Янгиланаётган Конституцияда ёшларга эътибор кучаймоқда

03.04.2023, 16:08

Янгиланаётган Конституцияда ёшларга эътибор кучаймоқда

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Тўрткўл туманида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, туман Кенгаши депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар фаол иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Мамутов, туман ҳокими ўринбосари У.Аллабергенов, республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Ж.Сеттиев сўзга  чиқиб, бош қомусимизга киритилаётган жамики ўзгартиришлар “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси остида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.   

 Таъкидланганидек, кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадлар рўёбини ёшлар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.  Фуқаролик жамияти – юксак фазилатга эга бўлган инсонлар жамиятидир. Фуқаролик жамияти шундай ижтимоий тузумки, унда қонунлар устуворлиги таъминланади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қарор топади, сиёсий партиялар ва институтлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги таъминланади, инсонга унинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти шаклларини эркин танлаш кафолатланади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мавқеи юксак бўлади.  

Айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш давлатнинг энг муҳим конституциявий вазифаларидан бири бўлади.  Янгиланаётган  Конституцияда алоҳида  модда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган. Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Тадбирда сўз олган ёшлар, Янгиланаётган Конституциянинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор нормаларини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда Бош қомусимизни  “Конституция – ёрқин келажак гарови” дея эътироф этишга ҳам барча асослар борлигини алоҳида таъкидлади. Тадбир якунида барча ёшларни бўлажак референдумда фаол иштирок этишга чақирди.  

Тадбир туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари томонидан тайёрланган концерт  дастурига уланди.      

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири  

  • Кўрилди
    430
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+