриб кимлар маъруза қилмаган, дейсиз?! Эътироф этмоқ керакки, айтилган таклифлар асосли ва ниҳоятда ўринли. Мамлакатимиз раҳбари: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлар эканлар, аллақачон бу сўзларнинг амалдаги ижросини бошлаб юбордилар ҳам.

Куни кеча Президентимизнинг “Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Мазкур қарор лойиҳасининг муҳокамага қўйилишининг ўзи давлат раҳбарининг халқ билан ҳамнафаслигига яққол далолат. Ҳадис илми Олий мактаби ташкил этилаётгани – муқаддас ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассис-кадрларни етиштириб чиқаришдек эзгу мақсад сари ташланган навбатдаги улкан қадамдир. Бундай хайрли ишлардан наинки ўзимиз, балки дунёнинг маърифатга ташна халқлари ҳам манфаат топмоғидан умид қилиб, дуолар қиламиз.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. 

 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 


  • Кўрилди
    1572
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+