Ишчи гуруҳ вакиллари оҳангаронлик аёлларнинг муаммо ва таклифлари билан қизиқди

20.05.2022, 15:04

Ишчи гуруҳ вакиллари оҳангаронлик аёлларнинг муаммо ва таклифлари билан қизиқди

Сўнгги йилларда мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Ҳақиқатдан ҳам ижтимоий соҳани амалга ошириш яъни хотин-қизлар масаласи энг муҳим йўналишлардан бири саналади.

Мазкур аёллар ҳаёти, турмушини яхшилашга хизмат қилувчи устувор вазифаларни амалга оширишда партия ва депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари шакллантирилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова ҳамда партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” вакиллари Оҳангарон туманида бўлиб, маҳаллалардаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганди.

Ишчи гуруҳ фаоллари туманнинг “Ялпоқтепа” маҳалласини яёв кезиб, бу ерда ўз-ўзини иш билан банд қилган, ишсиз, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг хонадонларида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб боришди.

“Ялпоқтепа” маҳалласи Наврўз кўчасида истиқомат қилувчи Насиба ая Чимпулатова ўз хонадонида турли хона ва ҳовлида ўсувчи декоратив гулларни парваришлаб, унинг ортидан даромад топиб, моддий фаровонликка эришаётганининг гувоҳи бўлинди.

Ҳар бир гулнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, алоҳида меҳр билан ўстираётган ая уйи ҳовлисида мўъжаз иссиқхона ҳам ташкил қилган. Ая бу билан тўхтаб қолиш истагида эмаслигини билдираркан, келинларига турли хилдаги пишириқлар ишлаб чиқарувчи кичик қандолат цехи ташкил қилиш ниятида эканини айтиб, бу борада ўз хонадони рўпарасидаги 2 сотихли ер майдонини ажратиш ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам беришни сўради.

Депутат Мавлуда Ибрагимова туман мутасаддилари билан биргаликда аянинг сўровини ижобий қаноатлантиришда амалий кўмак беришини айтди.

Олмазор кўчасида яшовчи Сахобат опа Бегматова ҳам ўз ҳовлисида турли хилдаги хона гулларини парваришлаб сотиш билан бирга малина етиштириб, моддий фаровонликка эришмоқда. Опа билан бўлган самимий мулоқотда депутат мазкур хонадоннинг томорқадан унумли фойдаланиш тажрибасини оммалаштириш лозимлигини таъкидлаб, уни қийнаб турган муаммолар билан қизиқди.

 Унга имтиёзли кредит олиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашида зарур бўлган ҳуқуқий маслаҳат ва кўрсатмалар бераркан, сўровини ижобий ҳал қилишда ёрдам беришга ваъда берди.

Депутат шунингдек, 2022 йил март ойида қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган туман Марказий шифохонасида ҳам бўлди.

Тиббиёт масканида 46 та шифокор, 420 та ўрта тиббиёт ходими, 204 та ишчи-ходимлар кун-у тун халқ соғлигини сақлаш ишида камарбаста эканини қайд этди.

Бугун сўнгги русумдаги замонавий технологиялар билан жиҳозланаётган шифо масканининг хизмат хоналарида яратилган шароитлар билан яқиндан таништирди.

Депутат Мавлуда Ибрагимова бу ердаги беморлар билан ҳам мулоқотда бўлди. Уларнинг яратиб берилган шароит ва тиббий хизмат сифатидан миннатдорчилик билдириб, шукрона келтиришганини тингларкан, тезроқ шифо топишларини тилади.

Бош шифокорнинг ҳозирда масканга олиб келиб ўрнатилиши лозим бўлган тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар чет давлатлардан келтирилаётгани туфайли божхона назоратидан ўтказиш ишларида муддат чўзилиб кетиши сингари муаммолар юзага келаётгани ҳақидаги сўровини тегишли тартибда ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, ижобий ечим топишга кўмаклашилишини айтди.

Куннинг иккинчи қисмида депутат туман Давлат хизматлари маркази биносида ҳудуд маҳалларида фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари билан ҳам учрашди.

Учрашув “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашда барчамиз масъулмиз!” мавзусидаги очиқ мулоқотга уланиб кетди.

Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мулоқотда хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Бу борада партия “Аёллар қаноти” томонидан жойларда, айниқса энг чекка қишлоқларда “Ишбилармон аёл”, “Бугуннинг тадбиркор аёли”, “Менинг бизнес ғоям”, “Намунали томорқачи аёл-фаровонлик бунёдкори!”, “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи!” каби бир қатор партиявий лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Очиқ мулоқот сўнггида партияга хайрихоҳ бўлиб, унинг сафларида бирлашиш истагини билдирган 18 нафар фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларига аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари тантанали суръатда топширилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    803
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+