Бухоролик маслакдошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда

02.04.2024, 16:54

Бухоролик маслакдошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда

Жойларда партия фаоллари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида кутилган самарадорликка эришишда ҳеч муболағасиз O'zLiDeP қуйи бўғинлари ишчанлиги ва ташаббускорлиги муҳим аҳамият касб этиши ўз-ўзидан аён. Дарҳақиқат, БПТларнинг талаб даражасидаги изчил фаолияти жойларда партиямиз обрў-эътибори ва нуфузининг ошишида асосий мезон деб белгиланиши ҳам бор гап. Айнан шу партиявий жиҳат вилоятимизнинг Бухоро шаҳри, шунингдек, Ғиждувон, Қоракўл, Вобкент, Жондор ва Шофиркон туманларида ўтказилган бу йилги қуйи бўғинлардаги ҳисобот-сайлов йиғилишларида яққол кўзга ташланди.

Бугунги кунда Бухорода O'zLiDePнинг 886 та таянч бўғини бўлиб, улар ўз атрофига 101510 нафар партия аъзосини бирлаштирган. Бу ўтган 2023 йилнинг шу даврига нисбатан
22534 нафарга кўпдир. Сон ортидан қувиб сифат кўрсаткичига асосий эътибор қаратилмаяпти, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Шу кунгача ҳисобот сайлов йиғилишлари ўтказилган 842 та БПТда кун тартибида белгиланган масалалар билан бирга ўтган давр ичида сиёсий тузилмамизнинг дастурий мақсад-вазифаларини ўз касб-коридан қатъий назар кундалик фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган 22534 нафар бухоролик маслакдошларимизнинг O'zLiDeP сафига қабул қилинганлигидан ҳам билиб олиш қийин эмас. Эътиборлиси, партиямиз янги аъзолари сафининг вилоятдаги бир қатор йирик корхоналарда, хусусан  “Бухоро Агрокластер”, “Тола кластер”, “Парвоз Хумо Равнақ Транс”, “BCT Cluster”, “Ғайрат Чодак” МЧЖлари ва “Бухоро нефтни қайта ишлаш” заводида ташкил этилган O’zLiDeP қуйи бўғинларида кенгайиб бораётганлиги эътиборлидир.

Танқидий ва тахлилий руҳда ўтказилган бу йилги ҳисобот-сайлов йиғилишлари партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари масъуллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг иштироки қуйи бўғинлар фаолиятидаги айрим хато ва камчиликларни рўй-рост тан олиш имконини ҳам берди. Шу тариқа ўз ишига нолойиқ деб топилган, сиёсий билим ва амалий тажрибаси бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган 33 нафар етакчи ўз вазифасига қайта сайланмади. Улар ўрнига серғайрат, ташаббускор, билимли ва изланувчан сафдошларимизга юксак ишонч билдирилиб, келгусида улар ғайрат-шижоат билан фаолият олиб борадиган бўлдилар. Табиийки, БПТлар янги раисларининг кўпчилигини ёш авлод вакиллари ташкил этади.

Барча ерда бўлганидек, вилоятдаги партия қуйи бўғинларида ўтказилган бу йилги ҳисобот сайлов йиғилишларида ҳам “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бошланғич партия ташкилотлари олдида турган вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳудудларда кичик, ўрта бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигига эришиш ва бошқа масалалар бўйича ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар ижросини таъминлаш диққат марказида турадиган бўлди.

Зотан Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайловлар йилида вилоятдаги партиявий-ташкилий, тарғибот-ташвиқот ишларини янги босқичга кўтариш жойлардаги O’zLiDeP қуйи бўғинлари зиммасидаги долзарб вазифалардан биридир. Бўлажак муҳим сиёсий жараёнга пухта тайёргарлик доирасидаги барча тадбирларнинг энг фаол БПТлар иштирокида ўтказилиши партиямизнинг навбатдаги сиёсий жараёнда муваффақиятли иштирокини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Абдурасул Мансуров,

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Ташкилий-партиявий ва истиқболли кадрлар билан

ишлаш бўлими мудири

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    246
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+