Ботмондек кучни шукуҳли замондан топаман

07.09.2023, 10:47

Ботмондек кучни шукуҳли замондан топаман

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор ҳар қачонгидан юксак. Бунинг исботини ҳар қадамда кузатиш мумкин. Айниқса, гендер тенглигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, хотин-қизларимиз кириб бормаган соҳа қолмади. Буларнинг бари тиниб-тинчимас, оқила, меҳнаткаш аёлларимизнинг фаоллигини янада оширишга катта эътибор қаратилаётганидандир. O‘zLiDeP лойиҳаларидан бири бўлган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ҳам ана шундай мақсадли лойиҳалардан саналади.

Қарийб 15 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман. Дастлаб 12 нафар киши билан иш бошлаган бўлсам, ҳозирги кунда уларнинг сони 185 нафарга етди. Илк пайтлари маҳсулотларимизни атиги иккита, яъни Корея ва Хитойга экспорт қилган эдик. Бугун эса 14 давлат билан ҳамкорлик шартомаларини имзолаганмиз. Уларнинг талаб ва истаклари асосида сифатли товар етказиб бераяпмиз. Фаолиятимиз – саломатлик учун ниҳоятда фойдали ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган қизилмия илдизидан қаламчалар кесиш, тайёрлаш, саралаш ва қутиларга жойлаштиришдан иборат.

Фирмамиз ўзининг “Product of Uzbekistan”, “Made in Karakalpakstan” бренди ва логотипига эга. Бу ном остида тадбиркорлик қилиш ва дунёни забт этиш менга юксак фахр ва ифтихор бағишлайди. Она юртимиз шаъни, обрўсини сақлаш ва танитиш учун ҳам товар ва хизматларимизни сифатли ҳамда талаб доирасида бўлишига интиламиз. Чорвачилик ва боғдорчилик билан ҳам шуғулланамиз. 2020 йил Австриядан Голштейн наслли молларни олиб келган эдик. Ҳозирда халқни арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаяпмиз.

Бугун аҳоли бандлигини таъминлашга нафақат давлат, ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоқда. Қўнғирот, Тахиатош тумани ва Нукус шаҳридаги энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган ишсиз хотин-қизлар билан суҳбатлашиш асносида 33 нафарини касаначиликка жалб этдик. Айни дамда улар шу соҳада банд. Тадбиркор учун ҳар дақиқа ғанимат, ҳар вақт олтинга тенг. У ўз устида муттасил изланиши, тажрибасини орттириб турмоғи даркор. Шу боис тинмай изланаман, чет давлатларда тажриба алмашиб келаман.

Буни қарангки, жорий йил мен учун янада омадли келди: камтарингина меҳнатим юқори баҳоланди. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Президентимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим, “Ишбилармон аёл” кўрин-танловининг республика ҳудудий босқичида ғолиб бўлдим. Тўғри, танлаганимиз осон соҳа эмас, аммо мана шундай эътироф этилганингда тортган барча машаққатларинг унут бўлади. Янада ишлагинг, шу юрт, шу эл корига янада ярагинг келади. Ботмондек кучни мана шундай паллаларда топасан киши. Уларни эзгу амалларга сарфлаш қолади, холос.

Замира ҲОЖАМЕТОВА,

“Kungrad agro – solodka sistem” МЧЖ раҳбари,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси.

  • Кўрилди
    287
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+