Конституциявий ислоҳотлар: партия ҳудудий кенгашларида кенг муҳокамалар олиб борилмоқда

03.06.2022, 16:56

Конституциявий ислоҳотлар: партия ҳудудий кенгашларида кенг муҳокамалар олиб борилмоқда

Тошкент вилоятининг ҳар бир ҳудудида Конституциявий ислоҳотлар жараёни изчиллик билан кечмоқда. Бунда O’zLiDeP негизидаги ҳар бир партия ташкилотлари, депутатлари ва фаоллари уюшқоқлик билан иштирок этишмоқда.

Бекобод шаҳридаги “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖнинг йиғинлар залида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбати ҳам “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича миллий комиссия ҳамда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда O’zLiDePнинг ўрни” мавзусида ўтказилди.

Тадбирни O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев ўз кириш сўзи билан очиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича миллий комиссия аъзоси Пак Виктор Николаевич, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раҳбари Дилором Файзиевалар мавзу доирасида маъруза қилишди.

Тадбирда конституциявий ислоҳотлар жараёни бошланганидан бери вилоят аҳолиси, кенг жамоатчилик, партия фаоллари томонидан Асосий қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилаётгани ҳақида сўз борди.

Хусусан, судларнинг мустақиллиги борасидаги моддага уларнинг устидан назорат ўрнатиш тартиби, кўчмас мулк дахлсизлигини кафолатлаш борасида ўзгартиришлар киритиш зарурлиги ҳақидаги таклифлар берилгани алоҳида қайд этилди.

Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда фаоллик кўрсатиш, юрт тақдирига дахлдорлик хиссини ошириш лозимлиги борасида фикр юритилди.

Шунингдек, Конституциявий комиссия ўз фаолиятини “жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя асосида олиб бориши, унга аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар юклатилганлиги борасида ҳам маълумот берилди.

Учрашувнинг таклиф ва мулоҳазаларни муҳокама қилиш қисмида Конституцияда белгиланган оналик баробарида оталикни ҳам ҳимоя қилиш кераклиги борасида таклиф билдирилиб, ушбу нормага қўшимча киритиш сўралди. Шунингдек, онкологик касалликларни тўлиқ бепул даволаш, таълим жараёнида ота-онанинг масъулиятини кучайтириш сингари масалалар бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар олинди.

Давра суҳбати қизиқарли баҳс-мунозараларга бой тарзда кечди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    505
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+