Жиззахда томорқаларни ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди

09.04.2024, 20:27

Жиззахда томорқаларни ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими ҳисобланган маҳалла жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Айнан, маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар қувончли ва ташвишли дамларда, яхши-ёмон кунларда бир бирларига елкадош, ҳаммаслак, ҳамдард бўладилар. Сўнгги йилларда мазкур тизимнинг нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самарасини бера бошлади.

Айни пайтда Жиззах вилоятида 309 маҳалла мавжуд. Ушбу маҳаллаларнинг барчасида ободончилик, бунёдкорлик жараёнлари қизғин давом этмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчатлар экилмоқда. шунингдек, тадбиркорликни, томорқачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифи давомида Шароф Рашидов туманидаги Туёқли маҳалласида ҳам бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган аҳоли турмуш шароити, фикру ўйлари ва амалга ошираётган фаолиятлари билан яқиндан танишди.

Маълумки, юртимизда маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имкониятлардан бири томорқадан фойдаланишдир.

Томорқадан унумли фойдаланадиган омилкорлик Туёқли маҳалласида ҳам кўплаб топилади. Мавжуд 678 та хонадоннинг деярли ҳаммасида томорқа бор. Уларнинг жами майдони 36 гектар. Мевали дарахтлар, ток ва сабзавотлар яхши ҳосил беради. 314 та хонадондаги иссиқхоналарда полиз экинлари ва гул кўчатлари етиштирилади.

Давлатимиз раҳбари шу ерлик Абдумўмин Каримов хонадонини кириб кўрди.

Уйнинг томорқаси 12 сотих, шундан 7 сотихида иссиқхона барпо этилган. Бундан ташқари, чорва, товуқ, асалари боқилади. Хонадон эгаси рўзғорбоп экинлар етиштириб, йилига 200 миллион сўмдан зиёд даромад олаётганини сўзлаб берди.

Президент шу ерда «маҳалла еттилиги» билан суҳбатлашди. Жойлардаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали оилаларнинг даромадини, харид қобилиятини ошириш ҳақида сўз юритилди. Бу уларнинг ҳаёт сифатида, саломатлигида, фарзандлари камолида акс этиб, жамият ривожига ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги долзарб вазифаларни ҳам белгилаб берди. Томорқаларни ишга солиш бўйича 309та маҳаллага “Лидер” тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди. Лидер тадбиркор – экспортчи учун ҳар бир маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб томорқада 50 миллион сўм даромад қиладиган молиявий хизмат пакети ишлаб чиқилади. Бу борада банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади, бюджет ҳисобидан агроном жалб қилиш, ўқитиш, маҳаллада йиғиш, сақлаш ва қуритиш пунктларини ташкил қилиш учун 1 миллиард сўмгача грантлар беради, хонадонларга “Оилавий тадбиркорлик” дастуридан 33 миллион сўмдан, “Бизнесга биринчи қадам” дастуридан 17 миллион сўмдан кредит ажратади.

Кам ҳосил бераётган ерлар 50-100 гектардан йирик лот шаклида, қолгани 1-5 гектардан лотларга бўлиниб, мева-сабзавот экадиганларга таклиф қилинади.

Йирик майдонда маҳсулот экадиганлар қолган кичик майдон эгаларини ҳам шу йўналишга тортади.

Шулар ҳисобига вилоятда мева-сабзавот етиштириш ҳажми икки йилда 3 миллион тоннага, кейинчалик 5 миллион тоннага олиб чиқилиши режа қилинган. Бу мос равишда қайта ишлаш ва экспортни ҳам 2-3 баробар оширишга замин бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси нафақат соҳа мутасаддилари, балки барчани, айниқса, депутатлар ва партия фаоллари зиммасига улкан масъулият юклаб, янги вазифаларни қўяди.

Зеро, сердаромад соҳа – томорқачиликни ривожлантиришда жойларда юзага келаётган муаммоларни партиявий воситалар билан бартараф этиш, соҳага оид қонун ва қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлашни депутатлик ва жамоатчилик назоратига олиш, маҳаллани том маънода гуллаб-яшнаган, ҳуқуқбузарликдан ҳоли, тадбиркорлик ривожланган, аҳоли бандлиги таъминланган, соғлом турмуш тарзи қарор топган, миллатлараро тотувлик ҳукм сураётган, одамлар бугунги ўтаётган кунларидан рози бўлиб, фарзандлари келажагига ҳам ишонч билан қарайдиган масканга айлантириш барчамиздан фаолликни, қўлни қўлга бериб ҳаракат қилишни талаб қилади. Зеро, Президентимиз сўзлари билан айтганда “Янги Ўзбекистонни барпо этишда биз учун энг муҳим ва асосий пойдевор бу – халқ овози, халқ фикри устувор бўлган маҳалладир”.

 Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O’zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий

партия ташкилоти аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    289
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+