Беш устувор йўналишдаги юз асосий мақсад

10.08.2023, 10:29

Беш устувор йўналишдаги юз асосий мақсад

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари ўн кун давомида оммавий электрон порталларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Унда мамлакатимиздаги ислоҳотлар муваффақияти учун масъулиятни ўз зиммасига олган O‘zLiDeP электорати фаол иштирок этди.

МУҲОКАМАЛАР МОҲИЯТИ ВА БИЛДИРИЛГАН ТАКЛИФЛАР АҲАМИЯТИГА ЎТИШДАН ОЛДИН “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ҚУЙИДАГИ 5 ТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШДАН ИБОРАТ ЭКАНИГА ЯНА БИР БОР ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЖОИЗ:

  • биринчидан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш; ● иккинчидан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
  • учинчидан, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
  • тўртинчидан, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
  • бешинчидан, мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш.

Келгуси етти йилда эришилиши кутилаётган жами юзта асосий мақсадни қамраган мазкур йўналишларнинг ҳар бирини алоҳида олганда ҳам уларнинг барчаси яхлит истиқболли ғояни акс эттиради. Умумий тарзда олганда ҳам улар бири иккинчисини талаб қиладиган занжир ҳалқалари янглиғ ўзаро чамбарчаслик касб этган.

 Аслида бу йўналишларнинг ҳаммаси партиямиз сайловолди дастуридаги вазифаларга мос ва ҳамоҳанг. Лекин бугун биз O‘zLiDePнинг асосий электорати тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятининг кўп ҳоллардаги туташув нуқтаси – иқтисодиёт соҳасига оид янгиликларга кўпроқ тўхталиш ниятидамиз. Зотан, анча йиллар илгари машҳур сиёсатчи Уинстон Черчилл ёзиб қолдирганидек, аниқ стратегия ва унинг истиқболига қатъий ишонган инсонлар, узоқни кўра олиш қобилиятига эга бўлмаган кишиларга нисбатан ҳаётнинг турли бурилишларию кутилмаган ҳодисаларига тайёрроқ бўлади ва уларни яхшироқ енгиб ўта олади.

Партиямиз фаолияти самарадорлигини оширишда, ташкил этилаётган тадбирлар ва ҳаётга татбиқ этилаётган турли лойиҳаларнинг таъсирчанлигини кучайтиришда айни жиҳатга кўпроқ эътибор бераётганимиз бежиз эмас, албатта. Айниқса, етакчи сиёсий куч кўмагида ўз бизнесини очишга, жамиятда муносиб ўрнини топишга интилаётган навқирон авлод вакилларига яқин истиқболга мўлжалланган стратегия мазмунини содда усулда очиб бериш долзарб аҳамиятга эга.

Жаҳондаги дастлабки стратегияларни чинакам лидерлар ишлаб чиққани диққатга сазовор. Стратегия тушунчасининг асл маъноси ҳам лотин тилидан таржима қилганда “саркарданинг маҳорати” деганидир. Яъни, у аввал ҳарбий тузилмаларда муомалага киритилиб, кейинчалик ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда ҳам кенг қўллана бошлаган. Модомики, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва улуғвор ғоялари асосида ишлаб чиқилгани ҳам тарих силсиласида шунчаки тасодиф эмас. Аксинча, тақдир тақозосида туғилган ойдин ҳақиқатдир.

Партиямиз фаоллари, сафимизга яқинда қўшилган ёшлар, шунингдек, тарғиботга масъул мутахассисларимиз стратегия ва тактиканинг чегараларини ажратиб олишлари, уларнинг фарқли томонларини аниқ билишлари мақсадга мувофиқдир. Бошқача айтганда, ким қайси вазифани қандай бажаришини чуқур англаш жоиз.

Шарқнинг таниқли файласуфлари, чунончи, хитойлик алломалар бу масалани ёшларга шахмат тахтаси мисолида оддий усулда тушунтириб келишган. Жаҳон айвонини шахмат тахтаси деб оладиган бўлсак, ҳар бири ўз номига ва ўрнига эга бўлган доналарининг оқ-қора катакларга ўта донолик билан жойлаштирилиши – бу стратегия! Ўша доналарнинг пировард мақсадга йўналтирилган хатти-ҳаракатлари эса тактикадир. Кўриб турганингиздек, кутилган натижага эришиш ҳам стратегиянинг жуда пишиқ-пухталигига, ҳам тактиканинг кучлилига ҳар томонлама боғлиқ.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси худди ана шундай пойдеворга қурилган бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш масалалари ипидан игнасигача чуқур ўйланган, қилни қирқ ёрадиган нуфузли экспертлар чиғириғидан ўтказилган.

Стратегиядаги мақсадларни ўз вақтида сифатли амалга оширишда келгусида Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар роли янада оширилади. Хусусан, қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш ҳажмини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Парламент ва унинг органлари иш жараёнларини трансформация қилиш, улар томонидан қарорлар қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнлари ҳам тўлиқ рақамлаштирилади.

Сайловчилар билан электрон мулоқот қилиш, депутат сўровини электрон тарзда юбориш ва назорат қилиш имконияти таъминланади. Фуқароларнинг қонунчилик таклифлари парламент қуйи палатасига киритилади ва уларни кўриб чиқиш тартиби мус таҳкамланиб, амалиётга тўлақонли жорий этилади.

Давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партиялар ролини янада ошириш мақсадида вакиллик органларига сайловнинг аралаш (мажоритар-пропорционал) тизими жорий қилинади.

Аҳамиятга молик қирраси шуки, O‘zLiDeP дастуридаги муҳим йўналишлардан бири ҳам рақамлаштиришни кенгайтириш, давлат хизматларининг очиқлиги ва қулайлигини таъминлашдан иборат. Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йилги сиёсий жараёнлардаги сайловолди чиқишларида ҳам алоҳида вазифалар айтиб ўтилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра, келгуси етти йилда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улуши 100 фоизгача етказилади. Композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари улуши эса камида 40 тага оширилади. Шунингдек, 300 та давлат хизматлари хусусий секторга ўтказилиши режалаштирилган.

Лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатлари 20 фоизга қисқартирилади ҳамда 50 фоизи соддалаштирилади. Давлат хизматларини кўрсатишнинг 300 га яқин тартиб-таомиллари соддалаштирилади.

Давлат хизматлари “3 қадам”, “фойдаланувчи учун мослаштирилган”, “барчаси бир мобил иловада” тамойиллари асосида рақамлаштирилади. Пировардида “Электрон ҳукумат” тизимининг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтилади, яъни барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклга ўтиши таъминланади.

Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлиги ва мамлакат қудратини юксалтиришга қаратилган янгиланган Конституциямиз ва Президентлик сайловларида илгари сурилган эзгу ғояларни ўзида акс эттирган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур стратегия лойиҳасида келгуси 7 йилда энергетика, қурилиш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларига ҳам кенг ўрин берилган.

Жумладан, энергетика йўналишида – қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг мега-ваттга ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, 9 гВт қуёш ва 5 гВт шамол электр энергияси станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини 118 миллиард кВтга, табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 миллиард куб метрга етказиш, иқтисодиётда энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш белгилаб қўйилган.

Транспорт-логистика йўналишида – транзит юкларини ташиш ҳажмини 16 миллион тоннага етказиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини 3 баробар, авиақатновлар сонини 4 баробарга ошириш, 56 минг километр йўлларни қуриш ва таъмирлаш, Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида давлат-хусусий шериклик асосида янги автомобиль йўлларини қуриш, барча аэропортларда стратегик ҳамкорлар билан “Очиқ осмон” режимини жорий қилиш, республика авиапаркини 100 тага етказиш масалалари ҳам халқимиз кўнглидаги эзгу ишлар эканига шубҳа йўқ.

Мамлакатимиздаги барча аҳоли пунктларини, уларга марказ олис ёки яқин бўлишидан қатъи назар, Интернет билан тўлиқ қамраб олиниши электорат кутиб турган ҳодисадир. Интернет тезлигининг 10 баробар оширилиши, IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмининг 5 миллиард долларга етказилиши эса дунёдаги энг ривожланган давлатлар билан тенглашишга қаратилган ҳаракатларнинг яққол ифодасидир.

Асрлар давомида шаклланган эзгу урф-одатларимиз, яъни халқимизнинг имконият топиши билан гўзал иморат кўтариши масаласи ҳам стратегиядан четда қолмаган. Аҳоли учун замонавий уйлар қуриш ҳажмини йилига 25 миллиард долларга етказиш кўрсатиб ўтилган. Ҳудудларда қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар барпо этиш, “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 100 тага етказиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйларни сифатли қуриш, республикада камида 140 минг оилага мўлжалланган ижтимоий уйларни ўрнатилган қонун-қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ўз муддатида битириш ҳам, ўйлайманки, нафақат партиямиз тарафдорлари, балки бутун халқимизни мамнун қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    749
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+