Аёлнинг билимли, ҳунарли бўлиши оиланинг катта ютуғидир

02.02.2023, 15:40

Аёлнинг билимли, ҳунарли бўлиши оиланинг катта ютуғидир

Президентимизнинг жонажон Андижонимизга бу галги ташрифи бизнинг Бўстон туманидан бошлангани ҳаммамизни қувончимизга сабаб бўлди.

Бўстонимиз иқтисодий жиҳатдан қолоқ туманлардан эди. Юртбошимиз ташаббуслари ва раҳнамоликлари остида бугун Бўстонимизда мана шундай йирик корхоналар қурилиб, ишга туширилди. Ушбу янги корхоналарда мен каби ёш опа-сингилларимиз ўзининг иш ўрнига эга бўлди. Бунинг ортидан моддий фаровонлиги ортиб, оила ва жамиятда ҳам ўз ўрни ва қадрини топа бошлади.

Бизнинг тўқимачиликка ихтисослашган корхонамизда мингга яқин опа-сингилларимиз Туркиядан келтириб ўрнатилган замонавий ускуналарда меҳнат қилишмоқда. Деярли ҳаммамиз эҳтиёжманд хотин-қизлар сирасига кирардик. Корхонамиз ҳузуридаги касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув марказида касбга ўқитилиб, ишга қабул қилиндик. Буларнинг бари Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат, инсонпарварликнинг маҳсули, деб биламан. Кечагина тикувчилик, тўқувчилик борасида тушунчага эга бўлмаган, қўлида игна тутмаган опа-сингилларимизнинг бугун касбга ўқитилиб, сўнгги русумдаги замонавий техникаларда меҳнат қилаётгани замирида жуда катта инсонпарварлик мужассам эмасми?!

Бугун биз катта аҳил жамоамиз билан эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 турдан ортиқ трикотаж маҳсулотларини “Elegance SM” бренди остида ишлаб чиқараяпмиз. Сифатли, бежирим маҳсулотларимизнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган.

Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган мана шу даргоҳда меҳнат қилаётганимиздан фахрланамиз .

Юртбошимизнинг корхонамизга ташрифи биз учун кутилмаган ғоят қувончли воқеа бўлди. Мамлакатимиздаги опа-сингилларимизнинг фаровон турмуши, давлат ва жамият ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини топиши учун қайғурадиган, бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган Президентимиз биз билан самимий суҳбатлашди.  

Аёлнинг билимли, ҳунарли бўлиши оиланинг катта ютуғи эканини таъкидлади. Корхонамизга муваффақият, оилаларимизга фаровонлик тилади.

Президентимиз билан кечган суҳбат бизни руҳлантириб юборди. Катта мотивация берди. Шижоат бағишлади. Ўқиб, билим олиб, ўз касбимизнинг сир-асрорларини ўрганиб, ўз устимизда ишлаб, Янги Ўзбекистонимизнинг ёруғ келажаги учун хизмат қиладиган фарзандлар тарбиялаб, эл-юрт корига ярашга ундади.

Давлатимиз раҳбарининг “Оналаримиз юксак фазилатли, мард, жасур фарзандларни тарбиялаб берса, биз уларни замонавий мактаб ва олийгоҳларда камолга етказамиз. Мақсадимиз – ҳар бир оила, хонадон ва маҳалла мана шу улуғ ҳаракатнинг марказига айлансин”, - деган гаплари ҳар биримиз учун дастуруламал бўлиши керак, деб биламан.

Юртимиз отасининг биз аёлларга кўрсатаётган ғамхўрликларига нисбатан лаббай, деб жавоб бериб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлишимиз лозим.

 

Нилуфар Юсупова,

O`zLiDeP Бўстон туман Кенгаши қошидаги

 “Аёллар қаноти”фаоли,

“Сайёра фаввораси” МЧЖ ишчиси

  • Кўрилди
    605
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+