Чорвачилик тармоғи қўллаб-қувватланади

01.02.2020, 14:58

Чорвачилик тармоғи қўллаб-қувватланади

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агро-логистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши, шунингдек чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилиши айтиб ўтилган эди.

2020 йил 29 январда Ўбекистон Республикаси Президентининг “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Қарорга мувофиқ чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларга компенсация ёки кафиллик, бундан ташқари тадбиркорларга тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун тегишли тартибда компенсация тақдим этилади.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик соҳаларида умумий қиймати 4,5 трлн сўмлик жами 1 264 та инвестиция лойиҳалар, шу жумладан Тошкент вилояти Охангарон туманининг ўзида 2020 йилда 720 млрд сўмлик 44,5 минг бош қорамол ва 15 минг бош қўй боқишга мўлжалланган лойиҳалар амалга оширилади.

Четдан наслли қорамол олиб келган хўжаликларга озуқабоп экинлар экиш учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, пахта-беда алмашлаб экиш тизимини жорий этилиб, ер майдонларнинг тупроқ структураси яхшиланади ва беда экини ҳисобидан гектарига 400-450 кг азот тўпланишига эришилади.

Республикада мавжуд 1 млн 33 минг гектар пахта майдонлари ҳисобидан 103,3 минг гектар беда экиш ташкил этилиб, таннархи арзон бўлган ва сифатли гўшт етиштириш имконияти пайдо бўлади.

Паррандачилик маҳсулотларини араб давлатлари (БАА, Саудия Арабистони) ва узоқ шарқ мамлакатларига (Хитой, Вьетнам) экспорт қилиш имконияти яратилади.

Европа, Африка ва АҚШ давлатларидан паррандаларнинг ноёб турлари, туяқушлар, инкубацион тухум ва бир кунлик жўжаларни, паррандачиликда фойдаланиладиган ва турли касалликларга қарши ишлатиладиган сифатли ветеринария препаратлари ва вакциналарни нисбатан арзон нархларда олиб келинади.

Қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш O‘zLiDeP сайловолди дастурида ҳам устувор вазифа сифатида белгилаб олинган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижросини жойларда тўлиқ таъминлашда парламентдаги фракциямиз аъзолари назорат олиб боради.

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси раиси, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси  

  • Кўрилди
    1834
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+