Тадбиркор аёл талаба ёшлар билан учрашди

14.09.2023, 11:58

Тадбиркор аёл талаба ёшлар билан учрашди

Яккабоғ туманидаги “SITORA IMKON PLYUS” нодавлат таълим муассасаси раҳбари, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Наргиза Саломова Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институти  талаба ёшлари билан учрашди.

Олийгоҳ мажлислар залида бўлиб ўтган анжуманда сўз олган Наргиза Саломова тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда чеккан машаққатлари, эришган муваффақиятларининг муҳим омиллари, келгусидаги режалари ҳақида сўзларкан, ўтган даврда ўзи раҳбарлик қилаётган нодавлат таълим муассасасида ёшлар воҳада кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали бандликни таъминлаш мақсадида энг чекка қишлоқларда яшовчи хотин-қизлар ва ёшларга тикувчилик, каштачилик, зардўзлик, тўқувчилик, пазандачилик, уй ҳамшираси, компьютер саводхонлиги, замонавий элита пардалар тикиш, гиламчилик, сартарошлик ва шунга ўхшаш бир қанча касб-ҳунарларни ўргатиб келаётганлиги, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, кам даромадли ҳамда боқувчисини йўқотган оила аъзоларини бепул касб-ҳунарга ўргатишни  йўлга қўйганлигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, мазкур муассасада ўтган даврда 21 мингдан ортиқроқ ёшлар ва хотин-қизлар касб-ҳунарли бўлиб,  вилоятнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларида фаолият олиб боришаётир. “Аёллар дафтари”га киритилган 150 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 200 нафар ишсизларга касб-ҳунар ўргатилди.   Уларнинг аксарияти ишли бўлиб, ҳаётдан мамнун ҳолда эл-юрт хизмат қилишиб, рўзғорларига барака киритишаяпти.  Тадбиркор аёл Халқ депутатлари  туман Кенгаши депутати сифатида сайлов округидаги фуқароларнинг мурожаатлари асосида ҳудуддаги  муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида фаоллик кўрсатмоқда. 

–  Ҳар қандай ишда муваффақиятга эришишнинг асосий омиллари изланиш, саъй-ҳаракат, машаққатли меҳнат, энг асосийси, омилкорлик билан иш юритишда, - деди яккабоғлик тадбиркор аёл. – Тадбиркорлик бу таваккалчилик десам ишонаверинг. Иш фаолиятимни бошлаганимда жуда кўп заҳмат чекканман. Аммо қанча қийинчилик бўлмасин, мақсадимдан қайтмадим. Бугун сизлар учун барча имкониятлар бор. Тадбиркорлик фаолиятидаги хавф-хатарларни холис баҳолаш учун бўлажак тадбиркор ўзининг бошланғич маблағлари ҳисобига бизнесни қуриши жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Бугун ўз маблағлари етарли бўлмаган ёшларга кредит ва субсидиялар молиявий кўмак бераётир. Субсидиянинг кредитдан фарқи шундаки, у давлат томонидан маълум бир соҳаларни ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади. Аммо тадбиркор ажратилган субсидиядан мақсадли фойдаланмаса,  суиистеъмол қилинганлиги аниқланса, давлат қонунчиликда кўзда тутилган тартибда уни қайтариб олади.

Вилоятимизда ўтган етти йил мобайнида саноатни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Воҳа иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш асносида янги-янги корхоналар ишга туширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Партия электорати бўлган тадбиркорлар, фермерлар  фаолиятини асоссиз текширувларга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ёшлар ва хотин-қизларнинг ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. Натижада, тадбиркорлар сони олти баробарга кўпайиб, маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланди. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонимизнинг нурли истиқболи, жамият фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

 Учрашув сўнгида Наргиза Саломова ёшларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар қайтарди.

Улуғбек ЖАВЛИЕВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Ёшлар ва бизнес тузилмалар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    299
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+