Бюджет маблағлари мақсадли ва оқилона сарфланса, жамиятда ва одамлар ҳаётида ўзгариш бўлади

23.08.2023, 15:03

Бюджет маблағлари мақсадли ва оқилона сарфланса,  жамиятда ва одамлар ҳаётида ўзгариш бўлади

Давлат бюджети маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланиши аҳолини энг кўп қизиқтирадиган масалалардандир. Давлат бюджетини тасдиқлаш, ажратилган маблағларнинг тўғри ва самарали ишлатилиши устидан назорат олиб бориш эса парламентнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Шу боис, қўмиталар ҳамда фракциялар томонидан давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан доимий равишда парламент ва депутатлик назорати амалга оширилмоқда.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва “Милллий тикланиш” фракцияларининг қўшма мажлисида, ундан кейин ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йилнинг биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот атрофлича кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш имкониятини берганини кўрдик. Ўзбекистон иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларига эришилган. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 5,6 фоизга ўсган.  

Ҳисобот даврида иқтисодиётда тадбиркорлик фаоллигининг ошганлиги, солиқ ва божхона имтиёзларининг бекор қилиниши натижасида легал фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари сони  ортгани диққатга сазовор.

Шу жиҳатдан, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижросини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ҳукумат эътиборини қуйидаги асосий масалаларга қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз:

Биринчидан, давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини, ҳудудларнинг иқтисодий ўсиш нуқталари бўлган соҳаларни қўллаб-қувватлашни молиялаштиришни тўлиқ ва муддатли амалга ошириш зарур.

Иккинчидан, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш лозим.

Учинчидан, партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кластерлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Шу боис, бюджет ресурсларининг ўз вақтида ажратилиши орқали уларни қўллаб-қувватлаш, қонунчиликда белгиланган субсидияларнинг ажратилиши алоҳида назоратга олиниши керак.

Тўртинчидан, давлатимиз раҳбарининг 18 август куни бўлиб ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бир катор ташаббуслар илгари сурилди. Уларнинг ичида қўшимча ҳар турдаги имтиёз ва янги имкониятлар берилиши кутилмокда. Албатта, янги ташаббусларни бир қисми давлат бюджетига қўшимча юк ва харажатларни назарда тутади. Лекин, бизнинг фикримизча улар саноатимизни янада ривожлантиришга, бошка соҳаларга хусусий инвесторларни кенгроқ жалб килишга ва мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида, иқтисодиётимизни янги ўсиш нуқталарини ишга солган ҳолда давлат бюджетига қўшимча даромадлар олиб келишига асос яратади.

Бешинчидан, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини шунингдек, инфляция даражасини белгиланган миёрларда сақлаб туриш, Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларини таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш лозим.

Олтинчидан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган ривожлантириш ҳамда инвестиция дастурларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш зарур.

Шу нуқтаи назардан, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йилнинг биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлаймиз. Зотан, бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилиши юрт ривожи, жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда муҳим ўрин тутади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикер ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    306
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+