Тадбиркорларимизга янада кўпроқ енгиллик, имконият ва эркинликлар берилмоқда

14.04.2022, 14:43

Тадбиркорларимизга янада кўпроқ енгиллик, имконият ва эркинликлар берилмоқда

Шу кунларда мамлакатимиздаги тадбиркорлар кўтаринки кайфиятда ишлаяпти, уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилди, десак, муболаға бўлмайди.  Президентимизнинг  8 апрель куни эълон қилинган “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий  ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармони ишбилармонлар, умуман, ҳаммамизни  руҳлантириб юборди. Мазкур  ҳужжат  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳақиқатан ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини  яна бир бора яққол намоён этди. Ҳар бир фуқаро бой бўлса – давлат бой бўлади, ҳар бир оила фаровон бўлса – мамлакат фаровон бўлади, деган тамойид  мазкур сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири.

Фармонда  иқтисодий  ўсишни  таъминлаш учун хусусий секторнинг ролини ошириш, барча тармоқ ва соҳаларда хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг бир қанча асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш борасидаги институционал ва маъмурий ислоҳотлар давом эттирилади ҳамда бу борада қонун устуворлиги таъминланади. Давлат иштироки сақланиб қолаётган товар ва хизматлар бозори  эркинлаштирилади ҳамда ушбу соҳаларга хусусий секторнинг кириб келиши учун шароит яратилади. Энергия ресурслари, транспорт ва коммуникация бозорлари ривожлантирилади ва соҳага хусусий инвестициялар кириб келиши учун шароитлар яратилади.

Шунинг баробарида хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, инвестициявий муҳит жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат активларини  сотиб олган инвесторларга қўшимча қулайликлар яратиш назарда тутиляпти.

Қисқаси, фармонда камбағалликни икки баробарга қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, хусусий инвестициялар ҳажмини кескин ошириш ҳамда бизнес доираларнинг ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган аниқ, кўламдор ва самарали вазифалар, чора-тадбирлар баён қилинган. Бошқача ифодалаганда, иқтисодиётни модернизациялаш, тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш керакки, партиямиз дастуридан  тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга йўналтирилган талай мақсадлар ўрин олган. Шундан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боради, уларни амалга оширишга партиявий воситалар билан кўмаклашади.     

Мухтасар айтганда, тадбиркорларимизга мисли кўрилмаган енгиллик, имконият ва эркинликлар берилмоқда. Бунинг самарасида яқин истиқболда халқимизнинг  яратувчилик, бунёдкорлик  салоҳияти тўла рўёбга чиқади. Янги Ўзбекистон тадбиркорлик орқали ўзи ва оиласи фаровонлигини таъминлашга интиладиган, Ватани ва халқига сидқидилдан хизмат қилишни истайдиган барча фуқаролар учун кенг имкониятлар мамлакатига айланади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари,

Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

  • Кўрилди
    584
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+