ТДТ саммити: Ташқи бозорларни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга

11.11.2022, 16:39

ТДТ саммити: Ташқи бозорларни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга

Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилаётган йиғилишда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, кузатувчи мамлакат Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саммитнинг фахрий меҳмони - Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ташкилот бош котиби Бағдод Амреев иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Мамлакатлар ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилингани эътироф этилди. Шу билан бирга, ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятлари тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам таъкидланиб, бу борада ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий пойдеворини янада мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун Ташкилот доирасида “янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу мақсадларга эришиш учун Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Ушбу Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмалар ўтказиш катта амалий натижа беришлиги таъкидланди.

Туркий давлатлар ташкилоти нафақат ўз мамлакатларини, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Президентимиз бу борадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқиш, аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида қатор таклифларни ўртага ташлади.

Биринчидан, ТДТнинг глобал ва ички бозорлар эҳтиёжлари, давлатларнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш вақти келганлиги;

Иккинчидан, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш муҳимлиги;

Учинчидан, ижобий тажриба асосида, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “Смарт” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш лозимлиги борасидаги таклифлар билдирилди.

Бир сўз билан айтганда, саммит доирасида эришиладиган келишувлар, қабул қилинадиган ҳужжатлар нафақат ТДТ маконида, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    1296
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+