Ердан самарали фойдаланиш - ёшлар бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим омилидир

09.04.2024, 17:15

Ердан самарали фойдаланиш - ёшлар бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим омилидир

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда истиқболимиз эгалари бўлган ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш, пировардида турмуш фаровонлигини ошириш “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ва “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам устувор вазифа сифатида кўрсатиб ўтилган.  Бугун ёш авлоднинг ўз иқтидорларини намойиш этган ҳолда бахтли фаровон турмуш кечиришларига кўмаклашиш давлатимиз раҳбарининг диққат эътиборида.

Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлди десак, янглишмаймиз. Қарорга кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилади. Аниқроғи, деҳқончилик, боғ ёки чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга ерларни ижарага олишлари учун молиявий кўмак ажратилади, етиштирган маҳсулотларини сотишлари учун харидор топишда ҳам кўмаклашилади.  

Эндиликда ёшлар ер майдонини ижарага бериш бўйича  “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали деҳқончилик қилиш учун ижарага ер олишлари ва яхшигина даромад топишлари мумкин. Аукцион савдолари “Маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар (талабгорлар) ўртасида ўтказилади. Ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари  ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин. Деҳқончилик қилмоқчи бўлган ёшларга маҳсулот етиштириш учун тижорат банклари томонидан 7 йил муддатга 100 млн сўмгача кредит ажратиладиган бўлди.  “Маҳалла еттилиги” ажратиладиган ер майдонини белгилаш учун кафил ҳамда олинган кредитлардан самарали фойдаланилганлигига жавобгар ҳисобланади.   

Ерларни ижарага олиш мақсадида бўлган айрим ёшларни деҳқончилик, боғдорчилик ёки чорвачилик борасида тажрибаси етарли бўлмаслиги мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда улар “Агробанк” АТБнинг “Фермерлар мактаби” “Сувчилар мактаби”, аграр соҳада кадарлар тайёрлайдиган ОТМларга ва ҳудудлардаги кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида ташкил этиладиган ўқув курсларига йўналтирилиб, билим ва малакалари оширилади. Шунингдек, улар аграр соҳадаги ва бошқа олий таълим муассасалари қошидаги ўқув-тажриба участкаларидаги боғ ва токзорлар барпо этиш, сабзавот, картошка, дуккакли ва молий экинлар етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонларида тез-тез бўлишиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш борасидаги амалий тажрибаларини шакллантирадилар ва янада мустаҳкамлайдилар.

Ёшлар учун яна бир имтиёз. Ердан зироат ундирмоқчи бўлганларга мини-техника, ypyғ ва кўчат харид қилиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 5 миллион сўмдан субсидия, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 33 млн сўмгача кредит ажратилади. Уларга фермерлар кенгаши ва Агробанк томонидан жойларда 167 та “Агромарказлар” орқали хусусий секторни жалб қилган ҳолда уруғ, кўчат етказиш, минерал ўғит бериш, мини техника ва агроном хизматлари йўлга қўйилиб, етиштирган маҳсулотини харид қилиш учун қайта ишловчилар ҳамда экспорт қилувчилар бириктирилади. Ушбу мақсадлар учун Ёшлар ишлари агентлиги жамғармасидан 50 миллиард сўмгача, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан 60 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.

Талабгор ёшларга сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккали ва мойли экинлар етиштириш учун суғориладиган ерлар, боғдорчилик-узумчилик йўналишлари учун кўп йиллик дарахтзорлар ёки самарасиз ер майдонлари, доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинлари етиштиришга мўлжалланган лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонларини 30 йил муддатгача “Бир массив-бир маҳсулот” тамойили асосида ижара олишга рухсат берилади.  Вилоят ҳокимликлари ижарага берилган  ерларни сув билан таъминлаш учун қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш, электр энергияси тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида ижарачи ёшларга кўмакдош бўлади.  Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 428-моддасига мувофиқ, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилган ҳамда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилган ерлар беш йил муддатга ер солиғидан озод этилади.  

Аҳамиятли томони шундаки, электрон аукцион савдолари орқали ижарага ер олган ёшлар  ўзлари турган дафтарлардан чиқарилмайди ҳамда улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолишади. Ёшларнинг ерлардан самарали фойдаланаётганлиги, экин турлари ва олинаётган самаралар Ёшлар ишлари агентлигининг “Ёш фермерлар” платформаси орқали назорат қилиб борилади.    

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор билан бугунги йигит-қизларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим орқали қўллаб-қувватланиб, бандлиги таъминланади ва турмуш фаровонлигини оширилади.  Пировардида, улар томонидан етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари халқимиз дастурхонини тўкислигига хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

 O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши  Ижроия қўмитаси раиси,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

 ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    247
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+