Саммитда минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди

19.09.2022, 11:05

Саммитда минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди

2022 йил 16 сентябрь куни Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди.

Ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзи қамраган минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш Ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади.

Самарқанд саммити кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Саммит доирасида кенг салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини, очиқлик ва кенг ҳамкорликка қаратилган руҳини сақлаш, муроса, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларига амал қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шуларни ҳисобга олиб ҳамда ШҲТ доирасидаги кўп қиррали шерикликнинг самарали тажрибасига таяниб, давлатимиз раҳбари яқин йилларда ҳамкорликнинг асосий йўналишларидаги устувор вазифаларни ҳал этишга доир аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, ШҲТ фаолиятини бугунги воқеликка мослаштириш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, экология масалалари, маданий-гуманитар алоқаларга тўхталиб ўтилди. Хавфсизлик муаммолари ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз ШҲТ келажаги ва мамлакатларимиз ривожи кўп жиҳатдан баҳамжиҳат ва самарали ишлашга боғлиқ эканини таъкидлади. “Биз биргаликда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида, мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз”, – дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Аъзо давлатлар етакчилари ўз чиқишларида ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммоларига тўхталиб ўтдилар. Самарқанд саммити алоҳида, тарихий аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Жамила Сайфиддинова,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раисининг

аёллар билан ишлаш бўйича ўринбосари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    390
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+