Томорқачи аёллар тажрибаси ўрганилмоқда

30.09.2022, 16:06

Томорқачи аёллар тажрибаси ўрганилмоқда

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан партия “Аёллар қаноти”нинг “Намунали томорқачи аёл-фаровонлик бунёдкори!” лойиҳаси доирасида Матлуба Дўстмуродованинг иссиқхонада маҳсулот етиштириш борасидаги тажрибаси ўрганилди. 

Нишон туманидаги “Байналмилал” маҳалласида яшовчи оилавий тадбиркор аёл тўрт йилдан буён иссиқхонада помидор, бодринг ва кўкатлар етиштириб, мўл даромад топган ҳолда рўзғорига барака киритиб келмоқда.  Хонадонидаги 3 сотих майдондаги иссиқхонадан ҳар йили 55 миллион сўм соф даромад қилаётган экан.  Қиш ойларида ўтин, кўмир ёқиб, иссиқхонада керакли ҳароратни таъминлашар экан.

- Туманимиз чўл ҳудудида жойлашганлиги боис, бундан беш олти йил муқаддам тушдан кейин бозордан помидор ёки бодринг маҳсулотини топа олмасдик,- дейди Матлуба Дўстмуродова. -  Чунки туманда бу маҳсулотлар жуда кам етиштирилар эди. Қиш ойларини айтмасак ҳам бўлади. Партия кенгаши ва депутатлари кўмаги билан хонадонларда иссиқхоналар ташкил этила бошлагач, дастурхонлар тўкинлиги таъминланди. Оила аъзоларимиз билан келишган ҳолда хонадонимизда иссиқхона ташкил этдик. Йилига уч-тўрт маротаба помидор ёки бодринг ва кўкатлар экиб бозорга чиқараяпмиз. Даромад йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уйларни қайта таъмирлаб, машинамизни янгилаб олдик. 9 сотих томорқамиз бор. Келаси йилдан қолган майдонда ҳам  иссиқхона ташкил этиб, цитрус мевалар етиштиришни йўлга қўймоқчимиз. Оиламизда ҳамма иссиқхонада ишлайди. Турмуш ўртоғим Содиқ ака, қизим  Сония яқин ёрдамчиларим ҳисобланишади. 

- “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ҳамда Президентнинг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 54-сон қарорида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида аҳоли ўртасида олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишларимиз ўз самарасини бермоқда,-дейди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Гулбаҳор Тўраева. – Қисқа фурсатда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, маҳаллаларни аниқ маҳсулот турига ихтисослаштириш,  бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш учун томорқачиликни йўлга қўйган тажрибали аёллар иштирокидаги маҳорат дарсларимиз кўпчилик аёлларимизда катта қизиқиш уйғотаётир. “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларни аниқ бир экин турига ихтисослаштириш, тажрибали фермер ва тадбиркорлар томонидан ихчам иссиқхоналарни қуриб беришга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бугунги кунда Нишон туманида 26 минг 352 та томорқа хўжаликлари мавжуд бўлиб, уч юздан ортиғида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, цитрус мевалар, помидор, бодринг ва кўкатлар етиштирилиб, бозорларга чиқарилмоқда. Оилавий тадбиркорларнинг аксарияти хотин-қизлар эканлиги партиямиз лойиҳаларининг амалий натижалари деб ўйлайман. Биз “Аёллар қаноти” фаоллари ва депутатлар ҳамкорлигида томорқа хўжаликларини янада ривожлантириш, ҳосилдорлик кўпайтириш мақсадида томорқачиларга деҳқончилик илмидан маҳорат дарслари ўтиш борасида дастур асосида иш олиб бораяпмиз. Асосий мақсад-хотин-қизлар бандлиги ва оилалар фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдир.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    543
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+