Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

09.04.2024, 17:23

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши ва бугуни мустаҳкам алоқалар билан узвий боғлиқ. Азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келаётган икки халқнинг тарихи, тили, урф-одат, анъана ва қадриятлари ҳам ўхшаш.

Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 ноябрь куни ўрнатилган. 1998 йилда Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. 2013 йил июнь ойида Стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланиши билан давлатлар ўртасидаги муносабатлар даражаси янада ошди.

Кейинги йилларда икки давлат ўртасида дўстона қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тили, дини, урф-одати, адабиёти, маданиятлари муштараклигига таянган ҳолда изчил равнақ топмоқда. Ўзаро яқин алоқалар, очиқ мулоқот бугунги глобал дунёда янги кўринишларда намоён бўляпти.

Икки давлатни кўплаб ўзаро манфаатлар боғлаб туради. Халқаро сиёсий масалаларда ҳам улар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз икки томонлама ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби қатор нуфузли тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро мулоқот ҳам анча фаоллашди. Томонлар қонун ижодкорлиги, жумладан, халқаро парламент тузилмалари доирасидаги тажрибаларни ўрганиш мақсадида мунтазам равишда делегацияларнинг ўзаро ташрифларини амалга оширмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 800 минг ортиқ қозоқ миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Қозоғистондаги ўзбеклар жамоаси эса 600 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Улар икки давлат равнақи ва гуллаб-яшнашига, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Икки давлат Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришилиб, кенг кўламли ҳамкорлик жадал суръат билан ривожланиб бормоқда.

Айниқса, кейинги олти-етти йилда ушбу давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилиб, тарихий натижаларга эришилди. Хусусан, сиёсий мулоқот фаоллашди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар кенгайтирилди, фаол ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш, транспорт ва энергетика соҳасидаги инфратузилма лойиҳаларини амалий рўёбга чиқариш, гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштириш ва туризмни ривожлантириш бўйича олий даражадаги музокаралар давомида кўтарилган долзарб масалалар диққатга сазовор.

Икки мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши инвестициявий, транспорт-логистика ва савдо соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда. 2023 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,4 миллиард долларга етди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар ўсиш ва ривожланиш суръатининг энг яхши объектив кўрсаткичидир. 2016-2023 йилларда давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш икки баравардан кўпроқ — 1,8 миллиард доллардан 4,1 миллиард АҚШ долларига ошган.

Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг шу йил 5 апрель куни мамлакатимизга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатни ҳар томонлама юксак даражага олиб чиқиш, икки томонлама алоқани ҳар жиҳатдан ривожлантиришга замин яратиши, шубҳасиз.

Зеро, ушбу ташриф икки давлат ва қардош халқлар ўртасидаги вақт синовидан ўтган яхши қўшничилик муносабатларининг яна бир ёрқин ифодасидир. Сабаби ташриф доирасида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ишончим комилки, мазкур ташриф давомида эришилган келишувлар Ўзбекистон — Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиш билан бирга, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини бутунлай янги босқичга олиб чиқади.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+