Сенатор кўмаги билан Вочахни электрлаштириш бошланди

05.09.2023, 15:41

Сенатор кўмаги билан Вочахни электрлаштириш бошланди

Сурхондарё вилоятидаги Вочах қишлоғи денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда Сариосиё тумани марказидан 70 чақирим узоқда тоғлар қўйнида жойлашган. 20 дан ортиқ хонадонда 120 га яқин фуқаро яшайдиган қишлоқ аҳли кўп йиллардан буён турли идоралар, жумладан, Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи тизимларига, марказий телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мурожаат этиб, қишлоқни электрлаштиришда ёрдам сўраб келаётган эди.

Бироқ, мутахассислар олис тоғли қишлоққа симёғочларни олиб бориш имконияти йўқлигини рўкач қилиб, электрлаштиришни ортга суриб келган.  

Жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига O'zLiDePдан сайланган сенатор, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангиновнинг Сариосиё туманида фаоллар ва фуқаролар билан учрашувида вочахликлар қишлоқни электр энергияси билан таъминлаш масаласини яна кўндаланг қўйди.  

Мазкур мурожаатни атрофлича ўрганиб чиққан сенатор тоғли қишлоқни электр энергияси билан таъминлашни ўз зиммасига олди. Юк машиналари қатнайдиган тоғ йўли орқали Карч қишлоғидан электр сим устунлари  ва бошқа зарур материаллар олиб бориладиган бўлди. 100 дона махсус темирдан ясалган устун, электр тармоғи учун 18 минг метр “АС-25” электр узатиш сими, бир дона 160 кВтли трансформатор пункти ажратилди.  

– Турмушни электр энергиясисиз тасаввур этиб бўлмайдиган замонда яшаяпмиз,–дейди ўқитувчи Мирзаумар Мерганов. – Бизнинг ҳам телевизор кўриб, янгиликлардан хабардор бўлгимиз, меҳмон келса ёруғ хоналарда кутгимиз келади. Шу масалада мутасаддиларга мурожаат қилаверганимиздан сўнг ихчам қуёш панеллари ўрнатиб беришди. Бироқ, бу ҳам иш бермади. Тасаввур қилинг: уйда телевизор, мўъжазгина мактабимизда компьютер бор. Афсуски, улардан фойдаланиш учун электр энергияси йўқ. Шу масалада сенатор Абдуғани Сангиновга мурожаат этган эдик, масалага масъулият билан ёндашди. Бизни тўғри тушунди. Мана, аждодларимиз орзу қилган электр чироқлари энди қишлоғимизни ёритадиган бўлди.  

Вочахликларнинг айтишича, бир пайтлар 300 дан ортиқ киши яшаган қишлоқда шароитлар ўнгланавермагач, уларнинг аксарияти туман марказига кўчиб кетган. Айни пайтда тоғлар қўйнида яшаётган аҳоли боғдорчилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланади.  

Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида сенатор ташаббуси билан Карч қишлоғидан 8 чақирим тоғли масофага темир устунларни ўрнатиш бошланди. Мураккаб бу лойиҳани тез, сифатли амалга ошириш учун тоғда ишлайдиган махсус техникалар ва тажрибали мутахассислар жалб этилган.  

Холмўмин Маматраимов

  • Кўрилди
    246
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+