“Яшил энергетика” аввало халқ турмушини янада яхшилаши билан аҳамиятли

17.08.2023, 10:33

“Яшил энергетика” аввало халқ турмушини янада яхшилаши билан аҳамиятли

Етти йил муқаддам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда энергетика соҳасида ҳам янги давр бошланди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологиялар жорий этилишига катта эътибор қаратила бошланди. Ўшанда айримлар: “бу ўткинчи бир кампания” деб ўйлагани ҳам бор гап. Лекин ўтган давр уларнинг янгилишганини кўрсатди. Кейинги йилларда соҳа ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бирин-кетин қуёш ва шамол электр станциялари, кичик ГЭСлар ишга тушириляпти. Энг муҳими, бу борада танланган йўлдан ортга қайтмаяпмиз. Аксинча, ишлар кўлами тобора кенгайяпти, суръати жадаллашяпти.  Ўтган ҳафтада Бухоро шаҳрида Президентимиз раислигида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, республикамизда 430 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилди. Уларнинг ўзи йилига 1,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Бу – ижтимоий соҳа объектлари йиллик истеъмолининг 60 фоизига тенг, дегани.

Албатта, бу ўзгаришлар, ислоҳотлар тараққиётда янги босқичга кўтарилишимиз учун яна бир муҳим омил бўлади.

Қарийб барчага маълум:  табиий газ, нефть, кўмир захиралари чекланган. Уларни қазиб олиш йилдан-йилга қийинлашяпти, шу боис нархлари тобора қимматлашяпти. Устига-устак, мазкур ёқилғилардан фойдаланиш табиатга кўп зиён келтиради.  Аҳоли сони ва турмуш сифати борган сайин ўсаётган,  турли корхоналар кўпаяётган шароитда энг мақбул йўл – қайта тикланувчи  энергия манбаларидан унумли фойдаланиш. Мамлакатимизнинг бу борадаги улкан салоҳиятига кўплаб давлатлар ҳавас қилади. Мисол учун, ўлкамизда йилнинг ўртача 320 куни қуёшли. Доим шамоллар эсувчи ҳудудларимиз, сой, анҳорларимиз ҳам кўп. Халқаро молиявий институтларнинг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия (айниқса, қуёш қуввати)нинг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг. Бу реал эҳтиёжимиздан уч баробар кўп. Демак, имкониятлардан самарали фойдалана олсак, мислсиз ютуқларни қўлга киритамиз.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, “яшил иқтисодиёт”дан нафақат давлат ёки бизнес, балки,  оддий одамлар ҳам фойда кўради, уларнинг ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз беради.  Унинг ижтимоий аҳамияти ҳам шунда.

Биз – O'zLiDeP депутатлари мамлакатимизда “яшил энергетика”ни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалий ишлар билан қўллаб-қувватлаяпмиз. Жумладан, дастурлар доирасида амалга оширилаётган яшил энергетика манбалари  қурилиши жараёнлари бўйича   жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боряпмиз. Корхона ва хонадонларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишга ундовчи тарғибот тадбирларини ташкил қиляпмиз.  

 Ойниса Қаршибоева,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят

кенгаши депутати

  • Кўрилди
    577
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+