Тиббиётни 100 фоиз рақамлаштириш бизга нима беради?

25.09.2023, 16:29

Тиббиётни 100 фоиз рақамлаштириш бизга нима беради?

Бугунги кунда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантираётган асосий омиллардан бўлиб, кўплаб мамлакатларда оммалашмоқда. Негаки, унинг ёрдамида аҳолининг вақти, моддий ресурслари тежалади. Уйида ўтириб клиникани, шифокорни танлаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, тиббий хизматлардан тенг ва осон фойдаланади. Онлайн теледиагностика юртдошларимизга уйидан чиқмасдан туриб энг илғор маҳаллий ва хорижий экспертлар маслаҳатини олиш имконини беради. Натижада беморларнинг вақти ва маблағи тежалиб, йўлкира ва бошқа қийинчиликлардан қутулади.

Давлатимиз раҳбари қарори билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳам айнан тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришни 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Сўнги йилларда тиббиёт соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида айнан рақамлаштириш, яъни телетиббиётни жорий қилиш бўйича кўплаб ўзгаришларга қўл урилди. Биргина Сурхон воҳасида ҳам тиббиёт марказлари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлангани натижасида юрак жарроҳлик операциялари тиғсиз ўтказиладиган бўлди. Буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, вилоят марказидаги поликлиникаларда онлайн қабул амалиёти жорий қилинди. Секин-асталик билан улар туман тиббиёт бирлашмаларига ҳам кўчирилмоқда. Биргина Жарқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси билан вилоят Кардиология маркази ўртасидаги ҳамкорлик натижасида юрак қон-томир касаллиги билан келган беморларнинг ЭКГ нусхалари тўғридан тўғри юборилиб, тез фурсатларда оғир аҳволдаги беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси, ушбу касаллик билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайишига сабаб бўлмоқда.

Стратегияда белгилангани каби тиббиёт тизимини тўлиқ рақамлаштириш нафақат юртимиз, балки ҳар қандай давлат учун хос бўлган қатор муаммолар, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли тиббиётнинг мавжуд эмаслиги масаласини ҳал қилиш учун кенг майдон ва имконият очади. Бу борада АҚШ, Япония, Буюк Британия, Германия, Австралия, Греция, Ирландия, Испания, Канада, Франция, Швеция, Швейцария каби давлатлар анча илғор. Шунингдек, Россия, Украина, Беларус, Mолдова, Грузия, Арманистон, Қозоғистонда ҳам телетиббиёт бўйича кўплаб лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.

Қолаверса, стратегияда аҳолининг ўртача умр кўриш ёши 73 ёшдан 78 ёшга етказилиши ҳам белгилаб қўйилди. Бунинг учун энг аввало, соғлом турмуш тарзини таъминлаш масаласи кўндаланг туради. Шу боис, стратегияга кўра, тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажми 2 баробарга оширилади. Онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлим 2,5 баробарга  камайтириш, сил касаллиги билан касалланиш даражасини 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги  34 нафардан кескин камайтириш чоралари кўрилади.

Меъёридан ортиқ туз истеъмол қиладиган аҳоли улушини 32 фоизга, етарлича жисмоний фаолликка эга бўлмаган аҳолини 22 фоизга, ортиқча вазнга ва семизликка эга катта ёшдаги аҳолини тегишинча 32 фоиз ва 23 фоизга қадар камайтирилади. 5 ёшгача болалар орасида бўй ўсиши кечикиши мавжуд бўлганлар, вазн оғирлиги етишмаслиги мавжудлар ва ортиқча вазни мавжуд улушини эса ўртача 2 баробарга камайтиришга бел боғланади.

Буларнинг барчаси, шу юртда яшаётган катаю кичикнинг соғлом бўлиб яшаши учун кенг имконият яратади. Албатта, аҳолимизнинг ўзи ҳам ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги, биз ҳам доим ўзимиз ва яқинларимизнинг соғлиги учун қайғуришимиз лозим бўлади.

Гулбаҳор ТАНГИРОВА,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    649
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+