ШҲТ аъзоларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги кенг имкониятларга йўл очади

16.09.2022, 17:52

ШҲТ аъзоларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги кенг имкониятларга йўл очади

Бугун 16 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида нутқ сўзлади ва унда конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик нишонаси бўлмиш ушбу мажлисдан кўзланаётган асосий масалаларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, бугун ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатлари  ривожланиб бораётганига урғу берилди. Мисол учун, Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланаётгани, шунингдек, Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланаётгани ҳамкорлик доирасининг кенгаяётганини билдиради. Бундан ташқари, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича процедураларни бошлаш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинмоқда. Бу эса ШҲТнинг географик қамровини кенгайтириш билан биргаликда самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилот фаолиятининг долзарблигини яна бир бор тасдиқлайди.

Йиғилишда ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликлари ҳисобга олинган ҳолда, мавжуд салоҳиятни максимал даражада ошириш кўзда тутилмоқда. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантиришни таклиф этди. Ушбу ҳамкорликнинг асосий вазифаси савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этиш, кафолатланган ва барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган қўшма дастурларни рағбатлантириши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, бу вазифа ўзаро сармояларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларни биринчи навбатда, инфратузилмани ривожлантириш, рақобатбардош саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш орқали Ташкилот аъзолари яратган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча механизмларини бирлаштириш ва фаоллаштиришдан иборат бўлади.

Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш учун эса давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказишни таклиф этди ва келгуси йилда Самарқандда “Ўзбекистон–ШҲТ” саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёр эканлигини билдирди. Айниқса, ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш таклифи савдо-иқтисодий йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда айни муддао бўлади.

Албатта, Ташкилотнинг Самарқандда ўтаёган саммитида савдо-иқтисодий йўналишга урғу берилаётгани бежиз эмас. Бу мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини ва Саммит доирасида қабул қилинаётган қарорлар ва шу кунгача имзоланган 40га яқин ҳужжатлар Ташкилотнинг янада ривожланишига, қолаверса, ҳамкор мамлакатлар ва халқларнинг ҳам тараққий этишига хизмат қилишини англатади.

Фахриддин Саматов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP Фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1646
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+