БИЗНИНГ МАҚСАДИМИЗ АНИҚ ВА ЎЗГАРМАСДИР – ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҚУРИШ ЙЎЛИНИ ЯНАДА ҚАТЪИЙ ДАВОМ ЭТТИРАМИЗ

31.05.2023, 16:44

БИЗНИНГ МАҚСАДИМИЗ АНИҚ ВА ЎЗГАРМАСДИР – ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҚУРИШ ЙЎЛИНИ ЯНАДА ҚАТЪИЙ ДАВОМ ЭТТИРАМИЗ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА КЎРСАТИЛГАН НОМЗОД ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВНИНГ ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ XI СЪЕЗДИДАГИ НУТҚИ

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Азиз ватандошлар!

Сизлар билан мамлакатимиз ҳаётидаги ўта муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида учрашиб турганимдан бағоят хурсандман.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси менинг номзодимни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига илгари сургани учун сиз – партия аъзолари ва фаолларига чексиз миннатдорчилик билдираман.

Барчамиз яхши биламизки, мазкур партия илгари фақат тадбиркор ва ишбилармонларни бирлаштирган бўлса, қисқа муддатда шифокор ва ўқитувчи, қурувчи ва муҳандис, олим ва ижодкорларни ҳам ўз сафига жалб этиб, катта сиёсий кучга айланди. Бугунги кунда у ўзининг эзгу ғоя ва ташаббуслари билан жамиятимизда катта обрў-эътиборга эга бўлган партиядир.

Айни вақтда ислоҳотларимиз ва ташаббусларимизда биз билан ҳамфикр бўлиб, номзодимни қўллаб-қувватлаган “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилларига ҳам ташаккур айтаман. “Миллий тикланиш” партияси юртимиздаги минг-минглаб зиёлиларнинг ўй-фикрлари, орзу-интилишларини ўзида мужассам этади. Ўз фаолиятини Ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган, миллий ўзлигимизни асраш, маънавий қадриятларимизни ривожлантириш ва ёш авлодга безавол етказишдек эзгу ишга бағишлаган партия аъзоларининг ушбу қарори ва қўлловини мен юксак қадрлайман.

Чиндан ҳам, бизни – Ўзбекистоннинг фидойи фарзандларини Ватан мустақиллиги, эл-юрт манфаати каби юксак мақсад ва ғоялар бирлаштиради.

Бугунги учрашувимизда сўнгги олти ярим йилда иқтисодиётимизни “оёққа турғизиб”, юз минглаб ишчи ўринлари яратган илғор тадбиркорларимизни, бозорларимизни тўкин-сочин қилиб келаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизни ҳамда кластерлар раҳбар ва ходимларини, ҳаётга дадил кириб келаётган билимли, азму шижоатли ёшларимизни, ўз касбига фидойи илм-фан ва маданият намояндаларини, жонкуяр муаллим ва шифокорларимизни; хонадонларимиз файзи, маҳаллаларимиз “виждони” бўлган донишманд нуронийларимизни, Ватанимиз байроғини жаҳон майдонларида баланд кўтараётган спортчиларимизни, бир сўз билан айт ганда, кўпмиллатли халқимизнинг муносиб вакилларини кўриб турганимдан беҳад мамнунман.

Менга билдирган ишончингизни сизлар билан, халқимиз билан биргаликда амалга оширган ислоҳотларимизга берилган холисона ва юксак баҳо, деб қабул қиламан.

Бугун бир ҳақиқатни ишонч билан айта оламиз: ўтган даврда биз катта ва мураккаб йўлни босиб ўтдик. Ўзбекистонимиз, бутун жамиятимиз, одамларимиз ҳаёти тубдан ўзгарди.

Албатта, ютуқ ва муваффақиятларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин Эришилган натижанинг ўзи энг яхши кўзгудир, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ўтган даврда биз қўлга киритган марралар кўп нарсани англатади. Энг муҳими, ҳар бир юртдошимиз уларни ўз ҳаётида сезмоқда. Ўзбекистонимиз том маънода Янги Ўзбекистонга айланмоқда.

Бунинг тасдиғи сифатида фақат бир мисол келтирмоқчиман: бундан олти-етти йил олдин асосан пахта, олтин, мис ва газ хомашёсини сотиб, даромад кўрган мамлакатимиз қисқа муддатда минтақамизда иқтисодиёти диверсификация қилинган, тайёр маҳсулотлар экспорти жадал ўсиб бораётган давлатга айланди. Энг асосийси, одамларимизда, тадбиркорларимизда қўрқув, умидсизлик ҳисси йўқолиб, ўзи ва оиласи, фарзандларининг ҳозирги ва эртанги кунига мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.

Албатта, бу ишларни уддалаш осон бўлмади, лекин ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, биз бунга эришдик. Ислоҳотларимизга ортга қайтмайдиган, муқаррар тус бериш ва уларни ҳуқуқий кафолатлаш мақсадида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Ишонамизки, Асосий қонунимиз – биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг, биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг буюк пойдевори бўлиб хизмат қилади.

 

Азиз дўстлар!

Бугунги кунда аҳолимиз йилига 2 фоиз ўсмоқда, насиб этса, 2030 йилга бориб 40 миллионли мамлакат бўламиз. Бундай катта давлатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқимизга муносиб шароит яратиш учун иқтисодиёт ҳам, бошқарув ҳам, таълим ва тиббиёт ҳам янгича бўлиши, барча соҳаларда ўсиш, ривожланиш бўлиши керак.

Шу маънода, Янги Ўзбекистон бу – аввало инсон қадри улуғланган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакатдир.

Янги Ўзбекистон, бу – соғлом, билимли ва маънавий баркамол инсонлар юртидир.

Янги Ўзбекистон, бу – глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим ва ажралмас бўғинига айланган, кучли иқтисодиётга эга бўлган давлатдир.

Янги Ўзбекистон, бу – инсон ва бизнес манфаатлари адолатли қонунлар асосида ҳимоя қилинадиган жамиятдир.

Янги Ўзбекистон, бу – мамлакат ичкарисида ёки хорижда бўладими, ватандошларимизни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қила оладиган, чегаралари ишончли қўриқланадиган, хавфсиз ва барқарор давлатдир.

Мен Янги Ўзбекистонни шундай тасаввур қиламан ва ишонаман – ана шу эркин ва фаровон, қудратли давлатни халқимиз билан биргаликда албатта қурамиз!

Ҳурматли съезд иштирокчилари!

Бизнинг уч минг йиллик давлатчилик тарихимиз, бой ва бетакрор маданиятимиз – неча-неча аждодларимиз, ота-боболаримиз қилган фидокорона меҳнатлар, изланиш ва жасоратлар маҳсулидир. Шу маънода, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улуғвор мақсадларимизга ҳам биз фақат ва фақат мардона меҳнат билан эриша оламиз.

Биз ўтган олти ярим йилда янги даврга ўтиш учун сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий пойдевор яратдик. Келгуси етти йилда эса, “Янги Ўзбекистон” деган муҳташам иморатни барпо этиш бош вазифамиз бўлади.

Бу борада бешта стратегик мақсад яқин келажакдаги фаолиятимизда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Биринчи мақсад – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш.

Дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, инсон учун, шахс камолоти учун яратилган имкониятлар жамият тараққиётида асосий рол ўйнайди.   

Бу ҳақда сўз юритганда, донишмандларнинг “Ҳар қайси инсоннинг қалбида бир қуёш бор, фақат унга нур сочиш имконини бериш керак”, деган сўзларини эслаш ўринлидир.

Чиндан ҳам, инсондаги ақл-заковат, истеъдод ва қобилият қуёш каби нур сочиб, унинг йўлини ёритса, бунинг учун имконият яратилса, жамиятда ўсиш, ўзгариш ва равнақ бўлади.

Халқаро экспертлар билан бирга ўтказган таҳлилларимиз кўрсатмоқдаки, бугун ҳаётимиздаги мавжуд шароитлар болаларимизга фақат 60 фоиз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкон берар экан.

Шу боис, биз таълим-тарбия соҳасини тубдан ўзгартиришга бел боғлаб, ислоҳотларни боғчалар тармоғини кенгайтиришдан бошладик ва сўнгги йилларда қамровни 27 фоиздан 72 фоизга олиб чиқдик.

Ўтган даврда мактаб таълимида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Шу билан бирга, 200 га яқин Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил қилинди.

Энг муҳими, таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келди. Буларсиз ушбу соҳада ўзгариш бўлиши мумкин эмас.

Бошланғич синф дарсликлари энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланди. Мактабларга минглаб хорижий муаллимлар олиб келинди. Бугун қанча-қанча оддий оилалар фарзандлари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлмоқда, нуфузли хорижий олийгоҳларга кирмоқда. Уларнинг ота-оналари қувончи чексиз.

Айни вақтда барчамиз яхши тушунамизки, бу ишлар улуғ мақсад йўлидаги дастлабки қадамлардир. Олдимизда янада улкан вазифалар турибди. Масалан, бу йил мактабларни 390 минг ўқувчи битирган бўлса, 700 минг бола 1-синфга боради. Келгуси йилларда бу рақам 1 миллионга чиқади. Бу эса, табиийки, биздан янада улкан куч ва ресурсларни сафарбар этишни талаб қилади. Шу боис, мактабгача ва мактаб таълимини юқори босқичга олиб чиқиш бўйича янги дас турларни бошлаймиз.

Энг аввало, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланади ва қамров 100 фоизга етказилади. Бунинг учун ишлаб чиқариш корхоналарининг боғча қуришга сарф этиладиган харажатлари солиқлардан тўла озод қилинади. Шунингдек, бу мақсадларга 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит берилади. Натижада, 2030 йилга қадар қўшимча 2 мингта боғча қурилади.

Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Бу имтиёз бола хусусий боғчага борса ҳам қўлланади.

Боғча ва мактабларимиз фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Мактабгача таълим муассасаларида оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган, сут ва йод билан тўйинган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади. Болажонларимизни эрта ёшдан бошлаб замонавий технологияларга ўргатиш мақсадида ҳар бир боғча компьютер синфи билан таъминланади.

Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратишимиз, таълим сифатини тубдан яхшилашимиз зарур. Шу мақсадда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастурини амалга оширамиз.

Хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади. Давлат-хусусий шериклик асосида мактаблар қуришни кенг жорий этамиз. Бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади. Чекка ҳудудларимизда мактаб автобуслари бепул йўлга қўйилади.

Биринчи навбатда эҳтиёжманд оилада тарбия топаётган болаларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш учун зарур чораларни кўрамиз. Шу сабабли 2030 йилгача барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод – интилиш – истиқбол” деб номланадиган мактаб-интернатлар ташкил этилади. Уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароит яратилади ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратилади.

Ёшларимиз учун дунё эшикларини очадиган калит, бу – хорижий тилларни билишдир. Бу борада, келгуси етти йилда барча мактабларга чет эллардан “тил эгалари” бўлган ўқитувчиларни олиб келамиз. Бунинг учун ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилади. Дунёдаги энг нуфузли 500 олий ўқув юрти рўйхатига кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим” жорий этилади.

Бундан ташқари, биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшларимизни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборамиз. Бунинг учун, 200 миллион доллар йўналтирамиз.

Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилади. Биз ҳурматли профессор ва академиклар, илмий тадқиқотлар олиб бораётган магистр ва аспирантлар, олийгоҳлар ўқитувчи ва домлалари, бир сўз билан айтганда, заҳматкаш илмий ва ижодкор зиёлиларимиз Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини юксак қадрлаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасига миннатдорчилик билдириб, самимий ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Бу йил Ўзбекистон илм-фанининг асосий таянчи бўлган Фанлар академияси ташкил топганига 80 йил тўлади. Бу қутлуғ санани ҳаммамиз биргаликда нишонлаймиз.

Биз Янги Ўзбекистонни бунёд этишда соғлом ва баркамол ёшларимизни ҳал қилувчи куч деб биламиз. Шу мақсадда уларнинг билим, маданият, санъат ва спорт бўйича салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш борасида ҳам янги тизим яратамиз.

Такрор ва такрор айтаман: Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни – билим, таълим ва тарбия бўлади.

Ёшларимизнинг фаоллиги, Ватанимиз тақдири ва тараққиётига бефарқ эмаслиги, эртанги кунга катта умид ва ишонч билан қараётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Биз “Бугунги Ўзбекистон – бу кечаги Ўзбекистон эмас”, деб кўп гапирамиз. Бунинг исботини аввало ёшларимиз сиймосида, уларнинг ютуқ ва ғалабаларида кўрамиз.

Қадрли фарзандларим, бир нарсадан кўнглингиз тўқ бўлсин: сизларнинг қобилият ва истеъдодингизни рўёбга чиқариш учун биз бундан буён ҳам барча шароит ва имкониятларни албатта яратиб берамиз.

 Мен сиз, азизларнинг ҳар бирингизни ўзимнинг ўғлим, ўзимнинг қизим, ўзимнинг неварам, деб биламан. Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз, ғалабангизни ўзимнинг ютуғим, ўзимнинг ғалабам, деб қабул қиламан. Жонажон Ватанимиз, заҳматкаш халқимизнинг ана шундай юксак ишончи ва меҳрига доимо муносиб бўлинг, азиз ўғил-қизларим!

Муҳтарам ватандошлар!

Ҳаётда ўз исботини топган бир ҳақиқат доим ёдимизда туриши зарур: фақат соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

Бундан олти-етти йил олдин, афсуски, ўн минглаб беморлар гемодиализ, онкогематология ёрдамидан фойдаланиш учун кунлаб, ойлаб навбат кутганлари, қанчаси бу хизматларга етиб бора олмагани аччиқ ҳақиқат. Ёки эшитиш қобилияти заиф, юрак нуқсони ва ирсий касаллиги бор минглаб болаларга ўз вақтида махсус тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Биз тиббиёт соҳасида катта ислоҳотларни бошладик. Бунинг натижасида вазият тубдан ўзгарди. Энди бундай беморлар учун замонавий шифохоналар ҳам, малакали мутахассислар ва даволаш учун маблағимиз ҳам етарли. Лекин аҳолимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш учун ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак.

Юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга соламиз. Бунинг учун 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробар қисқартириш; онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касаллик лар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробар камайтириш асосий вазифамиз бўлади. Бунда 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб оламиз. “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз. Туберкулёз билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришамиз.

Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади. Бу орқали, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатлари бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатишни келгуси йилларда ҳам давом эттирамиз.

Яна бир муҳим янгилик – соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. Умуман, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини 2 карра ошириб, 6 миллиард долларга етказамиз.

Маълумки, сўнгги олти йилда биз ижтимоий ёрдам кўламини 5 баробар ошириб, 2 миллиондан ортиқ оилани қамраб олдик. Ҳозирги кунда ҳар бир эҳтиёжманд оила бюджет ва “3 та дафтар” тизими орқали моддий ёрдам олмоқда. Бу мақсадларга бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағни 18 триллион сўмга етказдик. Қиёслаш учун: 2016 йилда бу рақам 2,2 триллион сўмни ташкил этарди.

Ижтимоий таъминотга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2,5 баробар ёки 2016 йилдаги 0,9 фоиздан 2022 йилда 2,2 фоизга кўпайди. Лекин ижтимоий ҳимоя фақат пул бериш билан чекланиб қолмоқда. Аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши керак.

Мисол учун, бизда оғир вазиятга тушган 30 та тоифадаги 9 миллион аҳоли бор. Булар – ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар. Шу боис, ижтимоий хизматлар соҳасини буткул қайта кўриб чиқамиз. Энди ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади ва улар ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатади.

Оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” очилади. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Оғирроқ вазиятдаги оилаларга психологик ёрдам ҳам берилади. Бундай оила ларнинг ҳаёт сифати амалда яхши томонга ўзгаргандан кейингина, “ижтимоий хизмат иши” ёпилади.

Туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари; психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобил гуруҳлар”; зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “колл-марказ”лар ташкил қилинади. Шунингдек, қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳам ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизмати кенгайтирилади.

Туғруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизими жорий этилади. Болаларни васийликка олиш тизими, васийларни танлаш мезонлари ва мониторинг қилиш тартиби тўлиқ ўзгаради.

Ҳар йили юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни бепул даволашни давлат ўзига мажбурият қилиб олади. Тасаввур қилинглар, шу тариқа қанча-қанча оилаларга қувонч ва бахт олиб киришга эришамиз.

Маълумки, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат томонидан кўмак ва ёрдам бериш, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган юртдошларимиз ўзининг азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Биз бу йўналишда бошлаган хайрли ишларимизни фаол давом эттириб, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратамиз. Энди ортопедия, реабилитация, тиббиёт ва дори воситаларини уларнинг ўзи танлайди. Давлат эса, фақат пулини тўлаб беради.

Шу билан бирга, протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш харажатлари йилига ҳозирги 80 миллиард сўмдан 250 миллиард сўмга кўпайтирилади.

Ногиронликни белгилаш бўйича ҳозирги тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтамиз. Яъни, ишлаш истагидаги ногирон шахслар учун зарур шароитларни яратамиз. Бунинг учун улар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитилади.

Ногиронлиги бор оила аъзосига қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий қилинади. Ушбу тоифадаги одамларимизни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган, уларнинг маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашган тадбиркорларга имтиёз ва афзалликлар берамиз.

Бу ишларни мувофиқлаштириш учун ҳозирги 6 та вазирликда тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар бирлаштирилиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилади. Янги агентлик учун камида 10 фоиз ходимлар ногиронлиги бўлган шахслар орасидан танлов асосида ишга олинади.

Ижтимоий ҳимояга ажратиладиган барча маблағлар агентлик ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида жамғарма орқали манзилли йўналтирилади ва унинг харажатлари очиқ-ошкора бўлади. Агентлик жамоатчилик билан яқин мулоқот ўрнатиб, улар билан бамаслаҳат иш юритади.

Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Бизнинг бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаётга, шундай ёруғ кунларга етиб келишимизда ҳурматли кекса авлод вакиллари беқиёс ҳисса қўшганини миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис муҳтарам нуронийларимизга ҳурмат ва эҳтиром, амалий ғамхўрлик кўрсатиш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Шу мақсадда қадрли отахон ва онахонларимизнинг соғлиғини тиклаш, мазмунли дам олиши учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича катта дас тур қабул қиламиз.

Уч миллиондан ортиқ нуронийларимиз ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволанади, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилади.

Кексаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникалар қўшимча ускуналар билан таъминланади.

Оилаларда тинчлик, маҳаллаларда ободликни таъминлаш, ёшларимизни тарбиялашда биз аввало кўпни кўрган, донишманд нуронийларимизга суянамиз. Бу борада “Уч авлод учрашувлари”, “Оталар жасорати – ибрат намунаси”, “Ўнта ёшга – бир нуроний” ҳаракати каби маънавий-тарбиявий ишларимиз самарасини янада оширамиз.

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Биз мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсатимизни изчил давом эттирамиз. Албатта, бу борада сизлар билан катта ишларни амалга оширдик. Лекин булар етарли эмас.

Бугунги кунда жон бошига ойлик даромади 50 доллардан ошмайдиган камбағал аҳоли қатлами 5 миллион нафарни ёки аҳолимизнинг 14 фоизини ташкил этмоқда. Шундан 3 миллион нафари ёшлар бўлиб, уларнинг меҳнат қобилиятини ишга солиш орқали, камбағаллик чангалидан олиб чиқиш – асосий бурчимиз бўлиши керак.

Айни пайтда бу тоифага кирмаган, лекин камбағалликка тушиш хавфи мавжуд, яъни, ойлик даромади 50 доллардан юқори, лекин 100 доллардан ошмайдиган 4 миллион 500 минг аҳолимиз ҳам бор. Бизнинг муҳим вазифамиз – 2030 йилга қадар бу масалада жиддий ўзгариш қилишдан иборат бўлади.

Шу мақсадда ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид дастурларимиз камбағал аҳоли билан бирга даромади паст бўлган қатламларни ҳам қамраб олади. Бундан ташқари, тадбиркорларга “ижтимоий шериклик” асосида айнан камбағал тоифа учун бандлик дастурларини амалга оширишда қўшимча имтиёз ва рағбатлар берамиз. Бундай дастурларга ҳар йили камида 1 миллиард доллар йўналтирилади.

Бугунги кунда 2 миллион атрофидаги аҳолимиз рўзғорини тебратиш учун, оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – чет мамлакатларда меҳнат қилмоқда. Мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб нон топиш – албатта осон эмас.

Биз чет элларда даромад билан бирга тажриба ва малака ҳам орттираётган ана шундай юртдошларимизга раҳмат айтишимиз керак. Улар бизнинг фарзандларимиз, ака-ука, жигарларимиздир. Шу мақсадда ташқи меҳнат миграцияси тизими тўлиқ ислоҳ қилинади. Хорижга ишлаш учун бораётган аҳолимизни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўлами кенгайтирилади. Уларнинг Европа ва Осиёнинг юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларига ишга боришлари учун кўмаклашамиз.

Ватандошларимизга дунёнинг исталган нуқтасидан мамлакатимиздаги давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имкониятини яратиб берамиз. Хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш кўламини кенгайтирамиз.

Меҳнат мигрантларимиз ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз, халқимизнинг доимий ғамхўрлигида бўлади. Фарзандларининг ўқиши ва олийгоҳларга киришида ҳам енгилликлар берилади. Бир сўз билан айтганда, биз хориждаги Ўзбекистон фуқаролари ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетишларига йўл қўймаймиз.

Аҳолини ҳамёнбоп уй-жой билан таъминлаш одамларимиз кутаётган яна бир долзарб масаладир.

Ўзингиз ўйланг, инсон ишлаб топган пулининг асосий қисмини ижарага тўласа, рўзғорига, фарзандларининг таълим олишига, саломатлигини тиклашга нима қолади?

Шу боис, мамлакатимизда охирги олти йилда, қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурдик. Бу йил эса янада юксак марра, яъни 90 минг хонадонли уй-жойлар қуришни режа қилганмиз.

Шу билан бирга, 2030 йилга қадар юртимиздаги аҳоли сони 100 минг нафардан ортиқ туман ва шаҳарлар 167 тадан 200 тага етади.

Бу борадаги устувор вазифамиз – ҳар бир оила ўз уй-жойига эга бўлиши учун шароит яратишдир. Бунинг учун кейинги етти йилда қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурамиз ва бунга 15 миллиард доллар йўналтирамиз. Бунда ҳам қурувчиларга, ҳам халқимизга арзон ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этилади.

Қадрли дўстлар!

Маълумки, хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатиб яшаш эл-юртимизга хос азалий қадриятдир. Дарҳақиқат, оила ва жамиятнинг тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлишида, фарзандлар тарбиясида ҳурматли аёлларимизнинг ўрни ва таъсирини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Бугунги кунда уларнинг жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига катта ҳисса қўшаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган меҳрибон оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, сифатли таълим олишини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари бундан буён ҳам энг асосий вазифамиз бўлиб қолади.

Шу маънода, аввал айтган фикримга қўшимча қилиб, Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга албатта айлантирамиз, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Иккинчи мақсад – одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш.

Очиқ айтиш керак, ислоҳотларни бошлаганимизда бизга шубҳа билан қараганлар ҳам кўп бўлди. Лекин ишбилармон ва тадбиркор юртдошларимизга ишониб, сизларнинг ташаббус ва шижоатингизга таяниб, улкан ишларни амалга оширдик.

Хорижий инвестициялар ҳажми 3 карра кўпайиб, ўтган йилнинг ўзида 10 миллиард доллардан ошди. Ҳар бир маҳаллада 40-50 та корхона фаолият юритмоқда, барча туманларда экспорт қилувчи тадбиркорлар пайдо бўлди, миллионлаб янги иш ўринлари яратилди.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар синфи шаклланиб, жамиятимизда ҳақиқий кучга, ислоҳотлар драйверига айланди. Натижада сўнгги йилларда ялпи ички маҳсулот ҳажми 52 миллиард доллардан 80 миллиард долларга етди. Аҳолимиз харид қобилияти ва ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 2 баробар ошиб, бугунги кунда 360 долларни ташкил этмоқда.

Энди мавжуд салоҳиятимизга таяниб, янада юқори марраларни белгилаяпмиз. 2030 йилга бориб иқтисодиётимизни 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга етказамиз. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширамиз. Бунинг натижасида Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига албатта киради.

Энг аввало, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантирамиз. Бунда меҳнат унумдорлиги 2 баробар ошади. Шу мақсадда хорижий ҳамкорларимиз билан бирга умумий қиймати 115 миллиард доллар бўлган йирик лойиҳаларни бошладик. Жумладан, кейинги йилларда стратегик мегалойиҳалар ишга туширилади. Хусусан, Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи; Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери; Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари; Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хомашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси; Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлайди. Натижада 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин – 1,5 карра, кумуш – 3 марта, уран – 3 баробар оширилади.

Тарихимизда илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Тасаввур қилинг, бу хомашёлардан автомобиль, электроника, “яшил энергия” қурилмалари, кимё ва полимер каби юзлаб янги маҳсулотларни ишлаб чиқарса бўлади. Бу – 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни, дегани. Хусусан, 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади ва ишлаб чиқариш йиллик ҳажми ҳозирги 350 мингдан – 1 миллион донага етказилади. Бунда йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади.

Умуман, саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард доллардан 45 миллиард долларга етказилади.

Иккинчидан, саноат ва иқтисодиётнинг келажаги – бу экспортдир.

Сўнгги йилларда чарм-пойабзал, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, фармацевтика йўналишларида минглаб янги корхоналар очилди. Натижада экспорт ҳажми 1,5 баробар кўпайиб, 19 миллиард доллардан ошди.

Ташқи бозорларга чиқиш харажатлари юқори эканини инобатга олиб, биз илмга асосланган, юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтирамиз. Тайёр маҳсулот билан ташқи бозорларга чиқиш учун Жаҳон савдо ташкилотига албатта аъзо бўламиз. Лекин бунинг учун аввало корхоналаримиз очиқ ва кучли рақобатга тайёр бўлиши керак.

Юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга 1 миллиард доллар ажратилади.

Қанчалик қийин бўлмасин, керак бўлса, яна маблағ топамиз. Захираларимиз иқтисодиётимиз учун ишлаб, миллий манфаатларга хизмат қилиши зарур.

Шунингдек, келгуси йилларда 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади. Тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизими тўлиқ йўлга қўйилади. Ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. IT хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади. Натижада 2030 йилга қадар жами экспорт ҳажми 2 баробар оширилиб, 45 миллиард долларга етказилади.

Учинчидан, бутун дунёда тез ривожланаётган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтирамиз.

Бу борада 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари 25 минг мегаваттга, уларнинг улуши ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизга етказилади.

2024 йилдан бошлаб саноатда “яшил сертификат”лар бозори яратилади. Автобуслар тўлиқ экологик тоза электр ёки газ ёнилғисига ўтказилади. Барча янги уйлар ва асбоб-ускуналарга энергияни тежаш бўйича талаблар жорий этилади. Иқтисодиётда энергия самарадорлиги 2 карра оширилади. Натижада 2030 йилга келиб 50 миллиард киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. Янги станциялар ишга тушиши билан 10 минг километр магистрал ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.

Тўртинчидан, бизнес ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар амалга оширилади.

Сўнгги олти йилда автомобиль ва темир йўллари, ичимлик сув ва алоқа тармоқларини қуриш олдинги йилларга нисбатан 2,3 баробар кўпайди. Энди бу ишларни давом эттириб, йўл-транспорт соҳасида авиақатновлар сони 4 марта оширилади. Тошкент – Самарқанд, Навоий – Бухоро йўналишларида қўшимча тезюрар темир йўллари қурилади. Электрлашган темир йўллари улуши 43 фоиздан 65 фоизга етказилади.

Энг муҳими, темир йўл соҳасига хусусий сектор жалб қилиниб, хизматлар сифати рақобатбардош нархлар асосида белгиланади. Шунингдек, 6 та йирик аэропорт модернизация қилиниб, хусусий авиакомпаниялар сони 10 тага етказилади.

2030 йилга қадар туман марказларидан ҳар бир қишлоққача – жами 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қурилади ва жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинади.

Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида хусусий шериклик асосида янги автомобиль йўллари қурилади.

Хусусий сектор иштирокида 56 минг километр йўллар реконструкция қилинади. Натижада, йўловчи ва юк ташиш ҳажми 3 баробар кўпайтирилади.

Аҳолимиз учун ўта долзарб бўлган муаммони ҳал этиш учун 2030 йилга қадар барча аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бунга 2,5 миллиард доллар ажратамиз. Икки йилда барча қишлоқ ва овуллар интернет билан тўлиқ қамраб олиниб, унинг тезлиги 10 карра оширилади.

Бешинчидан, иқтисодиёт соҳаларидаги катта режаларимиз 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни талаб этади. Бундан 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобидан, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказамиз.

Энг катта масалалардан бири – кредит фоизларини тушириш билан боғлиқ. Буни тадбиркорларимиз интиқлик билан кутаётганини яхши биламан. Яъни, кредит фоиз ставкасини ҳозирги ўртача 20 фоиздан 10- 12 фоизга тушириш лозим. Шу мақсадларга эришиш учун банк омонатлари ҳажми деярли 4 баробар оширилиб, ҳозирги 70 триллион сўмдан 260 триллион сўмга етказилади.

Банкларни хусусийлаштириш тезлаштирилади. Давлат ихтиёрида фақат 3 та банк қолади.

Банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши учун имконият яратилади. Шунингдек, банкдан ташқари молиявий хизматларни кенгайтириш учун барча шароитларни яратамиз.

Қимматли қоғозлар бозори ҳажми 10 миллиард долларга етказилади. Хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизимини ташкил этиш учун барча қонуний асослар яратилади.

Олтинчидан, биз хусусий сектор улушини оширишни, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказишни изчил давом эттирамиз.

Сўнгги олти йилда давлат монополиясида бўлган электр генерацияси, иссиқлик таъминоти, кимё, авиация, таълим каби соҳаларга хусусий сектор жадал кириб келди.

Бу ишларни давом эттириб, темир йўл хизматлари, автомобиль йўллари қуриш ва бошқариш, газ ва электр етказиб бериш хусусий секторга ўтказилади. Ирригация, чиқиндини қайта ишлаш, ижтимоий объект ларда энергетика ва иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришга давлат-хусусий шериклик механизмлари кенг жорий этилади.

Хусусийлаштириш дастури доирасида давлат улуши мавжуд корхоналар 6 баробар ёки ҳозирги 2,3 мингтадан 360 тага камаяди. 17 турдаги давлат монополияси бекор қилиниб, уларга хусусий сектор кенг жалб этилади.

Умуман, келгуси йилларда фақат магистрал энергия ва транспорт тармоқлари, давлат бошқаруви ва хавфсизлиги билан боғлиқ соҳалар давлат тасарруфида қолади. Бу борада 2030 йилга қадар иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш асосий мақсадимиз бўлади.

Еттинчидан, биз бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратишни бундан буён ҳам давом эттирамиз.

Сўнгги олти йилда иш ҳақига солиқ юки 2 баробар камайтирилди, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Кўплаб чеклов ва тўсиқлар олиб ташланиши натижасида корхоналар сони 2 марта ошди.

Шу билан бирга, савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан юқори бўлиб қолаётгани сир эмас.

Ҳозирги кунда 5,5 миллион фуқаро норасмий секторда банд. Шу боис, расмий сектор – нолегал фаолиятдан афзал ва манфаатли бўлиши учун барча зарур шароитларни яратамиз.

Энг аввало, солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслиги қатъий кафолатланади. Шунингдек, 2024 йилдан бошлаб, янги уй-жой сотиб олган аҳолига қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб берилади. Натижада уй-жой хариди аҳолига арзонроқ тушади ва қурилишдаги ҳисоб-китоблар шаффоф бўлади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтарилади.

Биз ижтимоий ҳимояни солиқ сиёсати орқали ҳам кучайтирамиз. Бу борада ёшларни ишга олган тадбиркорларга ижтимоий солиқни қайтариб беришни жорий қилган эдик. Энди ижтимоий реестрга киритилган аҳолини ишга олган корхоналарга ходимининг даромад солиғи ҳам қайтариб берилади.

Биз соҳани тўлиқ рақамлаштириш орқали вақтида солиқ тўлаётган корхоналарда қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддатини бир кун этиб белгилаймиз. Бундай корхоналарда солиқ текширувлари ўтказилмайди ва давлат харидларида устунлик берилади.

Биз бундан кейин ҳам “очиқ мулоқот”лар орқали бизнес муаммоларини ҳал қилиш, бизнесга ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик ва хусусий мулк дахлсизлиги сиёсатини қатъий давом эттирамиз.

Саккизинчидан, маълумки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги асосий драйвер соҳалардан бирига айланди.

Кластер тизимини жорий этиш натижасида пахта, ғалла ҳосилдорлиги 25-30 фоизга, мева-сабзавот экспорти эса 2 баробар ошди, соҳага 5 миллиард доллардан ортиқ хусусий инвестиция киритилди.

Ўтган икки йилда 200 минг гектар унумдор ер майдонларини аҳолига ажратиб бердик. Натижада 2 миллиондан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Энди 2030 йилгача бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 3 минг доллардан 5 минг долларга етказиш ҳақида ўйлашимиз керак. Жумладан, ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича – 80-85 центнерга ошириш, қўшимча 300 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш, маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминотини ҳозирги 15 фоиздан 50 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни 8 фоиздан 25 фоизга ошириш, агротармоқда 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги логистика марказини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Натижада соҳада экспорт ҳажмини йилига ҳозирги 1,6 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш имконияти пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловларда деградациянинг олдини олиш бўйича миллий дастур қабул қилинади.

Умуман, аграр соҳага жами 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этилади.

Учинчи мақсад – сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш.

Сув ресурслари келгуси ўн йилликда минтақамиз ва мамлакатимиз учун энг долзарб масала бўлиб қолиши – ҳақиқат. Мисол учун, минтақадаги 4 та мамлакатни сув билан таъминлайдиган Сирдарёни тўйинтирадиган музликлар ҳар йили 6 фоиздан қисқариб бормоқда.

Айниқса, сўнгги уч йилдаги қурғоқчиликнинг таъсири Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларимизда яққол сезилди.

Амударё ўзанида янги канал қурилиши оқибатида дарёдан мамлакатимизга келадиган сув ҳажми 15 фоиз камайиши билан боғлиқ хавф мавжуд.

Бугунги кунда 70 фоиз ерлар эски усулда суғорилмоқда, 60 фоиз каналлар бетонланмаган. Шу сабабли йилига 16 миллиард метр куб сув йўқотилмоқда. Бундай суғориш тизими “ерга нисбатан ҳам, сувга нисбатан ҳам ваҳшийлик”, десак, хато бўлмайди. Буни одамлар онгига, маданиятимизга сингдиришимиз шарт. Исрофгарчилик Худогаям, бандасигаям хуш келмайди.

Кўплаб фермер ва деҳқонларимиз сув тежайдиган технологиялар самарасини тушунди. Ҳозирги вақтда бундай технологиялар 1 миллион гектарда жорий қилинди. Лекин, бу ҳали етарли эмас.

Биз 2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказишимиз зарур. Бунинг учун далаларга сув етказадиган объектлар фермер ва кластерлар бошқарувига берилади.

Сув етказиш тизимига Туркия, Испания, Хитой каби давлатлар тажрибаси кенг жорий қилинади.

Сув тежайдиган технологияни жорий қилган фермер ва деҳқонларни янада рағбатлантирамиз. Бунга келгуси йилдан 10 фоизли кредит ажратилади, ўз ҳисобидан жорий қилганларга эса харажатнинг 50 фоизи қоплаб берилади. Сув тақчиллиги кучайиб бораётган бугунги шароитда бу чоралар ниҳоятда зарур ва уларни амалга оширишимиз шарт.

Азиз дўстлар!

Глобал миқёсда иқлим кескин ўзгармоқда ва бунинг салбий таъсирини барчамиз кўриб турибмиз. Шу боис, бетакрор табиатимизни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш бўйича таъсирчан чораларни кўрамиз. Бу борада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада кенгайтирамиз.

Барча аҳоли масканлари, маҳаллаларда “яшил майдонлар”ни кўпайтириш учун йилига 400 миллиард сўм ажратиб борилади. Шунингдек, барча давлат идоралари, корхоналар, олийгоҳлар ўзларининг “яшил боғлари”ни ташкил этади.

Энди янги уй-жой қуришда пудратчиларга “яшил ҳудуд” ва автотураргоҳ барпо этиш мажбурий талаб қилиб қўйилади.

Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар келгуси етти йилда ҳозирда 1,6 миллион гектардан 2,3 миллион гектарга етказилади.

Ана шундай ишларимиз орқали 2030 йилгача республикада кўкаламзорлик даражасини ҳозирги 18 фоиздан 30 фоизга етказамиз.

Тошкент шаҳрида амал қилаётган бошқарув компаниялари фаолияти жойларда ҳам жорий этилади. Барча қишлоқ ва шаҳарлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олинади, уларни қайта ишлаш эса, камида 65 фоизга етказилади.

Бундан буён ҳудудга янги ҳоким тайинланса, ўша ерда экологик аудит ўтказилади, натижалари жамоатчиликка эълон қилинади. Шунда ҳудуд аҳолиси ҳоким олдига сув ва ҳаво тозалиги, кўкаламзорлаштириш даражаси бўйича аниқ масала қўя олади. Мана шундай асосда юртимизнинг барча вилоят ва туманларида, бутун Ватанимизда она табиатимиз, еру сув, ҳавомизни мусаффо ҳолда асраб, экологик тоза муҳитни фарзандларимизга безавол етказа оламиз.

Тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш.

Азиз дўстлар!

Маълумки, кўпмиллатли халқимиз давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, Конституциямизнинг бош муаллифидир. Айнан халқимизнинг хоҳиш-иродаси давлат сиёсатининг маъно-мазмунини белгилаб беради. Демократия дегани ҳам аслида шундан иборат.

Эл-юрт дардига дармон бўладиган халқчил давлат, адолатли жамият барпо этиш халқимизнинг асрий орзу-армони бўлиб келган. Бу эзгу мақсад Абу Райҳон Беруний, Имом Мотуридий, Марғиноний, Алишер Навоий, Огаҳий каби мутафаккир боболаримиз асарларининг ҳам бош ғоясини ташкил этади.

Ота-боболаримизнинг ана шундай олижаноб ният ва интилишларини амалга ошириш бизга насиб этгани, бизнинг зиммамизга тушгани учун ҳар қанча шукрона айтсак, фахрлансак, арзийди. Лекин бундай фахр-ифтихор бизга, ҳар бир юртдошимизга улкан масъулият ҳам юклайди. Буни асло унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам биз “халқ хизматидаги давлат”ни барпо этиш вазифасини Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий тамойилларидан бири этиб белгиладик.

Биласизларми, давлат бошқарувида эришган энг катта натижамиз нима бўлди?

Биз барча давлат идоралари фаолиятини маҳаллагача туширдик, раҳбар ва амалдорларни одамлар билан мулоқот қилишга ўргатдик. Бу борада биз олиб бораётган сиёсатнинг мазмуни ва талаби оддий ва содда: давлат хизматчиси аввало халқ хизматчиси бўлиши шарт.

Аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва очиқлик барча вазирлик ва ҳокимликлар ишига баҳо берадиган асосий мезонга айланди. Шунингдек, давлат идоралари фаолиятини эски бюрократиядан – замонавий менежментга ўтказиш мақсадида маъмурий ислоҳотларни бошладик.

Илк босқичда вазирликлар қисқартирилиб, уларнинг фаолияти тўлиқ ўзгартирилди. Вазирларнинг сиёсий масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилди.

Ҳар бир маҳаллага 5 нафар олий маълумотли вакилни, яъни, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторини қўйганимиз қанчалик тўғри бўлганини дунё экспертлари ҳам эътироф этмоқда.

Лицензия ва рухсат беришга оид ҳужжатларни кескин қисқартирдик. Натижада Ўзбекистон бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича энг қулай мамлакатлардан бирига айланди.

Мисол учун, давлат хизматларини кўрсатишда талаб этиладиган ҳужжатлар 221 тадан 95 тага, муддатлар 2 баробар камайди. 280 турдаги хизмат давлат хизматлари тизимига ўтказилди, 150 тадан ортиғи эса фақат электрон шаклда кўрсатилмоқда. Электрон платформа орқали судга ариза бериш, судда иштирок этиш ва қарорларни олиш имкониятлари яратилди.

Рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш принципини ҳаётимизга жадал олиб кирамиз. Шу мақсадда давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Энди давлат хизматлари учун одамларимиз овора бўлиб, ариза ёки бланка тўлдирмайди, паспорт ёки бошқа ҳужжат тақдим қилмайди. Давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон тизимдан ўзи олади.

Ҳар бир маҳаллада электрон хизмат нуқталарини ишга тушириб, уларни барча масалаларни “бир қадам”да ҳал этадиган масканга айлантирамиз.

Коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борамиз. Бизнинг жамиятда бу иллатга мутлақо ўрин бўлмаслиги шарт.

Мана шундай принципиал қараш жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам қарор топиши учун барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилишимиз керак.

Сизларга маълумки, сўнгги ислоҳотларимиз доирасида Парламент ваколатлари кенгайиб, Ҳукуматнинг ҳисобдорлиги ошди. Ушбу ўзгаришлар сиёсий партиялардан ҳам ўз электорати олдидаги масъулиятни янада кучайтиришни талаб этади.

Шу мақсадда партиялар ролини ошириш, улар ўз кучи ва имкониятларини амалда намоён этиши учун аралаш, яъни мажоритар – пропорционал сайлов тизимини жорий этамиз. Бунинг маъноси шуки, энди фуқаролар Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатлик ўрнининг 75 таси бўйича аниқ бир номзодни сайласа, қолган 75 таси бўйича сиёсий партияга овоз беради. Бундай тизимда биронта сайловчининг овози эътибордан четда қолмайди.

Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида жойлардаги бошқарувни ҳам ўзгартирамиз. Хабарингиз бор, бу йўлдаги муҳим амалий қадам сифатида маҳаллий кенгаш халқнинг чинакам овозига айланиши учун, ҳокимнинг Кенгашга раҳбарлик ваколати бекор қилинмоқда. Энди ҳокимлар Кенгаш олдида, халқ олдида ҳисобдор бўлган тизим жорий этилади.

Мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллада қолиши ҳисобидан маҳалла бюджетида йилига 3 триллион сўм маблағ пайдо бўлади. Келгуси йилда “Очиқ бюджет”га бериладиган маблағ 3 карра оширилиб, 24 триллион сўмга етказилади. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилади.

Биз очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини қатъий кафолатлаймиз.

Нодавлат нотижорат ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаб, улар учун барча шароитларни яратамиз.

Бизнинг мақсадимиз аниқ ва ўзгармасдир – демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлини миллий тараққиётга эришишнинг ягона тўғри йўли деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Янги Ўзбекистон, бу – ҳуқуқий давлат. Ушбу қоидани биз янгиланган Конституциямизда ҳам муҳрлаб қўйдик. Шундай экан, биз қонун устуворлиги, суд мустақиллиги ва одиллигини оширишни устувор вазифа, деб биламиз.

Таъкидлаб айтаман: Ўзбекистонда инсон ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ва суд бўлади.

Янгиланган Конституциямизда, инсон ва тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклашга фақат ва фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши мустаҳкамланди.

Бугунги кунга қадар 7 турдаги тергов ҳаракатларига санкция бериш ваколати судларга ўтказилган бўлса, энди уларнинг доираси янада кенгаяди. Лекин ҳозир туманда бир судья терговда ҳуқуқни чеклашга санкцияни ҳам ўзи бераяпти, ҳам ўзи жиноят иши бўйича ҳукм чиқаряпти. Албатта, бу ерда холислик, адолат бузилади. Шунинг учун бундан буён терговда ҳуқуқни чеклашга санкция беришни алоҳида судьялар амалга ошириши, ўйлайманки, тўғри бўлади. Ана шунда, терговда – қонунийлик, судда – холислик бўлади.

Шунингдек, жиноят иши қўзғатиш, жазо бериш бўйича ёндашувларимизни ҳам қайта кўриб чиқамиз.

Оғир бўлмаган жиноятлар бўйича ҳозир тарафлар ўртасида ярашув бўлса ҳам, жиноят иши қўзғатилади, одамлар тергов ва судда сарсон бўлиб юради. Шу боис, жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имконияти яратилади.

Шунингдек, одамларни “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиётини камайтириш, бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш лозим. Ушбу масалада судларимизга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш керак. Қамоқдаги шахслардан олинган “айбни бўйнига олиш” ҳақидаги ариза далил сифатида қабул қилинмаслиги шарт.

Дунё амалиётидан келиб чиқиб, жиноят содир қилган шахсларни улар келгусида тузалиш йўлига ўтиши учун, муқобил жазо турларини кенгайтириш зарур. Ҳар бир жазо тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши ва такрорий жиноятнинг олдини олишга хизмат қилиши лозим.

Тадбиркорлар учун жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш, ўйлайманки, тўғри бўлади. Хусусан, солиққа оид жиноятлар бўйича тадбиркор суд ҳукми чиққунга қадар зарарни қопласа, жавобгар бўлмаслиги керак.

Биз Бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатасининг тадбиркорларнинг яқин кўмакчисига айлантириш бўйича тизим яратдик. Лекин амалиётда тадбиркорга жиноят иши очилса, унга фақат адвокат ёрдам беряпти. Шу боис, тергов-суд жараёнида Бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатаси тадбиркорни ҳимоя қиладиган янги тартиб ўрнатсак, ишонаманки, адолатдан бўлади.

Ҳурматли юртдошлар!

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.

Маълумки, глобаллашув жараёнлари беқиёс имкониятлар билан бирга, кўп-кўп муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлигимиз ва маънавий қадриятларимизга қарши таҳдид ва хатарлар тобора кучаймоқда. Шундай ўта таҳликали вазиятда бизни асрайдиган, янада кучли қиладиган қудратли омил бу – аввало, юртимиздаги тинчлик, миллатлар ва динлар ўртасидаги тотувликдир.

Ана шундай бебаҳо бойлигимизни кўз қорачиғидек асраб, асл инсоний қадриятларимиз ўрнини бузғунчи радикал ғоялар эгаллаб олишига асло йўл қўймаймиз. Бу Ватан ва халқ тақдирига дахлдор бўлган ҳар қайси юртдошимизнинг виждон ишига айланиши керак.

Бугунги кунда аксарият одамлар, авваламбор, раҳбар ва мансабдорлар, давлат ходимларининг билим ва маърифати, маданияти етишмаслиги, ўз устида ишламасдан, замондан орқада қолаётгани кўзга ташланмоқда. Ва бу ҳолат, очиқ айтиш керак, тараққиётимиз йўлида катта тўсиққа айланмоқда.

Жадид боболаримиз бундай иллатни “жаҳолат” деб атаганлар ва унга қарши маърифат билан, мардона курашганлар. Бу йўлда илм-фан, таълим ва тарбияни ўз фаолиятлари учун дастуриламал қилиб олганлар.

Кимки агар синчиклаб кузатаётган бўлса, бизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган амалий ишларимиз жадидчилик ҳаракатининг асосий ғоя ва мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг эканини яққол кўриши мумкин. Шу сабабли биз тарихимизни, хусусан, маърифатпарвар аждодларимиз меросини чуқур ўрганиб, улардан бугунги шиддатли замон учун ибратли хулосалар чиқариб яшашимиз зарур.

Ана шундай билим ва маърифат асосида мактаб, техникум ва олийгоҳларда ўқиётган болаларимизни, ҳарбий хизматчиларимизни, барча ёшларимизни тарбиялашимиз керак. Бунинг учун маданият, санъат ва адабиёт вакиллари, маънавият соҳаси ходимлари, барча зиёлиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш бўйи ча албатта қўшимча чора-тадбирлар кўрамиз.

Бешинчи мақсад – Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат.

Ҳурматли юртдошлар!

Дунёдаги мавжуд таҳликали ва мураккаб вазиятда биз очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришни давом эттирамиз.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари фақат ва фақат халқимиз ва давлатимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилади.

Ватанимизнинг мустақиллиги ва хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини сўзсиз таъминлаш – бизнинг бирламчи ва муқаддас бурчимиздир.

Ўзбекистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ташаббуслари халқаро майдонда фаол илгари сурилади. Энг аввало, қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантирамиз.

Марказий Осиёда турли йўналишлар, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилади. Шунингдек, хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаб, уларнинг юртимиз тараққиётида фаол иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб берамиз. Улар орасида она тили, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғояси атрофида бирлаштириш бўйича самарали иш олиб боришимиз зарур.

Давлатимиз рамзлари, хусусан, ниҳоятда гўзал байроғимиз нафақат байрамларда, спорт ва маданий тадбирларда, балки хонадонларда ҳам ҳилпираб турса, барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олиб, миллий ғуруримиз тимсолига айланса, нақадар соз бўлади!

Маълумки, сўнгги йилларда жаҳондаги куч марказлари ўртасида қарама-қаршилик тобора авж олиб, глобал сиёсатнинг ҳарбийлашуви асосий тенденцияга айланмоқда.

Афғонистонда беқарорлик сақланиб қолаётгани, барчамизни жиддий ташвишга солмасдан қўймайди.

Бундай мураккаб жараёнларда бизнинг бош мақсадимиз – Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлади.

Бу борада Қуролли Кучларимизнинг қудрати, мудофаа қобилиятимиз ва ҳарбий салоҳиятимизни янада ошириш мақсадида, миллий армиямиз 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади.

Қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида бошлаган ишларимизни жадаллаштирамиз.

Шу муносабат билан такрор айтаман: ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур.

Қадрли съезд делегатлари!

Кўриб турганингиздек, биз ўз олдимизга жуда улкан, улуғвор мақсад ва вазифаларни қўймоқдамиз.

Аминманки, бўлажак сайловда халқимиз ўзининг юксак сиёсий тафаккури ва маданияти, фаоллигини кўрсатиб, муносиб номзод учун овоз беради.

Ким Президент бўлишидан қатъи назар, халқимиз биз бошлаган ислоҳотлар йўлидан оғишмай, фақат олдинга боради, деб ишонаман.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Аввало, бугунги анжуманда менинг фаолиятим ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, номзодимни қўллаб-қувватлаган сиз, азизларга, партияларимизнинг барча аъзолари ва фаолларига чин қалбимдан самимий миннатдорчилик изҳор этаман.

Биз ўтган даврда қандай ишларни амалга оширган бўлсак, бугун яна қандай лойиҳа ва дастурлар тузаётган бўлсак, уларни меҳнаткаш ва оқкўнгил, бағрикенг халқимиз учун, шу юртнинг тинчлиги ва омонлиги, фарзандларимиз, невараларимизнинг бахтли келажаги учун қилмоқдамиз.

Шу маънода, Қаҳрамон шоиримиз, халқимизнинг ардоқли фарзанди Эркин Воҳидовнинг “Буюк юртга энди фидолар керак!” деган сўзлари бугун биз учун, Янги Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб бўлиб янг рамоқда.

Мен сизларнинг барчангизни, сизларнинг тимсолингизда миллионлаб тарафдорларимизни, азамат ёшларимизни мана шундай фидойи, буюк ишларга қодир инсонлар деб биламан.

Албатта, дунёда қарама-қаршилик ва тўқнашувлар тобора кучайиб бораётган, эртага халқаро вазият қандай тус олишини олдиндан айтиб бўлмайдиган бугунги ғоят мураккаб замонда биз кўзлаган мақсадларга эришиш осон бўлмайди. Лекин биз ўтган даврда сизлар билан, халқимиз билан катта сафарбарлик руҳида ишлашни, аниқ натижаларга эришишни ўргандик. Илгари ўн йиллар керак бўлган йўлни қисқа муддатда босиб ўтдик. Етарлича билим ва тажриба орттирдик. Жаҳонда қанча дўст ва ҳамкорлар топдик. Дунё – бизга, биз дунёга очилдик.

Энг муҳими, ўзининг неча минг йиллик шонли тарихи давомида ҳар қандай синов ва машаққатлардан ёруғ юз билан ўтиб келаётган, мард ва матонатли халқимиз бизга ишонди, инонди. Энди ана шу ишончни амалий ишларимиз билан янада мустаҳкамлаш даври келди.

Агар эзгу мақсадларимиз йўлида жипслашиб, ҳаммамиз бир бўлиб, астойдил ҳаракат қилсак, мен ишонаман, бундан ҳам катта марраларни забт эта оламиз.

Мен, олижаноб, буюк халқимиз билан бирга юртимизда эркин ва фаровон, инсон қадри баланд бўлган янги давлат, янги жамиятни барпо этишга қаттиқ бел боғлаганман. Бу юксак масъулиятли вазифани адо этиш йўлида ўзимнинг бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни, керак бўлса, бутун борлиғимни беришга тайёрман. Эл-юртимизга фарзандлик садоқати билан хизмат қилишдек буюк эътиқод доимо ҳаётимнинг маъно-мазмуни бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Мана шу унутилмас лаҳзаларда давлат сиёсатимизга, ислоҳотларимизга катта ишонч билдириб, мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб келаётган она халқимга чин дилдан таъзим қиламан.

Азиз дўстлар!

Олдимизда турган кенг кўламли, ғоят серқирра ва масъулиятли вазифаларни адо этишда бизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, иш фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, оилавий бахт ва қувонч ёр бўлишини тилайман.

Яна бир бор катта раҳмат сизларга!

  • Кўрилди
    2237
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+