Юртдошларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда

01.02.2022, 16:24

Юртдошларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда

Кейинги йилларда юртимизда ижтимоий соҳада мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар юз берди. Юртимиз тарихида бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган. Энг муҳими, ҳалол, меҳнаткаш, эл-юртини севадиган барча фуқаролар учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча  ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида спортни оммалаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берган эди. Тақдимотдаги лойиҳалар шунинг мантиқий давоми бўлди.

Жойларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Лойиҳаларни такомиллаштириш, маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз берилади ва эвазига ижтимоий масъулият юкланади. Куннинг маълум соатлари маҳалла ёшлари учун текинга ажратилади.  Эгаси бўлгани учун тадбиркор ҳам даромад топади, мажмуа ҳам қаровсиз қолмайди.

Ишнинг ана шундай оқилона йўлга қўйилиши  туфайли турли масалаларга ечим топилади, мажмуаларнинг узлуксиз ва самарали ишлашидан ҳамма манфаатдор бўлади.

Шунингдек, тақдимотда мактаблар қамровини оширишга оид лойиҳалар кўриб чиқилди. Онкология тиббиёт маркази бунёд этилиши бўйича маълумот берилди. Бундан ташқари,  электр энергияси қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари мазкур масалалар юзасидан ҳам мутасаддиларга топшириқлар берди.  

Мухтасар айтганда, “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди” деган эзгу фикр, қизғин даъват ҳаётимизда амалий тасдиғини топмоқда.

 Севара Муслимова,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири

  • Кўрилди
    282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+