Монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш бўйича ишлар давом эттирилади

21.06.2023, 09:49

Монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш бўйича ишлар давом эттирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O‘zLiDePдан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятдаги ишончли вакили Покиза Аҳмеджанова Мирзаобод туманида сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда туман кенгаши депутатлари, маҳалла фаоллари, тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.

Мирзаобод тумани 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг тадбирлар залида бўлиб ўтган мулоқотда номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган бешта стратегик мақсад ва асосий йўналишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ишончли вакил қайд этганидек, Шавкат Мирзиёевинг халқчил ташаббус ва концептуал ғоялари асосида юртимизда тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ўзгаришлар иқтисодиётимиз ва жамиятимизнинг барча жабҳасини қамраб олди. Хусусан, электоратимиз манфаатига алоқадор бўлган мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш борасида қатор чекловлар бутунлай бекор қилинди.

Тадбиркорларга қанча йиллардан бери тўсиқ бўлган муаммолар ечим топди, халқ фаровонлиги йўлида ҳалол хизмат қилаётган ишбилармонларга жуда катта имкониятлар яратилди. Натижада, бизнес субъектлари сони 2016 йилга нисбатан салкам олти бараварга кўпайди.

Номзод сайловолди дастурида айни йўналишдаги ишлар янги босқичга олиб чиқилиши бўйича ҳам аниқ мақсад ва вазифалар белгиланди. Хусусан, 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестициялар, шу жумладан, 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади.

Банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ дастурлар амалга оширилади. Банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши ҳамда нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун имконият яратилади. Қимматли қоғозлар бозори ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш чоралари кўрилади.

Хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизимини ташкил этиш учун барча қонуний асослар яратилади. Энг асосийси, хусусий сектор улушини оширишни, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш бўйича ишлар давом эттирилади. Бунда темир йўл хизматлари, автомобиль йўллари қуриш ва бошқариш, газ ва электр етказиб беришни хусусий секторга ўтказиш орқали рақобат муҳити яратилади. Ирригация, чиқиндини қайта ишлаш, ижтимоий объектларда энергетика ва иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришга давлат-хусусий шериклик механизмлари кенг жорий этилади.

Ишончли вакил мазкур мақсадларнинг амалга ошиши юртимизда тадбиркорлик, саноат ва иқтисодиётнинг яна кўп соҳалари тараққий этишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади ва барчани партиямиздан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    277
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+