Қуйи бўғинларда ҳисобот сайлов йиғилишлари бошланди

15.02.2023, 11:37

Қуйи бўғинларда ҳисобот сайлов йиғилишлари бошланди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг тегишли қарорига асосан шу йилнинг 15 февралидан эътиборан бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари старт олди. Икки ой давом этадиган мазкур муҳим жараён давомида БПТлар фаолияти хусусида аниқ хулосалар чиқарилади. Зеро, ҳар қандай партиянинг асосий таянчи унинг бошланғич ташкилотидир. Сабаби, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда фаолият юритаётган, бевосита одамлар билан ишлайдиган, уларни партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида бирлаштирадиган тузилма айнан қуйи бўғиндир. Шунингдек, БПТларнинг ўтган йилдаги фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, жорий йилда қилиниши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган.

Қайд этиш керакки, мазкур муҳим тадбирларда таянч нуқталар ишини баҳолаш, раис ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш энг асосий вазифа ҳисобланади. Зеро, бугунги кунда атрофига 1 миллион 300 мингга яқин партия аъзони бирлаштирган 14132 та қуйи бўғинга муносиб етакчилар раҳбарлик қилиши истиқболдаги устувор вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишига хизмат қилади.

Йиғилишларда, юқорида таъкидланганидек, таянч тузилмалар етакчиларининг 2022 йилдаги фаолият юзасидан ҳисоботлари эшитилмоқда. Шунингдек, кун тартибидан  “2023 йил "Инсонга эътибор ва сифатли таълим"  йилида амалга оширишга оид давлат дастури”нинг ижросидан келиб чиқиб қуйи ташкилотларнинг жорий йилга мўлжалланган аниқ ва мақсадли режалари белгилаб олинмоқда.

Ҳисобот-сайловларнинг қизғин ва жонли ўтишини таъминлаш мақсадида “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, “Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатиш”, “Партия депутатлик гуруҳлари ва бошланғич ташкилотларнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни”, “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш” сингари қўшимча мавзуларга ҳам мурожаат қилинмоқда.

Бир сўз билан айтганда БПТлар фаолиятини жонлантиришга давр олдимизга қўяётган талаблардан келиб чиқиб ёндашилмоқда. Бинобарин, бошланғич ташкилот фаолияти қанчалик самарали бўлса, партия кенгашларининг амалий ишлари салмоғи ҳам шунчалик ортади. Бу эса партиянинг жамиятда таъсир кучи, обрў-эътибори ошишига, дастурий мақсадлари рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Умиджон Абдурахмонов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

БПТлар билан ишлаш сектор мудири

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    382
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+