Сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун ажратилган субсидиялар нега ўзлаштирилмай қолган?

21.11.2022, 19:13

Сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун ажратилган субсидиялар нега ўзлаштирилмай қолган?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойлик ижроси муҳокама қилинди.

Депутатлар кун тартибидаги масалани муҳокама қилиш чоғида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, иқтисодий соҳада белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда дунё бўйлаб кузатилаётган бир қатор иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммолар жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Шундай бир шароитда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларида давом этмоқда.

Иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари хизматлар ва саноат соҳаси бўлиб, мос равишда 7,9 ва 5,5 фоизга ўсди. Қолаверса, шу давр мобайнида қурилиш соҳаси 6,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 3,6 фоизга ўсди.

Ҳисобот даврида озиқ-овқат, тўқимачилик, металлургия ва автотранспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ишлаб чиқарадиган саноатнинг 61,9 фоизини ташкил қилди. Хусусан, 2022 йил январ-сентябрь ойларида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 3,9 фоизга кўпайиб, 41,9 трлн. сўмни, тўқимачилик маҳсулотлари 7,7 фоизга ошиб, 43,0 трлн. сўмни, металлургия саноати 3,9 фоизга кўпайиб, 80,9 трлн. сўмни ташкил этди.

Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилиш энг муҳим масалалардан саналади. O'zLiDeP сайловолди дастурида ҳам Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ушбу йўналишдаги ишлар таҳлил қилинганда, мамлакатимизда 2022 йил январ-сентябрь ойлари давомида асосий капиталга жами инвестициялар 190,0 трлн. сўмни ташкил қилгани маълум бўлди.

Фракция йиғилишида ўтган даврда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 248,7 трлн. сўмни, қўшилган қиймат миқдори 143,5 трлн. сўмни ташкил этиб, соҳада ишлаб чиқаришнинг 241,8 трлн. сўми деҳқончилик ва чорвачиликка тўғри келганига алоҳида эътибор қаратди.

Давлат бюджети харажатларининг ижроси ҳам таҳлил қилиниб, соҳалар кесимида ажратилган маблағларнинг тўғри йўналтирилиши, баъзи йўл қўйилган камчиликлар очиқ-ойдин тилга олинди.

Хусусан, фракция аъзолари қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун бюджетдан ажратиладиган субсидияларга 10,0 млрд. сўм режалаштирилгани, лекин жорий йилнинг 9 ойида нега жами 1,9 млрд. сўм сарфлангани сабаби билан қизиқди.

Қизғин муҳокамалар давомида депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олинди. Тегишли вазирлик вакиллари бу борада барча зарурий чоралар кўрилаётгани, субсидия ажратилишида муаммолар йўқлигини маълум қилди.

Савол-жавоблар ва муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг 2022 йил 9 ойлик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

  • Кўрилди
    384
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+