Кўҳна ва навқирон Бухоронинг пешқадам ишбилармон аёллари аниқланди

25.08.2023, 16:24

Кўҳна ва навқирон Бухоронинг пешқадам ишбилармон аёллари аниқланди

Бухоро давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида O'zLiDePнинг “Ишбилармон аёл-2023” кўрик-танловининг ҳудудий республика босқичи ўтказилди.

Мустақиллик йилларида хусусан, кейинги 6-7 йилда жамиятимизда аёл ҳар қачонгидан кўра эъзоз ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Айниқса, тадбиркор хотин-қизлар учун жойларда яратилган кенг имкониятлар, уларнинг эмин-эркин фаолият олиб боришлари учун белгиланган имтиёз ва преференциялар нозик хилқат эгаларини мудом изланишга, ўз устида тинимсиз ишлашга касб-маҳоратини оширишга, эл-юрт маъмурчилиги йўлида барча ишни қилишга даъват этмоқда.

Тадбиркор хотин-қизларнинг изчил фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган O'zLiDePнинг “Ишбилармон аёл” истиқболли лойиҳаси бу борада муҳим аҳамият касб этаяпти. Жумладан, бухоролик аёлларнинг ҳам бизнес соҳасидаги лойиҳаларини ривожлантириш, хусусан хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш, аёлларнинг жамиятдаги мавқеини янада оширишга хизмат қилиб келаётган ушбу кўрик-танловда мана 7 йилдирки, вилоятдаги тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер аёллар ҳам фаол иштирок этиб келишмоқда.

Жорий йилги кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ва ҳудудий республика босқичига йўлланма олган 13 нафар тадбиркор ва ишбилармон аёлларнинг истеъдод, маҳорат ва меҳнатларига талабчан ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳо берилди. Танлов низомига асосан ҳудудий босқич ғолиблари “Ишбилармон аёл-2023” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари ҳисобланадилар.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан фахрли биринчи ўрин тадбиркорликнинг турли йўналишларида бардавом фаолият олиб бораётган ғиждувонлик Иқлима Жўраевага берилди.

-Ғиждувон туманидаги «Фирдавс Ўктам Амон омади» масъулияти чекланган жамиятимизга  “Барака” МФЙ ҳудудидан 33 гектар ер ажратиб берилганлиги бу ерда 1 млрд. сўм ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг 31 минг доллари эвазига экомаскан барпо этиш имконини берди, - дейди ушбу МЧЖ раҳбари, O'zLiDeP фаоли И.Жўраева. - Ҳозирги пайтда экомасканимизда 40 минг тупга яқин турли кўчатлар парвариш қилинмоқда. Дам олувчилар учун юрталар ўрнатилиб, тегишли шароитлар яратилган. Келгусида эса маҳаллий ва хорижий меҳмонлар 5 гектардан иборат сув ҳавзасидан балиқ овлашлари от ва туяларда сайр этишлари мумкин бўлади. Экотуризм маҳаллий аҳолининг фаол ижтимоий-иқтисодий иштирокини таъминлаши ва ушбу фаолият туридан яхшигина даромадга эришилиши билан  эътиборга сазовордир. Бу йилги Тадбиркорлар куни муносабати билан Президентимиз Фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз қатори “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлиги, мени ўз фаолиятимда янги марраларни эгаллашга даъват этиб турибди.

Кўрик-танловда фахрли иккинчи ўрин Ромитан туманидаги “Санобар Самад Жасмина” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари  Санобар Жўраевага насиб этди. Учинчи ўринга эса Вобкент туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Шаҳноза Авезова муносиб деб топилди.

Ғолиб ва совриндорлар O'zLiDeP ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг  диплом, ташаккурнома, шунингдек қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Байрамона тарзда ташкил этилган тадбир давомида янграган куй-қўшиқлар барчага хушнудлик бахш этди.

  • Кўрилди
    574
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+