Стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш йўлида

08.04.2024, 10:16

Стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш йўлида

Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни ривожлантириш йўлидан бормоқда. Халқларимиз қадимдан яқин қардош халқлар сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича бир-бирини тушунган ва қўллаб-қувватлаб келган. Бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик сифатида тараққиёт ва барқарорлик йўлидан елкама-елка боришмоқда. Қолверса, мамлакатларимизнинг тақдири якдил ва келажаги муштаракдир.

Хусусан, сўнгги йилларда ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича  сезиларли ютуқларга эришилди. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирликлари ва идоралари ҳамда ҳудудлари ўтасида юксак даражадаги алоқалар мунтазам асосда амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Қадимий Хива шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида кооперация алоқаларини ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳаларида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, гуманитар дастурларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тингладилар.

Президентлар товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ бердилар.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаймиз.

Шу билан бирга, учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш, ёшлар иштирокида маданият, таълим ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.

 Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари икки давлат темирйўл маъмуриятлари ўртасида қўшма корхона ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Қўшма корхона Трансафғон йўналишини ривожлантиришда иштирок этади.

Музокаралар Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича юк ташишни ташкил этиш учун Қозоғистон-Хитой чегараси ва Ўзбекистонда ўзаро манфаатли асосда юк терминалларини тақдим этиш ҳақида борди. Бизнингча, бу лойиҳа ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, ташилаётган юклар ҳажмини ошириш, шунингдек, жанубий йўналишда юк ташиш ҳажмини ўстириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Умуман олганда, Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг яқин ва ишончли  шериги ҳисобланади. Ушбу музокаралар Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожига янги куч суръат бағишлашига ишонч билдирамиз.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    182
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+