Маҳсулотлар қийматининг 5 фоизигача бўлган қисмига қўлланлиши керак бўлган жарималар корхоналар ихтиёрида қолади

02.05.2023, 09:58

Маҳсулотлар қийматининг 5 фоизигача бўлган қисмига қўлланлиши керак бўлган жарималар корхоналар ихтиёрида қолади

Жорий йилнинг 1 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

Йиғилишда кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат — “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, унинг бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ҳамда маромига етказиш бўйича бир қатор таклифлар берди.

Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунига экспорт шартномаси доирасида жами маҳсулотнинг 5 фоизидан ошмаган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлламаслик бўйича қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган янги нормалар эса партия электорати бўлган тадбиркорларнинг экспорт фаолиятини қўшимча қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий маҳсулотларнинг хорижий бозорларда рақобатбардошлигини ошишига хизмат қилади.

— Мамлакатимизда сўнгги 6 йил ичида катта иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов. —Ушбу қонун лойиҳасида бир экспорт шартномаси доирасида жами маҳсулотнинг 5 фоизидан ошмаган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлламаслик назарда тутилаётгани диққатга сазовордир. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали экспорт шартномаси доирасида экспортга юкланган маҳсулотлар қийматининг 5 фоизигача бўлган қисмига қўлланлиши керак бўлган жарима суммалари корхоналар ихтиёрида қолади. Бу эса бугун ўз фаолиятини янада ривожлантиришни истаган барча даражадаги тадбиркорлар учун соғлом рақобат муҳитидаги тенг имконият демакдир.

ЎзЛиДеП мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бизнес вакилларининг эркин фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратишни муҳим вазифа, деб билади. Жумладан, партия сайловолди дастурида экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича давлат харидларини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шу жиҳатдан, фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давомида унда назарда тутилаётган янги нормалар партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Қизғин бахс-мунозалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер участкалари ижара турларининг ўзига хос хусусиятларини белгилаган ҳолда, уларни гаровга қўйиш ҳамда ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

  • Кўрилди
    534
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+