Жиззахда кечаётган улкан ўзгаришлар Янги Ўзбекистонни қамраб олган бунёдкорлик жараёнига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда

09.04.2024, 20:25

Жиззахда кечаётган улкан ўзгаришлар Янги Ўзбекистонни қамраб олган бунёдкорлик жараёнига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифини нафақат воҳа аҳли, балки бутун мамлакатимиз, чет эллик ҳамкорларимиз ҳам катта ҳаяжон билан кузатиб боришди, десам муболаға бўлмайди.

Боиси, Жиззах вилояти тарихан ўта қисқа етти йил ичида саноатнинг юқори технологик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ривожланган, кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётган, маҳаллаларда аҳоли даромадлари ошиб бораётган, энг замонавий янгидан янги корхоналар қурилаётган, шитоб билан ривожланаётган ҳудудга айланди.

Энг муҳими, бу ўзгаришлар бугун сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, узвий давом этмоқда. Хорижлик ҳамкорларимизнинг, ишбилармонларнинг вилоятимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти катта қизиқиш билан қараётганликлари ҳам шундан. Мисол учун, охирги беш йилда Жиззах вилоятига 4 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар кириб келган. 50 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб,  861 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу йил вилоятда 2 миллиард долларлик 400 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда 11 мингта янги иш ўрни очилади.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари айнан янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар 6 миллиард  100 миллион долларлик 50 та лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирдилар.

Аҳамиятли томони, мазкур лойиҳалар тоғ-кон, машинасозлик, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби талаб юқори соҳаларни қамраб олади. Вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ошиши билан биргаликда, қарийб 20 минг янги иш ўрни яратилади.

Умуман, Жиззахда кечаётган улкан ўзгаришлар Янги Ўзбекистонни қамраб олган улкан бунёдкорлик жараёнининг бир қисми. Президентимиз мамлакатимизнинг қайси вилоятига ташриф буюрмасин, янги-янги йирик лойиҳаларни бошлаб бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бу хайрли анъана вилоятимизда ҳам давом эттирилди. Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида саноат ва энергетика лойиҳаларининг бошланишига бағишланган маросимдa иштирок этди.

Маълумки, саноат ривожи барқарор энергетикага боғлиқ. Шу боис бу икки соҳа мутаносиб ривожлантирилмоқда. Биргина 2023 йилда мамлакатимизда 4 минг 600 та саноат корхоналари ишга туширилди. Саноат   6 фоизга ўсиб, 656 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 7 та йирик иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари тармоққа уланди. Бундан ташқари, 14 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига 12 гигаваттли 31 та электр станцияси барпо этилмоқда. Умуман олганда, муқобил энергетикани ривожлантириш ҳисобига жорий йилда “яшил” энергиянинг генерациядаги улуши 30 фоизга етади.

Жиззах вилоятида ҳам бундай лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири – Ғаллаорол туманида барпо этиладиган, металлургияга ихтисослашган саноат зонаси. У ерда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.

Иккинчи лойиҳа – Фориш туманида Хитойнинг “China Poly Group” ва “China Electric” компаниялари билан ҳамкорликда қуриладиган қуёш электр станцияси. 350 миллион долларлик ушбу мажмуа 500 мегаватт қувватга эга бўлади. Унда йилига 1,1 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ҳосил қилинади. Бу 450 минг хонадоннинг энергия таъминоти яхшиланади, дегани. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қуввати шу йил якунида тармоққа уланади.

Амалга оширилган ва изчиллик билан давом эттирилаётган ушбу бунёдкорлик жараёнининг самарали бўлиши, барчамиздан, айниқса, депутатлардан ўз зиммаларига юкланган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолликни оширишларини талаб қилади.

Зеро, Муборак Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр арафасида дебочаси бошлаб берилган ушбу мажмуалар ҳам Жиззах вилоятининг, демакки Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга, ҳудуд аҳолисини доимий юқори ҳақ тўланадиган доимий иш билан таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Эркин ХОЛМАТОВ

O’zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий

партия ташкилоти раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    284
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+