Эл дардига дармон

17.02.2023, 10:29

Эл дардига дармон

Инсон яхши яшашни орзу қилади. Аммо уй қуриш ҳамманинг қўлидан келавермайди. айниқса, ногиронлик нафақасига кун кўрадиганлар учун бу жуда мушкул вазифа.

Ғузор туманидаги Хумдон қишлоғида яшовчи ногиронлар Марҳабо Сайитова ва Нарвай Тоиров анчадан буён эски уйда яшаётгани боис депутат Шуҳрат Аслановга ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Халқ ноиби аҳвол ҳақиқатан ҳам ачинарли эканини ўз кўзи билан бориб кўрди. Зах ва вайронага айланган иморатлар нураш арафасида эди.

Орадан кўп вақт ўтмай қурувчилар ишга киришишди. Қисқа фурсатда ҳомийлик асосида замонавий уй бунёд этилди. Шунингдек, Гулистон, Дўлтали, Истиқбол ҳамда Чугуртма маҳаллаларида яшовчи кам таъминланган 5 та оила ҳам депутат кўмагида янги бошпанали бўлишди.

Шуҳрат Аслановнинг ташаббуси билан Ғузор ва Деҳқонобод туманларида истиқомат қилаётган ишсиз ёшларнинг  бандлигини таъминлаш мақсадида тегишли вазирликлар ҳамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида “Малака ошириш бўйича ўқув марказлари” ташкил этилган. Мазкур марказни ҳозирга қадар 200 нафар йигит-қиз танлаган соҳалари бўйича битириб, турли корхона ва ташкилотларда ишламоқдалар.

Жонкуяр депутатнинг сайлов округи ҳудудидаги оилалар фарзандларини мактабгача  таълим ташкилотларига қамраб олиш ишлари ҳам талаб даражасида эмасди. Шу муносабат билан ўтган уч йил мобайнида  4 та мактабгача таълим ташкилоти қайта реконструкция қилинди ва янгидан қурилди. Айни пайтда Хумдонда 150, Дўлталида эса 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотларини  қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилаётир. Шакарбулоқдаги 55-мактаб биноси тўлиқ таъмирланиб, ўқувчилар ихтиёрига берилди.

Шерали, Даштобод, Янгиҳаёт, Янгикент, Тошгузар, Тенгдош, Нурафшон, Мевазор, Истиқбол, Файзобод, Эшонқудуқ ва Қоракўл маҳаллалари ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган оилаларнинг ҳолларидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиб келинмоқда. Эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг хатна тўйларини ўтказиш, совға-саломлар улашиш анъанага айланган. Депутат “Байрамни сиз билан бирга нишонлаймиз” хайрия акциясининг ташаббускори сифатида ҳам элнинг дуосини олаётир. Бу акция доирасида қишлоқларда яшаётган боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг фарзандларига кийим-кечаклар улашилмоқда. Ногиронлиги бор фуқаролардан Шерали Жўраевга Тошкент шаҳрига бориб даволаниши  учун амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, Акбар Холиев уйининг том қисми таъмирлаб берилди. Истиқбол, Чугуртма, Дўлтали ва Гулистон қишлоқларида яшовчи Адолат Чориева, Дилфуза Давлатова, Дилрабо Худоёрова ва  Завра Жўраевларга ҳам янги уй  қуриб берилди.    

Шуҳрат Асланов нафақат депутат, балки, йирик корхона раҳбари сифатида ҳар йили Қарши шаҳар ҳокимлиги ва вилоят бандлик бош бош қармаси билан ҳамкорликда фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни такомиллаштириш ва ривожлантириш ҳамда талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари” ярмаркасида иштирок этади. “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан таъсис этилган стипендия соҳибларини ўзи тақдирлайди. Корхона истиқболига хизмат қиладиган билимдон ва иқтидорли кадрлар битирувчи ёшлар орасидан ана шу тариқа танлаб олинади.

– Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга алоҳида аҳамият беряпмиз, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Асланов. – Унда белгилаб берилган устувор йўналишлар ижроси бўйича депутатларимиз олдида турган вазифалар аниқ.  Кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси воҳамизнинг туман, шаҳар кенгашларида ўрганилиб, 7 та устувор йўналиш борасида амалий таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Йил бошидан буён вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари фаолияти мониторинг қилиб борилмоқда. Ҳар чоракда уларнинг партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш, сайловчиларнинг муаммоларини бартараф этиш борасидаги ишларига баҳо берилади. Зиммадаги масъулиятни унутиб қўйган, партия кенгашлари билан алоқани узган, сайловчиларнинг муаммолари билан шуғулланмаётган депутатларга кескин чоралар кўрилади.

Бу йил Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилганининг 20 йиллиги нишонланади. Шу муносабат  билан партия иши ривожига муносиб ҳисса қўшган ходимлар, сайловчилар ишончини қозонаётган фаол депутатларни рағбатлантиришни режалаштиряпмиз.  

Ҳа, 9-Гулистон сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Шуҳрат Асланов ана шундай сиёсий етук, ташаббускор инсонлардан. Зиммасига улкан мажмуага, партия вилоят кенгашига раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилган бўлса-да, номзоди учун овоз берган сайловчилари билан учрашишга, уларни қийнаб келаётган муаммоларнинг мақбул ечимларини топишга астойдил ҳаракат қилаётганлиги боис сайловчилар ундан ҳамиша миннатдор. Унинг депутатлик фаолиятини барча ҳамкасбларига ибрат қилиб  кўрсатса арзийди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    445
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+