Биржа савдоларида эркин рақобат шаклланса, “яширин иқтисодиёт” ва коррупциянинг “пайи” қирқилади

18.05.2022, 16:00

Биржа савдоларида эркин рақобат шаклланса, “яширин иқтисодиёт” ва коррупциянинг “пайи” қирқилади

Ҳар қандай товарнинг ҳақиқий нархи биржада аниқланади. Лекин биржа самарали ишласагина бозор муносабатларида эркин рақобат бўлади. Шу жиҳатдан олганда, биржа савдолари эркин рақобатни шакллантиради, тадбиркорларга янги бозорларни очади, “яширин иқтисодиёт” ва коррупциянинг пайини қирқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш юзасидан ўтказилган йиғилишда шу хусусда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги уч йилда биржа савдо айланмаси 2 бараварга ўсиб, 90 триллион сўмга етди, сотиладиган товарлар сони 3 бараварга кўпайди, хорижий давлатларда биржанинг 20 та савдо майдончалари ташкил этилиб, жорий йилнинг 4 ойида 170 миллион долларлик маҳсулот сотилди, ўтган йили 1 минг 274 та хорижий компания Ўзбекистон биржасига катта ҳажмларда маҳсулот қўйишни бошлади.

Бу натижалар ҳали мавжуд имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланаётганимизни кўрсатмайди, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Биржа савдоларини ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш борасида ҳали тизимли муаммолар мавжуд. Мисол учун, биржа савдоларининг 85 фоизини 45 турдаги юқори ликвидли маҳсулотлар ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда ишлаб чиқарилиши кенг йўлга қўйилган текстиль, ипак, чарм, кабель маҳсулотларининг биржа савдоларидаги улуши паст. Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда биржа савдолари анча фаоллашган. Лекин Сирдарё, Андижон ва Сурхондарёдаги корхоналарнинг биржа савдоларидаги иштироки пастлигича қолмоқда. Шу билан бирга, Зангиота 37 турдаги, Кармана 24 турдаги, Данғара ва Жомбой 17 турдаги маҳсулотларни биржага чиқарган бўлса, Андижон, Нурота, Қизириқ, Боёвут туманларида атиги 1 турдаги маҳсулот биржага қўйилмоқда.

Президентимиз бу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича  мутасаддилар зиммасига маҳаллий маҳсулотларни биржага олиб чиқишни туман даражасига тушириш бўйича тизим яратиш вазифасини қўйди. Маҳаллий маҳсулотларни биржада кўпайтириш бўйича янги тизим Ўртачирчиқ тумани мисолида тушунтирилди.

Йиғилишда айрим турдаги юқори ликвидли товарлар биржага қўйилмагани оқибатида уларнинг нархларида ўсиш кузатилаётгани таъкидланди.  Мисол учун, ўтган йилги пахта ҳосилидан қарийб 1,5 миллион тонна техник чигит олинган бўлсада, шундан биржага 939 минг тоннаси ёки 56 фоизи чиқарилган. Ёки, биржадан чигит олган 119 та ёғ-мой корхоналаридан 20 таси пахта ёғини биржа савдоларига умуман қўймаган.  Шу боис юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилгани устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Умуман олганда қачонки, барча маҳсулотлар биржа савдолари орқали сотилса, “яширин иқтисодиёт” ва таниш-билишчиликка барҳам берилса, ҳар бир маҳсулотнинг ҳақиқий бозор баҳоси келиб чиқади. Нархларнинг сунъий ошиши ва товарлар тақчиллигига барҳам берилади. Шундай экан, бу муҳим тизимни мунтазам назорат қилиш ва ҳаққоний бозор муносабатларини шакллантириш учун ҳар биримиз ўзимизни масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    283
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+