Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди

26.02.2024, 17:32

Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди

Бугун O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонидан келиб чиқувчи O’zLiDeP ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда сўз олганлар Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш нафақат ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилоти, балки сиёсий партия вакиллари, айниқса, O‘zLiDeP ҳамда унинг депутатлик корпуси зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклаши таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда фармоннинг партия дастуридаги вазифаларга ҳамоҳанг жиҳатлари ва ундан келиб чиқувчи вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб борилади.

Унга кўра, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилади. “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ҳар бир лойиҳа ғолибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади, хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Фармони билан партиянинг асосий мақсади ҳисобланган барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлиши, инвестициялар эса ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан камида 30 фоиз бўлиши таъминланади. Иқтисодиёт тармоқларида қиймати 18 миллиард доллар бўлган 309 та йирик лойиҳалар ишга туширилади. Йиллик инфляция даражаси 9 фоизгача ва фискал тақчиллик 4 фоизгача бўлиши таъминланади, кейинчалик инфляция ва Давлат бюджети тақчиллиги кўрсаткичларини пасайтириш чоралари кўрилади.

Миллий иқтисодиётни ривожлантириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланди. Бизнес учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида “Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” амалга оширилади. Унга кўра, комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали 2 миллион аҳоли бизнесга жалб қилиниб, янги иш ўринларини яратиш орқали 5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга қатор имтиёзлар бериляпти. Хусусан, халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади. Шунингдек, уч йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади.

Яна бир муҳим тармоқ "яшил иқтисодиёт"га ўтиш ва “яшил энергия” манбалари салмоғини ошириш борасидаги ишлар тизимли давом эттирилади. Яъни, 2024 йил 1 апрелга қадар “яшил энергия” сертификатлари айланмаси бозор тамойиллари асосида йўлга қўйилади. Бу албатта, мамлакатимизда барқарор ва узлуксиз электр энергияси таъминланишига хизмат қилади.

Сувдан оқилона фойдаланиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилади. 2024 йил 1 мартга қадар сув каналларини реконструкция қилиш ишларига Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган 500 миллиард сўм маблағлар доирасида камида 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаш ишларини якунлаш чоралари кўрилади. Бу орқали қишлоқ хўжалиги ерларида сув танқислигини олдини олиш мақсадлар кўзда тутилган.

Очиқ ошкора, савол-жавобларга бой тарзда ўтган қўшма йиғилишда, мазкур фармон ва унда белгиланган долзарб вазифаларни оғишмай амалга ошириш, Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+